Иқтисодиёт | 14:00 / 30.09.2019
16291
5 дақиқада ўқилади

Марказий банк импорт операциялари бўйича валюта конвертациясига чекловлар жорий этилишига тушунтириш берди

Фото: Paul Yeung/Bloomberg

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки расмий сайтида импорт операциялари бўйича валюта конвертациясига чекловлар жорий этилишига доир чиқишларга ўз изоҳини берди.

«Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситаларида импорт операциялари бўйича валюта конвертациясига чекловлар жорий этилаётганига доир чиқишлар тарқатилмоқда.

Маълумки, 2017 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектларга ички валюта бозорида жорий халқаро операциялар бўйича ҳеч қандай чекловларсиз хорижий валютани эркин харид қилиш ҳуқуқи берилди.

Эркин конвертация амалиёти жорий этилганидан буён хорижий валютани сотиш ва харид қилиш бўйича валюта операциялари ҳажми бир неча баробарга ўсди.

Хўжалик юритувчи субъектларга валюта маблағларини сотиш бўйича операциялар шу йилнинг январь-сентябрь ойларида 2017 йилга кўрсаткичларга нисбатан қарийб 3 баробар ўсган, валюта маблағларини харид қилиш эса 2 баробардан зиёдга кўпайган.

Жорий йилнинг август ойида хорижий валюта харид қилган хўжалик юритувчи субъектлар сони 7,6 мингни ташкил этган, 2018 йилда бу кўрсаткич 4,1 мингни, 2017 йилда эса 340 тани ташкил этган.

Бир вақтнинг ўзида иқтисодиётни эркинлаштириш ва шаффофлаштириш билан бир қаторда давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда миллий ишлаб чиқарувчиларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашда давлат ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Бироқ, амалиётда давлат харидларини амалга ошириш чоғида давлат ресурсларини мамлакатда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган (сифати бўйича ҳам, нархи бўйича ҳам қолишмайдиган) маҳсулотлар импортига сарфланаётгани уларнинг баҳоси ошириб кўрсатилаётгани, зарур маркетинг тадқиқотлари ўтказилмасдан, фаолият учун зарур бўлмаган маҳсулотлар олиб кирилаётгани кузатилмоқда, бу эса давлат маблағларининг оқиб чиқиб кетиши ва музлатилишига сабаб бўлмоқда.

Бу ҳолда, юқорида қайд этилган ҳолатларга йўл қўйилмаслиги учун Ҳукумат томонидан давлат харидлари, инвестицион ва бошқа дастурлар доирасида алоҳида давлат компанияларининг импорт шартномаларини экспертизадан ўтказилмоқда, бунда ишлаб чиқариш ва инвестицион лойиҳаларда кўрсатилган нархларга мослиги, худди шундай сифат ва нархга эга маҳсулотлар ички бозорда борлигига эътибор қаратилмоқда.

Амалий томондан олиб қаралганда, бу чоралар давлат компанияларини ислоҳ қилиш ва самарадорлигини оширишнинг бир қисми бўлиб, уларнинг бошқарилиш соҳаси бўйича аниқ манзарага эга бўлишда, қарор қабул қилиш жараёнларини такомиллаштириш, шунингдек, уларнинг рақобатбардошлилигини ошириш бўйича дастурлар ишлаб чиқишда муҳим бўлган ахборот-таҳлилий базасини яхшилашга хизмат қилади.

Шунингдек, ушбу чоралар давлат компаниялари фаолиятининг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириб, уларнинг ишлаб чиқариш харидларини ички ва ташқи бозордаги рақобатли нархлардан келиб чиққан ҳолда қайта йўналтиришга қаратилган.

Кўрилаётган чораларни валюта сиёсати соҳасидаги чеклов чоралари сифатида қабул қилмаслик керак, чунки у фақат давлат харидлари, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг инвестицион ва бошқа дастурлари, шунингдек давлат мулкига эга корхоналарга нисбатан жорий этилмоқда. Бу эса миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва унинг алоҳида сегментларининг мувозанатлашганини таъминлашга кўмак берувчи механизмлардан бири ҳисобланади.

Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ўз иқтисодиётини муваффақиятли эркинлаштиришни уддалаган кўплаб давлатлар айниқса бошланғич босқичларда ислоҳотлар салбий оқибатлар келтириб чиқармаслиги учун «қўлда бошқариладиган» муваққат характерга эга бўлган вақтинчалик чоралар қўллашган ва бу йўл билан либерал характердаги структуравий ўзгаришларни янада илгари суриш учун фундаментал асосни сақлаб қолишган.

Структуравий ўзгаришларни бошлаган ва ислоҳотларни тўхтатишга мажбур бўлган бошқа давлатлар тажрибаси кўрсатмоқдаки, иқтисодиётни эркинлаштиришнинг барбод бўлишига сабаб — давлат сиёсати томонидан вақтинчалик характердаги алоҳида превентив чоралар кўрмасдан эҳтиётсизлик қилганлигидир, чунки молиявий-иқтисодий жараёнларнинг кўплаб иштирокчилари, айниқса давлат иштирокидаги корхоналар янги шароитларга тайёр бўлмаган ва бозор иқтисодиётига мослашиш учун маълум бир вақт талаб этилган.

Бир вақтнинг ўзида маълум қиламизки, барча тижорат банклари томонидан хўжалик юритувчи субъектларга маҳсулотлар (хизматлар) импорти учун хорижий валюта сотиш бўйича операциялар штатли режимда, ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилмоқда», — дейилади Марказий банк баёнотида.

Мавзуга оид