Ўзбекистон | 19:12 / 02.10.2019
5288
2 дақиқада ўқилади

Сафоев «Россельхознадзор»нинг Ўзбекистонда ваколатхона очишини таклиф қилди

Россия ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати – «Россельхознадзор» Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиши керак, деб ҳисоблайди Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, чоршанба куни Олий Мажлис Сенати ва Россия Федерациялар Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг Тошкентда ўтган йиғилишида Сафоев ана шундай таклиф билдирган.

Унинг фикрича, ушбу чора Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг Россияга экспортини осонлаштиришга ёрдам беради.

«Ўзбек экспортининг ҳам ҳажми ошиши учун ўртамиздаги савдо-сотиқни мувозанатлаштиришдан манфаатдормиз. Россия томонидан бунинг учун талаб мавжуд.

Баъзида институционал ва ҳуқуқий механизмлар етишмайди. Мева-сабзавотлар маҳсулотлари экспорти бўйича гапирадиган бўлсак, «Россельхознадзор» ўз ваколатхонасини бизнинг мамлакатимизда очадиган пайт келди. Шунда сертификатлаш ва бошқа кўплаб масалалар ўз ечимини топган бўларди», – деди Сафоев.

Маълумот ўрнида, 2019 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистон-Россия товар айирбошлаш ҳами 4 млрд долларга етган. Бу билан Россия Ўзбекистоннинг Хитойдан кейинги (5,2 млрд) иккинчи энг йирик савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид