Иқтисодиёт | 11:25 / 01.10.2019
40302
9 дақиқада ўқилади

Европа инвестиция банки вице-президенти: Инвесторлар Ўзбекистонга келишдан олдин уч қайта ўйланади

23-24 сентябрь кунлари Европа инвестиция банки вице-президенти Вазил Ҳудак Орол денгизини тиклаш лойиҳаси бўйича Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги билан ўзаро англашув меморандумини имзолаш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ушбу ҳужжат доирасида Европа инвестиция банки Ўзбекистонга 100 миллион евродан ортиқроқ маблағ ажратишни режа қилган.

Kun.uz мухбири мазкур лойиҳа, банк ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ҳамда келгусидаги ҳамкорлик режалари ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун ЕИБ вице-президенти Вазил Ҳудак билан суҳбатлашди.

Aвваламбор, ассалому алайкум, Ўзбекистонга хуш келибсиз.

– Салом, ташаккур.

Маълумки, Европа инвестиция банки дунёдаги энг катта, кенг тармоқли молиявий институтдир. Банкнинг Европа Иттифоқи ҳудуди ҳамда ундан ташқари минтақалардаги асосий мақсадлари нималардан иборат?

– Чиндан ҳам, айтиб ўтганингиздек, Европа инвестиция банки дунёдаги энг катта халқаро молиявий институт ҳисобланади. Биз ҳар йили ўртача 70-75 миллиард евро атрофида молиявий кўмак ажратамиз. Бу кўрсаткич халқаро майдондаги иқтисодий ҳолатга қараб ўзгариб туради. Биз учун захирада қўшимча маблағ бўлиши муҳим. Чунки у юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий бўшлиқларни тўлдиради.

Тижорат банкларидан фарқли равишда, биз анча фаолмиз ва молиявий кўмак беришга доим тайёр турамиз. Айниқса, иқтисодий ҳолат ёмонлашган вақтларда. Бундай вазиятларда турли муаммолар юзага келади ва тижорат банклари аҳволни яхшилашга қодир бўлмай қолади.

Биз Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан саккиз баробар кўп, яъни айтиб ўтганимдек, йилига 70-75 миллиард евро атрофида молиявий кўмак ажратамиз. Бу борада ҳатто Жаҳон банкидан ҳам олдинда турамиз. Уларнинг йиллик қарз ажратмалари миқдори тахминан 60-65 миллиард евро.

Европа инвестиция банки Европа Иттифоқига аъзо 28та давлатга тегишли. Банк 1958 йилда Европа мамлакатлари иқтисодий ҳолатини яхшилаш мақсадида ташкил этилган ва дастлабки йилларда асосан минтақадаги давлатлар ривожи учун хизмат қилган. Aммо бироз вақт ўтгач, у фаолиятини аста кенгайтириб, Евроиттифоқ ҳудудидан ташқарида ҳам молиявий кўмаклар ажрата бошлаган.

Ҳозирда тахминан ўн фоиз активларимиз, яъни 8 миллиард еврога яқин маблағ ажратмаларимиз Иттифоқ ташқарисидаги хорижий мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.

Банкнинг штаб-квартираси Люксембургда жойлашган бўлиб, жами уч мингга яқин ходим фаолият юритади. Ҳозирга келиб дунёнинг турли минтақаларида банкнинг ваколатхоналари мавжуд.

Европа инвестиция банкининг дунё бўйлаб 14та шаҳарда ваколатхоналари бор. Банкнинг Марказий Осиё давлатлари шаҳарларидан бирортасида, масалан Тошкентда ваколатхона очиши эҳтимолини қандай баҳолаган бўлардингиз? Умуман, ваколатхона учун ҳудуд танланаётганда қандай омиллар инобатга олинади?

– Биз имкон қадар ортиқча харажатлар ва қоғозбозлик ишларидан ўзимизни четга тортамиз, очиғини айтсам. Биз лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш ва молиялаштиришда кўмак беришга асосий эътиборимизни қаратамиз.

Aйтиб ўтганингиздек, банкнинг ваколатхоналари саноқли мамлакатлардагина мавжуд. Марказий Осиё минтақаси – биз учун том маънода янги бир ҳудуд. Ҳозир бу ерда минтақа давлатлари учун ваколатхона ташкил этиш масаласини кўриб чиқяпмиз. Шубҳасиз, Ўзбекистон ва унинг пойтахти Тошкент жойлашган ўрни, бу ерда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яна кўплаб бошқа сабабларга кўра, ваколатхона учун ҳар томонлама мос номзод сифатида кўрилиши мумкин. Лекин бу тўғрида ҳозир аниқ бир гап айта олмайман. Бу масалани банк раҳбарияти ўрганиб, ўз хулосасини беради, деб ўйлайман.

Европа инвестиция банки ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ҳозир қай даражада? Бу ҳамкорлик келажагини қандай баҳолайсиз?

– Ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганимизга ҳали кўп бўлмади. Банк ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик битими 2018 йил феврал ойида имзоланган. Бу эса бор йўғи бир ярим йил дегани. Aммо шу қисқа вақт оралиғида кўплаб лойиҳалар қўшма дастурини ишлаб чиқдик. Икки ўртада аллақачон 200 миллион евро қийматга эга молиялаштириш лойиҳаси бўйича келишувга эришилган ва ҳозирда яна турли режаларни амалга ошириш учун 400 миллион евро ажратишни дастурга киритганмиз.

Aйтишим мумкинки, ҳамкорлик алоқалари тез суръатда ўсиб боряпти. Биз Ўзбекистонда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда ҳамкорлик ривожига катта имкониятлар мавжуд, деб ишонамиз.

Ўзбекистонга келишдан олдин инвесторлар икки қайта ўйлаб кўради.

– Уч қайта деяверинг.

Сизнингча, бунинг сабаби нимада? Нега улар Ўзбекистонга инвестиция киритишдан бунчалик ҳадиксирайдилар?

– Ўзбекистонда туб ислоҳотлар бошланганига кўп бўлмади, ўрта ҳисобда уч йил деб айтиш мумкин. Шундай экан, фикримча, кўплаб инвесторларни бу ерда бўлаётган ўзгаришларнинг узоқ ёки қисқа муддатли экани, ривожланиш йўлидаги ҳаракатлар барқарор бўлиши ёки бўлмаслиги, бошланган ислоҳотлар қай даражада бардавом тус олиши ўйлантирмоқда. Чунки бозор иқтисодиётига жадал суръатларда ўтаётган ҳар қандай давлатда ҳам бу каби ҳолат кузатилади.

Бундан ташқари, бутун Марказий Осиё минтақасининг ривожланиш жараёни ҳам эътиборга олиниши керак. Бу ҳудуд бевосита юксалиб бораётган Хитой, минтақада ўз қарашларига эга Россия, Туркия, Эрон каби давлатларнинг диққат марказида. Уларнинг ҳар бири ўз манфаатини кўзлаб иш юритади. Шундай экан, бу ерга келмоқчи бўлган инвесторлар вазиятни яхшилаб кузатади, Ўзбекистоннинг мазкур минтақада қандай ташқи сиёсат юритиши, қандай стратегия қўллашини батафсилроқ билмоқчи бўлишади.

Ўзбекистонга Орол денгизи ҳудудидаги вазиятни яхшилаш бўйича икки томонлама битимни имзолаш учун келгансиз. Ушбу лойиҳани амалга оширишни тақозо қилувчи асосий сабаблар нималардан иборат?

– Чиндан ҳам Ўзбекистонга мамлакатингиз Ташқи савдо вазири билан мазкур ҳужжатни имзолаш учун келганман. Бу битим банк томонидан Ўзбекистонга Орол денгизи ҳудудидаги вазиятни яхшилаш учун 100 миллион евродан ортиқроқ маблағ ажратилишини назарда тутади.

Ўрни келганда айтиб ўтишим керакки, Орол муаммоси Ўзбекистоннинг ички муаммосигина эмас, балки глобал миқёсдаги эътиборни талаб қилувчи талафотдир.

Хабарингиз бўлса керак, шу кунларда Нью-Йоркда БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича халқаро саммити бўлиб ўтмоқда. Бизнинг банкимиз ушбу йиғилишда ўзининг бир қанча дастурларини эълон қилган, хусусан, биз 2025 йилга қадар ажратадиган молиявий ёрдамларимизнинг 50 фоизини, яъни йилига 40 миллиард евро атрофидаги маблағни, иқлим билан боғлиқ вазиятни яхшилашга хизмат қилувчи лойиҳаларга сарфламоқчимиз. Бу банкимизнинг асосий мақсадларидан бири.

Орол денгизи ҳақида гап кетганда эса биз шўрланишга қарши курашда фойда келтирувчи, суғориш тизимини яхшиловчи лойиҳаларни молиялаштиришни режа қилганмиз. Умид қиламизки, бу ҳудуддаги вазиятни ўнглашга ва уни аҳоли истиқомат қилиши учун қулай бир масканга айланишига кўмак беради.

Ўзбекистонга мамлакат инвестиция муҳитини яхшилашга доир қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

– Фикримча, бу ердаги умумий вазият анча ижобий тус олган аллақачон. Ҳукуматнинг инвесторларга муносабати ҳам жуда илиқ. Инвесторлар учун асосий аҳамият касб этувчи масалалар – бу мамлакатдаги иқтисодий ҳолатнинг барқарор бўлиши, уларнинг ҳуқуқлари ва хусусий мулки муҳофаза этилиши ҳамда бюрократиянинг имкон қадар камайтирилиши билан боғлиқ, деб ўйлайман.

Қарор қабул қилиш жараёни кўп вақт олмаслиги, бир идорадан бошқа идорага қоғоз кўтариб югуриб юришга зарурат қолмаслиги керак. Умумий қилиб айтганда, инвесторларга имкониятлар яратиб берилиши ва хайрихоҳ муносабат жуда муҳим.

– Ўзбекистон ва банк ўртасидаги режалаштирилган лойиҳалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.

– Биз ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларни режалаштирганмиз. Улар асосан атроф-муҳит билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилган. Мисол учун, маиший чиқиндиларни бартараф этиш бўйича бир қанча ишларни амалга оширмоқчимиз. Бу – ҳар йили 500 минг тоннадан ортиқ чиқинди чиқарувчи Тошкент шаҳрида айниқса катта муаммо. Чиқинди шаҳардан унча узоқ бўлмаган очиқ ҳудудга олиб бориб ташланади ва бунинг атроф-муҳитга зарари ниҳоятда катта. Биз мазкур муаммо юзасидан шаҳар ҳокимияти билан келишган ҳолда чора-тадбирлар ишлаб чиқишни кўзлаяпмиз.

Бундан ташқари, катта-катта ишлаб чиқариш корхоналарида электр энергияси истеъмолини оптималлаштириш, гидроэлектростанцияларни таъмирлаш ва замон талабига мос ҳолатга келтириш орқали экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни ҳам мақсад қилганмиз.

Дониёр Тухсинов
Тайёрлаган Дониёр Тухсинов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид