Ўзбекистон | 13:53 / 21.09.2019
5282
3 дақиқада ўқилади

«Донгуз» полигонида «Марказ—2019» ҳарбий ўқувларининг асосий фазаси бўлиб ўтди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

20 сентябрь куни “Донгуз” полигонида (Оренбург вилояти) “Марказ—2019” стратегик қўмондонлик-штаб ўқувларининг асосий фазаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ҳарбий контингенти ҳам иштирок этди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабарига кўра, “Марказ—2019” стратегик қўмондонлик-штаб ўқувлари Россия Федерацияси Қуролли Кучларида тезкор (жанговар) мажмуавий тадбирларининг якунловчи босқичи ҳисобланади. Ўқувлар давомида халқаро терроризмга қарши кураш ва Марказий Осиёнинг стратегик йўналиш бўйича ҳарбий хавфсизликни таъминлаш муаммоларини ҳал қилишда коалиция қўшинлари (кучлари)дан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.

Ўқув машғулотларининг актив фазасини Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ва Қирғизистон Республикаси Сооранбай Жээнбеков, иштирокчи давлатларнинг мудофаа идоралари вазирлари, хориж қуролли кучлари вакиллари кузатиб борди. Ўқувларнинг асосий эпизодларини бир кун олдин Россияга етиб келган Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов ҳам бевосита кузатиб борди.

Эслатиб ўтамиз, ўқувларда ҳамкорликдаги ҳаракатларни амалга ошириш учун Хитой, Покистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳарбий контингенти жалб этилди.

Стратегик қўмондонлик-штаб ўқувларига 128 мингга яқин ҳарбий хизматчи, 20 мингдан ортиқ ҳарбий техника ва 600 га яқин учиш аппаратлари, шунингдек, 15 та таъминот кемалари қатнашди.

Майор Маъмуржон Хамидов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳарбий контингентининг взвод-тактик гуруҳи Тожикистон ҳарбий хизматчилари билан биргаликда алоҳида ажратилган ҳудудни блокировка қилиш, шундан сўнг шартни террорчилар гуруҳини яксон этиш машғулотини бажарди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбий хизматчилари ўзларининг давлатлари ҳудудида шартли равишда амалий ҳаракатлар қилдилар.

Ўқувларнинг асосий фазаси якунида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу фаол иштирок этган ҳарбий хизматчиларни “Жанговар ҳамдўстликни мустаҳкамлаш йўлида” медали билан тақдирлади. Тақдирланганлар орасида уч нафар ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар ҳам бор — подполковник Марат Зарипов, сержант Ғайрат Донаев ва шартнома бўйича ҳарбий хизматчи Нурбек Исмоилов.

Мавзуга оид