Жаҳон | 21:50 / 03.10.2019
7544
2 дақиқада ўқилади

Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси БААлик илк фазогирни Ерга қайтгани билан табриклади

БААнинг Абу-Даби амирлиги валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён амирликларнинг илк фазогири Ҳазза ал-Мансурийни Халқаро коинот станциясида бир ҳафта бўлгандан кейин Ерга муваффақиятли қайтгани билан табриклади ва БАА фазогирларининг кейинги мақсади Марсга парвоз эканлигини айтди.

“Аллоҳга шукрлар бўлсинким, Ҳазза ал-Мансурий ХКСга муваффақиятли парвоздан кейин соғ-саломат Ерга қайтди. Амирликлар аҳолисини тарихий ютуқ билан табриклайман. Зоид ўғиллари Марсни забт этишга интилишимизни амалга оширишга қатъий бел боғлаганлар”, деб ёзган Ол Наҳаён твиттерда.

БАА июлда бир йилдан кейин Қизил сайёрага Япониядаги космодромдан “Умид” зондини юборишини эълон қилганди. Зонд Марсга БАА ташкил топганининг 50 йиллигига етиб бориши кўзда тутилган. Ундан аввалроқ БАА 2117 йилгача Марсда Чикаго шаҳридек келадиган ва аҳолиси 600 минг кишини ташкил қиладиган манзилгоҳ қуришни режалаштираётгани маълум қилинганди.

Шунингдек, БААда орбитага юбориш учун кўпроқ фазогир тайёрланмоқчи. Бу ҳақда Муҳаммад бин Рашид номидаги коинот марказининг вакили Саид Кармустожий айтиб ўтди. 

“Келгусида бошқа фазогирларимиз бўлишига умид қиламиз. Биз фазогир бўлишни истовчиларни изламоқдамиз ва уларни рағбатлантирамиз. Биз, шунингдек, БААни Халқаро коинот станциясида билдирувчи инсонни изламоқдамиз”, деб айтган Кармустожий ал-Мансурий Ерга қайтган “Союз МС-12” кемаси қўнган жойдан. 

Унинг айтишича, ҳозирда амирликлар фазогирлари отрядига ал-Мансурийнинг дублёри ва у билан бир хил тайёргарликдан ўтган Султон ал-Ниёзий киради. 

Ал-Мансурий ХКСда 8 кун бўлгач, россиялик Алексей Овчинин ва америкалик Ник Хейг билан бирга 3 октябрда “Союз МС-12” кемасида Ерга қайтди. Ал-Мансурий коинотга парвоз қилган илк БААлик фазогир ва ХКСда бўлган илк араб бўлди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид