Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мадрид дербиси, Гвардиола жамоаси Ливерпулда ва бошқалар. Энг муҳим ўйинлар анонси
Ҳафта давомида ҳам кучли бешлик чемпионатларида навбатдаги тур ўйинлари ва кубок мусобақалари бўлиб ўтди. Кечадан эса, яна бир футбол ҳафтасига старт берилди. Келаси ҳафтада еврокубок ўйинлари ҳам борлиги боис, асосан Чемпионлар Лигасида қатнашадиган клублар ўз ўйинларини бугун ўтказадилар. Улар ичида энг қизиқлари ҳақида қисқача маълумотларни тақдим этамиз.
ЭВЕРТОН – МАНЧЕСТЕР СИТИ (28 сентябрь, 21:30)

Бир қизиқ ҳолат бор. Аслида «Эвертон» манчестерликлар учун жуда ноқулай рақиб. Масалан Гвардиола илк мавсумидаги ушбу стадионга сафар ҳисобидаги мағлубият билан тугаганини ҳам эсласангиз керак. Пеп Англия Премьер Лигасидаги дастлабки тўрт ўйинда «Эвертон» устидан ғалаба қозона олмаганди. Бошқа тарафдан, қизиғи, «Манчестер Сити» айнан «Ливерпуль» билан чемпионлик пойгасига киришган пайтларда «Эвертон» унчалик қаршилик кўрсатмайди. Ҳатто жамоа мухлислари ҳам «Ливерпуль» чемпионлигини шу қадар исташмайдики, уй ўйинларида меҳмонларга мухлислик қилган пайтлари ҳам бўлган. Масалан, ўтган мавсумда «Эвертон» «Ливерпуль» билан ўйинда очко олишга муваффақ бўлган, «шаҳарлик»ларга эса, ҳар икки ўйинни бой берганди.
Аммо бу сафар ҳолат бироз бошқача. Биринчидан, ҳали мавсум боши, ундай ҳисоб китобларга ўрин йўқ, иккинчидан эса, «Эвертон» АПЛ да охирги икки ўйинни, сўнгги тўрт ўйиндан учтасини бой берди. Рақиблар ҳам топ клублар эмас, «Борнмут», «Шеффилд» ва «Астон Вилла» эканини эътиборга олсак, жамоа мухлислар қаршисида ўзини оқланиб олиш учун яхши имконият. Зеро, ёздаги актив трансфер ойнасидан сўнг, «Эвертон»дан ҳатто кучли олтилик билан рақобатлаша олишни кутишганди. Жамоа таркибида Кин, Мина, Динь, Шнайдерлин, Калверт-Левин, Гомеш каби ўз вақтида топ клубларда тўп сурган тажрибали футболчилар бор. Шунингдек, сўнгги мавсумларни «Манчестер Сити» сафида ўтказган Фабиан Делф ҳам собиқ жамоасига қарши ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Хуллас, ҳар икки томонда ҳам фақат ғалаба учун майдонга тушишга мақсад ҳам, маҳорат ҳам етарли.
Жароҳатларга келсак, мезбонлар сафида Андре Гомеш майдонга туша олмайди. Пеп Гвардиола учун эса, ҳақиқий бош оғриғи марказий ҳимоя бўлиб турибди. Ушбу позициядаги асосий футболчилар жароҳатланишган. Лекин ўтган турда Фернандиньо бу амплуада ҳам анча ишончли ҳаракат қилди, Отаменди эса, ҳатто гол уришга муваффақ бўлди. Бу янги, вақтинчалик тандем энди сафар ўйинида, ҳақиқий босим қаршисида қандай ўйин кўрсатишлари қизиқ бўлса керак. Балки, Кайл Уолкер марказий ҳимояга қайтар? Унинг уч ҳимоячи схемасида ва Англия терма жамоасида марказий ҳимоячи сифатида ҳам тажрибаси бор.
АТЛЕТИКО – РЕАЛ МАДРИД (28 сентябрь, 23:55)

Мадрид дербисига жамоалар турлича кайфиятда келишмоқда. Ёзда таркибда ўзига яраша авлодлар алмашинувини амалга оширган «Атлетико» мавсумни жуда яхши бошлаб, қаторасига уч ўйинда ғалаба қозонганди. Аммо охирги ўйинларда ўйинда ишончсизлик пайдо бўлди – дастлаб Сосьедадда 0:2 мағлубият қайд этилган бўлса, ўз майдонида «Сельта»га қарши ўйинда ҳисоб очилмади. «Мальорка»да ғалаба қозонилган бўлса-да, йўқотилган очколар «Реал»нинг турнир жадвали бошига чиқиб олишига имконият яратди.
Париждаги оғриқли мағлубият Зидан жамоасига ижобий таъсир этгани кўриниб турибди. «Реал» охирги икки ўйинни ғалаба билан якунлади, бунинг устига бу ўйинларда рақиблар Куртуа дарвозасига бирорта ҳам аниқ зарба бера олишмади. Рақиблардан бири доимо ўз майдонида «Реал»ни енгиб келган «Севилья» эканини эътиборга олсак, ниҳоят, «Реал» ишончли ўйинини топаётганини айтиш мумкин. «Атлетико»га қарши ўйин мана шу фаразнинг тўғри ёки тасодиф эканини исботлаши мумкин.
Ўйин келаси ҳафта бўладиган Чемпионлар Лигаси олдидан ўтаётганини ҳам айтиб ўтиш лозим. «Реал» ўз майдонида анча енгилроқ рақиб – «Брюгге»га қарши ўйнайди. «Атлетико» эса, сафарда «Локомотив» билан тўп суради. Илк ўйинда йўқотилган очко, русларнинг эса, сафарда ғалаба билан қайтганликлари бу ўйиннинг аҳамиятини ошириши шубҳасиз. Хуллас, «Атлетико» учун жуда оғир ҳафта бошланмоқда.
Таркиблар борасида мезбонлардан фақат Алваро Мората дисквалификация қилинган. Лекин Диего Коста ниҳоят ўз ўйинига қайтаётгани Моратанинг таркибдаги ўрнига ҳам хавф солиши турган гап. Меҳмонлар таркибида эса, Иско ва Лука Модрич ниҳоят машғулотларга қайтишди. Уларнинг бу ўйинга қанчалик тайёр бўлишлари қоронғу, лекин ҳеч бўлмаса, захира ўриндиғида бу футболчиларнинг бўлиши мураббий вариантларини кўпайтиради.
Агар фақат Ла Лига ўйинларини эътиборга олсак, «Атлетико» рақиби устидан 2015 йилда ғалаба қозонган. Шундан сўнг икки марта дуранг, икки марта «Реал»нинг ғалабаси қайд этилган. Аммо шу билан бирга, мана шу ёздаги ўртоқлик ўйинини ҳам эслаб ўтиш мумкин. «Атлетико»нинг 7:3 ҳисобидаги ғалабаси кўпгина «Реал» мухлисларини шок ҳолатга тушириб қўйганди.
СЕВИЛЬЯ – РЕАЛ СОСЬЕДАД

Сосьедадликларнинг кейинги ҳар ўйини мухлисларни қизиқтириши табиий. Зеро, охирги ўйинларда кўрсатилган натижалар жамоага яхшироқ эътибор қаратишни тақозо қилади, ким билади, балки, олти йил олдингидек, яна Чемпионлар Лигасида тўп суриш насиб қилар? Алгуасил шогирдлари кимсан «Атлетико» дарвозасига жавобсиз икки гол урдилар, кейин эса, қийин «Мальорка» сафари ишончли ғалаба билан якунланди. Ўтган турда «Алавес» устидан қозонилган йирик ғалаба баскларнинг бугунги спорт формаси жуда юқори эканини кўрсатди. Умуман Баскониянинг икки жамоаси ҳам мавсумни кучли бошлашди. «Сосьедад» қаторасига қўлга киритилган шу уч ғалабадан сўнг, турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилиб олган бўлсалар, «Атлетик» тўртинчи ўринда ва Лигада ҳали мағлубиятга учрамаган икки жамоадан бири бўлиб турибди.
«Севилья» эса, аксинча, ажойиб стартдан (уч ўйинда уч ғалаба) сўнг, уч ўйиндан бери ғалаба қозона олмаяпти ва пешқадамликдан турнир жадвали ўрталарига тушиб кетди. Хуллас бу ўйинда мезбонлар сўнгги натижалар тасодиф эканини, меҳмонлар эса, аксинча, сўнгги натижалар тасодиф эмаслигини исботлаш учун саф тортадилар. Умуман Андалусия ва Баскония қарама қаршилигининг ўзи ҳам бизга жуда шиддатли ўйин ваъда қилади. Яна бир ўхшаш жиҳат – «Севилья» сўнгги йилларда «Реал»нинг кушандаси сифатида ном қозонган бўлса, «Сосьедад» «Барселона» учун энг ноқулай рақиб ҳисобланиб келади.
Ўзаро ўйинларга қараганда, тенглик ҳукмрон. Сўнгги 18 ўйинни оладиган бўлсак, «Севилья» 8 бор, «Сосьедад» эса, 7 марта ғалаба нашидасини сурган. Уч ўйиндан бери андалусликларнинг қўли баланд келмоқда. «Писхуан»да ўтган охирги ўйинда эса, мезбонлар 5:2 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Таркиблар бўйича йўқотишлар сезиларли эмас. Мезбонлардан ҳимоячи Серхио Регилон ошқозон касали туфайли сўнгги машғулотларни ўтказиб юборди. Қизиғи, «Сосьедад» таркибида ҳам касал бор. Андер Барренечеанинг томоғи оғриётган экан. Булардан ташқари, Асьер Ильярраменди йил охиригача сафдан чиққани кўпчиликка маълум бўлса, меҳмонларнинг яна бир футболчиси Модибо Сагнан машғулотларни бошлади. Лекин бу ўйинда қанчалик тайёр экани аниқмас.
МИЛАН – ФИОРЕНТИНА

А Сериядан қизиқарли учрашув ахтариб, шу ўйинда алоҳида тўхталишни лозим топдик. Аслида ҳар икки жамоа турнир жадвалининг иккинчи ярмида юришибди, балки айнан шу жиҳат бу учрашувнинг мухлисларбоп бўлишини таъминлаши мумкин. Чунки ҳар икки жамоа ҳам ёзда жуда фаол трансфер сиёсатини олиб борган, ушбу мавсумдан жуда кўп нарса кутишаётганди. Франк Риберининг Флоренцияга ташриф буюриши ҳам кўп нарсадан дарак беради. Демак, дастлабки турлардаги натижалар ҳар икки жамоа мураббийини қийин аҳволга солиб қўйган ва фақат чиройли ўйингина уларни қутқариб қолиши мумкин. Ҳар икки мураббий ҳам ҳужумкор, ишончли ўйин кўрсатиб, раҳбарлар олдида, ишлар тўғри йўлда кетаётганини исботлашлари керак. Шунчаки киритилган уч очко истеъфони бироз кечиктириши мумкин, холос.
«Милан»нинг дербидаги мағлубиятини сал тушуниш мумкин, аммо «Торино» устидан учралган мағлубият 5 турда учинчиси бўлди. «Фиорентина» эса, ўтган турга келибгина, мавсумдаги илк ғалабасига эришди. Аммо «Ювентус» билан дуранг қайд этилганини ҳам флоренцияликлар активига ёзиб қўя оламиз. Натижа ва рақибларнинг таркиби нуқтаи назаридан қарасак, шунингдек, ўйин Миланда бўлаётганини ҳисобга олсак, учрашувда айниқса, «Милан»га босим катта бўлади.
Қизиғи, рақибларнинг ўтган мавсумдаги ҳар икки ўйини бир хил – 1:0 ҳисобида якунланган ва ҳар икки ўйинда ҳам меҳмонларнинг қўли баланд келган. Ундан олдин «Сан Сиро»даги қаторасига уч ўйинда «Милан» уч очкони қўлга киритишнинг уддасидан чиққан эди.
Таркиблар ҳақида фикр юритсак, мезбонлар сафида Лукас Пакета машғулотларни бошлади ва балки жамоасига ёрдам бериш имконига эга бўлиши мумкин. Маттиа Калдара эса, кейинги ойнинг охирида сафга қайтади. Хосе Рейна дисквалификация туфайли учрашувда қатнаша олмайди. Меҳмонлар таркибида ўйинда майдонга туша олмайдиган футболчи бир нафар – даниялик ҳимоячи Якоб Расмуссен.
МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – АРСЕНАЛ (30 сентябрь, 23:55)

Янги аср бошларигача, то Абрамовичнинг «Челси»си, кейинчалик, «Манчестер Сити» грандлар сафида пайдо бўлгунча, бу қарама қаршилик Англия футболининг ўзига хос классикасига айланган, бу ўйин натижаси чемпионлик пойгасида катта аҳамият касб этарди. Афсуски, ҳозир ундай эмас, энди бу ўйин нари борса, кучли тўртлик учун курашда марказий деб аталиши мумкин холос. «Арсенал» Венгердан кейин ўз йўлини топиб олишга ҳаракат қилмоқда, «Манчестер Юнайтед» эса, анча йиллардан бери, ўзини ахтариш билан банд. Ҳар икки жамоа таркибида бир қатор ёшлар бор, ҳар икки жамоа сўнгги йилларда етакчи, тажрибали футболчилардан айрилишди. Хуллас, ўхшаш мақомда бўлган икки жамоа ўртасидаги ўйин салобатдан кўра, яхшигина томошани тақдим этса ажаб эмас.
«Арсенал»нинг ҳужум чизиғи Лигада энг яхшилардан бири, ҳатто Александр Ляказетт каби футболчилар ҳам захирада қолмоқда. «Манчестер Юнайтед» эса, аксинча, Лукаку ва Санчес кетгач, ишонилган ёш ҳужумчилар ҳам жароҳат олишди ва бу борада муаммолар бор. Бошқа тарафдан эса, агар ҳимоя чизиғини оладиган бўлсак, «МЮ» ҳимоячилари Лигада етакчи, «Арсенал»га ҳавас қилиб бўлмайди. Қизиқ бўлади – бир дарвоза олдида лиганинг энг яхши ҳужумчилари ва ҳимоячилари кураш олиб борса, нариги томонда ҳимоячиларнинг кетма-кет хатоларини голга айлантира олмаётган ёш ҳужумчиларни кўрсак ажаб эмас.
Таркиблар борасида, юқорида тилга олинган Ляказет ҳатто захирадан ҳам туша олмайди, унинг жароҳати бор. Шунингдек, ўтган турда қизил карточка олган Мэйтленд Найлз ҳам дисквалификация туфайли ўйнамайди. Мезбонлар таркибида эса, Рэшфорд ва Марсиял ҳали тикланишга улгурмаса керак. Катта эҳтимол билан Мейсон Гринвудни асосий таркибда кўрамиз. Ўн етти ёшли ҳужумчи Европа Лигаси ва Лига кубоги ўйинларида асосий таркибда ўйнади ва ҳар икки ўйинда ягона гол муаллифи бўлди. Қизиғи, тўрт йил олдин ҳам Марсиялнинг жароҳати ўша пайтда 17 ёшли Рэшфордга йўл очган ва АПЛ даги дебют ўйинда айнан «Арсенал»га қарши у дубл қайд этганди. Янаям қизиғи, ўша ўйиндан олдин Рэшфорд ҳам Европа Лигасида дебют қилиб, гол уришга муваффақ бўлганди.
Ўтган мавсумда «Олд Траффорд»даги учрашув дуранг билан тугаган, Лондонда эса, мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Сульшернинг АПЛ даги мағлубиятсиз сериясига барҳам беришганди. Умуман «тўпчилар»нинг Манчестердаги сўнгги ғалабаси 2015 йилда содир бўлган. Ўшанда «Арсенал» Англия кубоги доирасидаги ўйинда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
28 сентябрь. Шеффилд – ЛИВЕРПУЛЬ (16:30), ЮВЕНТУС – СПАЛ (18:00), Педерборн – БАВАРИЯ (18:30), Хетафе – БАРСЕЛОНА (19:00), Бордо – ПСЖ (20:30), Сампдория – ИНТЕР (21:00), БОРУССИЯ Д – Вердер (21:30)
Мавзуга оид
11:02 / 07.03.2020
Англияда Манчестер дербиси, «Барселона»да яна қийин ўйин. Ҳафта ўйинлари анонси
18:01 / 14.02.2020
Ҳафта ўйинлари: А Серия ва Ла Лигада пешқадамлар «жанги», АПЛда «Челси» - «МЮ» тўқнашуви
19:01 / 07.02.2020
Ҳафта ўйинлари анонси: Италияда «Милан дербиси», Германияда пешқадамлар «жанги»
17:50 / 24.01.2020