Жаҳон | 08:18 / 17.09.2019
6016
2 дақиқада ўқилади

Жонсон норози намойишчилар сабабли Люксембургдаги брифингдан бош тортди

Фото: AFP/Getty Images

Британия бош вазири Борис Жонсон норози намойишчилар сабабли люксембурглик ҳамкасби Ксавье Беттел билан матбуот анжуманидан кетиб қолди.

16 сентябрда Жонсон Люксембургга ташрифи вақтида Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкер ва Люксембург бош вазири билан музокаралар ўтказган. Учрашувдан кейин икки давлат бош вазирлари минбарлардан туриб баёнот беришлари керак эди.

Бироқ музокаралар ўтган бинодан чиқиш вақтида Жонсон намойишчилар томонидан ҳуштакбозлик билан қабул қилинган. Улар “Шармандалик, шармандалик” деб ҳайқиришган. Шундан кейин Жонсон тансоқчилари ва ёрдамчилари қуршовида автомобили ёнига, Беттел эса брифингга йўл олган.

Люксембург бош вазири брифинг вақтида музокаралар натижаларидан қониқмаслик билдирган ва Жонсонни Brexit бўйича ечим топишга чақирган.

“Вақт кетяпти, гапиришни бас қилиб, ҳаракатни бошланг”, деб айтган Беттел ёнида бўш турган минбарга ишора қилиб.

У, шунингдек, на Еврокомиссия, на Европа Иттифоқининг 27 та давлати “ҳозирги алғов-далғовлик учун жавобгар бўлмаслигини” айтган. 

Жонсоннинг “қочиб қолиши” кинояларга ҳам сабаб бўлди. 

Мавзуга оид