Жамият | 17:00 / 16.09.2019
13728
6 дақиқада ўқилади

Қаршидаги маҳалла муаммолари ечим топмади: ўқувчилар бу йил ҳам лой кечиб мактабга қатнайди(ми?)

Kun.uz таҳириятига Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳридаги «Отчопар» маҳалласидан мурожаат йўлланди.

«Обод маҳалла» дастурига киритилган маҳалламизда ободликдан асар ҳам йўқ. Ҳамма ишлар чала ва расво. Энди ёмғир ёғса яна фарзандларимиз шундай лой кўчаларда мактабга қатнайдими? Бизга шу масалада ёрдам беринг», — дейилади мурожаатда.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиб, мавжуд муаммоларни кўздан кечирдик.

Таъкидлаш жоизки, бу маҳалладаги ҳолат шу йилнинг апрель ойида ҳам ўрганилган эди ва Kun.uz сайтида «Лой кўчалар ва хавфли симёғочлар. Қаршидаги маҳалланинг муаммоларига ечим борми?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

«Маҳалламиздаги Мустақиллик кўчасининг 5–22 кварталлари орасидаги йўллар ботқоққа айланди. Фарзандларимиз узоқдаги мактабга бориб келишга қийналишмоқда. Сабаби, бу ерда мактаб ҳам, боғча ҳам йўқ. 3–4 километр наридаги мактабга қатнашга мажбур. Ўзимиз юришга қийналаётган бундай ботқоқ йўлда фарзандларимиз қандай юрсин? Яна бир муаммомиз бу электр энергиясидир. Симёғочлар талабга жавоб бермайди. Шу ердаги аҳоли пул йиғиб, қўлбола қилиб ўрнатганмиз», — дея ўз эътирозларини айтганди Бекзод Сатторов.

Ўрганишлар давомида йўллар ҳолати ҳақиқатан ҳам ачинарли эканига гувоҳ бўлгандик, сув ва лойга айланган йўллардан мактабга қатнайдиган болалар аҳволини ҳис қилгандик.

Шунингдек, симёғочлар жуда паст жойлашгани ва аҳоли учун хавф туғдирадиган даражадалиги, бу симёғочларни аҳоли ўз маблағлари ҳисобига қўлбола қилиб ўрнатиб олгани маълум бўлган эди.

Қизиғи, маҳалланинг ушбу қисмидаги аҳоли хонадонлари ва кўчалар устидан юқори кучланишли электр энергияси тармоғи ўтган. Бу умуман мумкин бўлмаган ҳолат. Юқори кучланишли электр энергияси тармоғи сабабли аҳоли доимо хавфда яшашга мажбур. Аҳолига қандай тартибда, қандай ҳолатда бундай тарзда уй қуришга рухсат берилгани, ер ажратилгани тушунарсиз ҳолат. Хавфсизлик талаблари умуман ҳисобга олинмаган.

«Албатта, аҳоли билдираётган эътирозлар ўринли. Йўллар абгорлигини кўриб турибмиз. Аммо мазкур маҳалла шу йилги «Обод маҳалла» дастурига киритилган. Дастурда маҳалланинг 11 километр ички йўли иккинчи чораккача муддатда таъмирланиши белгилаб қўйилган. Айни вақтда ёғингарчилик туфайли йўлларда таъмирлаш ишларини олиб боришнинг имкони йўқ. Симёғочлар ва юқори кучланишли электр тармоғи остига уй ва йўллар қурилиши масаласига келсак, бу ҳолат шаҳарнинг аввалги мутасаддилари айби билан юзага келган. Мумкин бўлмаган муҳофаза ҳудудидан уй-жой учун ер ажратиб беришган. Тегишли ҳужжатлар тайёрлаб берилган. Аҳоли шу асосида уй-жойлар қуришган. Бундай ҳолатга йўл қўйганлар тегишли жавобгарликка тортилган. Энди эса бутун маҳаллани кўчиришнинг имкони йўқ», — дея ушбу ҳолатларга изоҳ берганди Қарши шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси.

Маҳалладаги хавфли симёғочлар ва юқори кучланишли электр тармоғи ҳақида Қарши шаҳар «Электр таъминот» корхонаси мутасаддиси Шуҳрат Худойбердиев билан ҳам суҳбатлашгандик.

«Аҳоли ўзлари ўрнатиб олган симёғочлар корхона балансига олинмаган. Аммо бу муаммодан хабаримиз бор. Бу борада тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Юкламани камайтириш учун дастур асосида қўшимча трансформатор ўрнатилиши режалаштирилган. Симёғочларни алмаштириш чоралари ҳам кўрилади. Юқори кучланишли электр тармоғига келсак, тегишли тартибда муҳофаза ҳудуди ер ажратилишида ҳисобга олиниши керак эди. Ҳақиқатан ҳам бу ҳолат мумкин эмас ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайди», — дея изоҳ берганди мутасадди.

Ўрганиш давомида Қарши шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари маҳалладаги мавжуд муаммоларнинг ижобий ечими бўйича ваъдалар беришганди. Айрим масалалар манзилли дастурларга киритилиб, муддатлари белгилангани маълум қилинганди.

Афсуски, такрорий мурожаат асосида ўрганиш олиб борганимизда берилган ваъдалар ваъдалигича қолганига, маҳалладаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун бирор амалий ҳаракатлар қилинмаганига гувоҳ бўлдик.

Ўша таъмири чала қолган кўчалар ёғингарчилик кунлари сув ва ботқоққа айланиши муқаррар. Электр энергияси ва хавфли симёғочлар ҳали ҳам ўша ҳолатда.

«Обод маҳалла» дастурига киритилган маҳаллада аҳолининг эътирозлари, норози кайфияти, чанг кўчалар-у талабга жавоб бермайдиган симёғочлардан бошқасини кўрмайсиз. Ободлик шуми?

Ушбу масала юзасидан Қарши шаҳар ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Улуғбек Авазовдан ҳам изоҳ сўрадик. Мутасадди муаммоларни бартараф этиш юзасидан ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Қашқадарё вилоятида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳҳалла» дастурларини амалга оширишда етарлича муаммолар борлиги кўзга ташланмоқда. Бу айнан шу масалаларда таҳририятга йўлланаётган мурожаатлардан ҳам кўриниб турибди.

Kun.uz Қашқадарё вилояти, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари мутасаддилари дастурлар асосида амалга оширилаётган лойиҳалардаги бу каби муаммоларга жиддий эътибор қаратишига ишонч билдиради ва лозим бўлса бу мавзуга яна қайтади.

Бардошбек САМАД ўғли,
«Kun.uz» мухбири

Ғолиб Абдусаломов
Тайёрлаган Ғолиб Абдусаломов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид