Ўзбекистон | 14:20 / 02.10.2019
30095
3 дақиқада ўқилади

«Бу – ҳар томонлама долзарб масала». Валентина Матвиенко рус тилининг аҳамияти ҳақида гапирди

Валентина Матвиенко

Тошкентда расмий ташриф билан бўлиб турган Россия парламенти юқори палатаси раиси Валентина Матвиенко ўзбек расмийлари билан учрашувда рус тилининг аҳамияти хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Матвиенко чоршанба куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов ва бошқалар билан учрашуви чоғида рус тили ва «Ўлмас полк» акцияси ҳақида сўз юритган.

«Иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлигимиз кўлами бундай жадал суратда ўсиб бораётганини ҳисобга олиб, шуни яхши тушунимиз керакки, биз ҳам рус, ҳам ўзбек тилини биладиган кадрлар тайёрлашимиз лозим. Бу кадрлар биргаликдаги улкан лойиҳаларни амалга ошириш учун керак.

Бу ерда масаланинг иккита жиҳати бор. Биринчиси, биз парламентлар бундай улкан кўламдаги ҳамкорлик муносабатларига замин яратувчи қонунчиликни уйғунлаштиришимиз керак.

Иккинчидан эса, тил биладиган кадрларни тайёрлашимиз зарур. Шуниси қувонарлики, Россиянинг 8та етакчи – иккинчи даражали эмас, айнан етакчи университетлари Ўзбекистонда ўз филиалларини очган. Бошқа томондан, 29 минг нафар ўзбекистонлик талаба Росссияда турли йўналишлар бўйича университетларда таҳсил оляпти. Улардан 5 минг нафари давлат стипендиялари билан таъминланган. Россияда талабаларга давлат стипендиялари ажратилиши бўйича Ўзбекистон амалда биринчи ўринда туради – бу йил ўзбекистонлик талабаларнинг бепул ўқиши учун 223та бепул давлат стипендиялари ажратилди», – деди Валентина Матвиенко.

Россиялик сиёсатчи сўзида давом этар экан, Ўзбекистон президенти, ҳукумати ва Олий Мажлисга рус тилини қўллаб-қувватлашда давом этаётгани учун миннатдорлик билдирди.

«Бу – ҳар томонлама долзарб масала. Рус тили – миллатлараро мулоқот тили. Кўпмиллатли Ўзбекистон учун бу муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман. Бу ерда 130дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилади. Бизнинг ўзаро мулоқотимиз учун, собиқ совет ҳудудидаги ҳамкорлар билан алоқа ўрнатишимиз учун рус тили керак», – деб қайд этди Матвиенко.

Россия парламентининг юқори палатаси раҳбари, шунингдек, «Ўлмас полк» акциясининг долзарблиги ҳақида ҳам гапириб ўтди.

 

Мавзуга оид