Жаҳон | 20:37 / 25.09.2019
27009
2 дақиқада ўқилади

Оқ уй Трампнинг импичментига олиб келиши мумкин бўлган суҳбат матнини эълон қилди 

Оқ уй сайтида АҚШ президенти Дональд Трампнинг украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский билан телефон суҳбати матни эълон қилинди. Суҳбат Зеленскийнинг инаугурациясидан кейин, 25 июлда бўлиб ўтган.

Суҳбат матни 5 саҳифа жой олган. Унда матннинг ошкор қилинишини талаб қилган АҚШнинг собиқ вице-президенти Жо Байденнинг номи бир неча марта тилга олинган. Стенограмма суҳбат вақтида Трамп кабинетида бўлган Оқ уй ходимлари ёзувлари асосида тузилган.

Ҳужжат Трамп Зеленскийдан Жо Байденнинг ўғли ишини тергов қилишни сўраганидан далолат беради. Бироқ АҚШ матбуотининг таъкидлашича, Трамп суҳбат вақтида тергов ўтказилишини Украинага ёрдам ажратилиши билан боғламаган. 

«Яна бир нарса. Байденнинг ўғли ҳақида Байден Украинада тафтишни тўхтатгани ҳақида гаплар юрибди ва кўплаб одамлар бу ҳақида билишни истайди. Шу сабабли, сиз бу борада бош прокурор билан қила оладиган барчаси яхши бўларди», деган Трамп суҳбат вақтида Зеленскийга.

«Байден тафтишни тўхтатганини айтиб мақтаниб юрган. Шу сабабли сиз бу билан шуғулланишингиз мумкин», деб давом эттирган АҚШ президенти. 

Зеленский бунга жавобан бундан хабари борлигини ва Украинанинг янги бош прокурори бу иш билан шуғулланишини айтган.

Трампнинг Зеленский билан суҳбати АҚШ ОАВда катта шов-шув келтириб чиқарди. Трамп суҳбат вақтида Зеленскийни Хантер Байденга нисбатан тергов бошлашга кўндиришга ҳаракат қилгани ҳамда бу борада адвокати Руди Жулиани билан ишлашга чақиргани маълум қилинганди.

Мавзуга оид