Ўзбекистон | 16:04 / 20.09.2019
18936
3 дақиқада ўқилади

Монополияга қарши қўмита маиший техникани Ўзбекистонга олиб кириш бўйича чекловларга қарши чиқди

Фото: Ўзстандарт

Монополияга қарши курашиш кўмитаси «Ўзстандарт» агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва истеъмол маҳсулотлари мувофиқлигини баҳолаш бўйича ишларни такомиллаштириш, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти субъектлари учун қулай шарт-шароитларни яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳасини ўрганиб чиқди.

Қўмита матбуот хизматининг хабар беришича, лойиҳада жисмоний ва юридик шахслар, тадбиркорлик субъектлари манфаатларига алоқадор, шунингдек, рақобат муҳитига таъсир кўрсатадиган бир қатор ҳолатлар назарда тутилган.

Хусусан, лойиҳанинг 2-бандида айтилишича, маҳсулотнинг муайян тури (синов тури) бўйича аккредитацияланган синов лабораторияси (маркази) сертификатлаш вақтида йўқ бўлса, сертификатлаштириш органи ўз натижаларининг объективлигини таъминлайдиган синов ўтказиш жойи ва шартларини аниқлаши мумкин.

Қўмита вакилларининг фикрига кўра, сертификатлаш бўйича орган хоҳишига кўра синов лабораториясини танлаш, шунингдек, буюртмачининг иштирокисиз синов шартларини аниқлаш коррупцияга олиб келиши мумкин.

Шундан келиб чиқиб, қўмита буюртмачи билан келишган ҳолда сертификатлаштириш бўйича орган томонидан синов ўтказиш имконияти, жойи ва шартларини аниқлашни таклиф қилди.

Бундан ташқари, лойиҳа билан энергия истеъмол қиладиган маҳсулотларни республика ҳудудида эркин муомалага чиқариш назарда тутилган. У 2-иловага кўра 2020 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида камида битта хизмат кўрсатиш маркази бўлса, ишлаб чиқарувчи заводнинг расмий вакиллари (расмий дилерлар) томонидан амалга оширилиши керак.

Ушбу чоралар ишлаб чиқарувчи заводнинг (тадбиркорлик субъектининг) қўшимча харажатларига, бозор иштирокчиларининг қисқаришига олиб келиши ва истеъмолчиларнинг манфаатларига таъсир қилиши мумкинлигидан келиб чиқиб, қўмита ушбу бандни чиқариб ташлаш тўғрисида таклиф киритди.

Шу тариқа, Монополияга қарши курашиш кўмитаси юқоридаги бандларни қайта ишлаш бўйича тегишли тавсияларни ишлаб чиқувчи - «Ўзстандарт» агентлигига юборди.

Бундан олдин, Ўзбекистон ишлатилган маҳсулотлар импортини тақиқлаб қўйиши мумкин экани хабар қилинганди.

Мавзуга оид