Жамият | 10:40 / 03.10.2019
166338
8 дақиқада ўқилади

Ўқитувчилар байрами арафасида ҳалок бўлган ўқитувчилар. Фарғонада аварияга учраган мактаб раҳбарлари якшанба куни қаерга чақирилган эди?

29 сентябрь куни Фарғона вилояти Данғара тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги мактаб раҳбарларининг вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтиши кўзда тутилган тунги селекторга автомобилда кетаётиб ҳалокатга учрагани ҳақида хабарлар тарқалди.

 Хабарларда «авария»га учраган автомашинада 25 ва 26-мактабларнинг директор ўринбосарлари ва яна таълим муассасаларида ишловчи икки ходим бўлгани ҳақида маълумотлар берилган.

 Интернетда тарқалган хабарларда мактаб раҳбарлари Фарғона вилоят ҳокимлигида бўладиган тунги селекторга кетаётиб, автоҳалокатга учрагани айтилди.

 Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда «Фарғона ҳокими тунги селекторга чақиртирган мактаб раҳбарлари аварияда ҳалок бўлди» сарлавҳаси билан тарқатилган материал юзасидан Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармасининг хабарига таянган ҳолда изоҳ берди.

 Унда, йўл-транспорт ҳодисаси, унда ҳалок бўлган ходимлар ҳақида маълумот берилиб, уларни ўз шахсий юмушлари билан Данғара туманидан Қўқон шаҳри томон кетаётганда аварияга учрагани айтилган.

 Ҳалокатга учраганларнинг бугунги аҳволи билан танишиш, шунингдек, маориф ходимлари аслида ўша куни қаерга кетаётган бўлганига аниқлик киритиш учун Данғара туманида бордик.

 Воқеа жойида

 2019 йил 29 сентябрь куни соат 20:45ларда Данғара тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 25-сонли мактабнинг директор ўринбосари М.Д. «Нексия» русумли автомашинасини Қўқон шаҳри томон бошқариб кетаётиб,  йўл ўртасига ўрнатилган бетон тўсиқ устига чиқиб кетгани ва йўлни ёритувчи темир устунга урилиши натижасида автомашинага ўрнатилган газ балонидан ёнғин содир бўлгани аниқланган. 

 Ёнғин натижасида автомашина ҳайдовчиси ҳамда олди ўриндиқда бўлган йўловчи Данғара тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 26-сонли мактабнинг директор ўринбосари У.Ш. воқеа жойида ҳалок бўлган. Орқа ўриндиқда бўлган йўловчилар, Данғара тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 38-сонли мактабнинг директор ўринбосари Т.Л. ва Данғара тумани Халқ таълими бўлими қоровули М.Б. тан жароҳати олган ҳамда уларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага жойлаштирилган.

Данғарада, ЙТҲ рўй берганидан сўнг ўша жойга етиб борган 25-мактаб директор ўринбосарининг жияни Зоҳиджон Бердиқулов билан учрашдик. У бизни ўша авария бўлган кўчага олиб борди. Зоҳиджон ҳодисадан кейин ўша жойга етиб бориб, бор воқеага гувоҳ бўлган ва 25-мактаб директори бўлган амакиваччасини «морг»га олиб борган экан.

 Автомашина кўча ўртасидаги бетон тўсиқ устига чиқиб кетгач, ўртадаги йўлни ёритувчи темир симёғочга урилиб синдириб ташлаган экан. Атрофда ҳали ҳам қон излари турибди.

 «Ўша куни 25–мактаб директор ўринбосари бўлган қариндошимнинг укаси билан ўтиришда эдик. Укаси унинг машинасини миниб келган экан. Телефонда, «Ишхонадан Фарғона шаҳрига жўнатишяпти. «Нексия»ни олиб кетаман. Якшанба куни ҳам тинчлик йўқ», деб келиб, машина рулига ўтириб миниб кетди. Орадан бироз вақт ўтиб ёмон хабар келди. Етиб бордик. Қариндошимни ёниб кетган машинанинг рул томонидан ўзим чиқариб олдим. Белдан пасти қисилиб қолиб, ёнаётган машинадан чиқиб кета олмай, оламдан ўтган экан. Нариги олди ўриндиқдаги одам 26-мактаб директор ўринбосари зарба кучидан орқа томонга ўтиб, куйиб кетганини кўрдим. 1,5 соатда зўрға чиқариб олишди. Орқа ўриндиқда ўтириб, энг кам жароҳат олган киши ХТБ қоровули экан. Яна биттаси эса анча куйган ҳозир реанимацияда ётибди.

 Амакимнинг ўғлини ўзим «морг»га олиб бордим. Авария қандай содир бўлгани мени ҳали ҳам ўйлантиряпти. Машинани текис йўлда кетаётиб, кўча ўртасидаги бетонга чиқиб кетганига ҳайронман. Қариндошимнинг икки норасида фарзанди бор эди. Дадасининг юраги оғриб касалхонага тушиб қолди. Аёли ҳали ўзига келгани йўқ», дейди Зоҳиджон Бердиқулов.     

 Машинанинг орқа ўриндиғида бўлиб турли тан жароҳатлари олган 38-мактаб хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Қўқон тез тиббий ёрдам бўлимида ётганини айтишгач, беморнинг олдига бордик.

 Қўқон шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимида

 Қўқон шаҳар тез тиббий ёрдам бўлими жонлантириш бўлимида даволанаётган 38-мактаб хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Т.Л.нинг ёнига шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Комилжон Сирожиддинов билан бирга кирдик.

 Жонлантириш бўлими бошлиғи бемор «қўшалоқ тан жароҳати ва танасининг 40 фоиз куйиши» ташхиси билан келганини айтиб, эртага Фарғонадаги шифохонага кетишини айтди.

 Бемор билан бир дақиқа суҳбатлашдик. «29 сентябрь куни туман халқ таълими бошқармасидан 30 сентябрь куни Фарғона шаҳрида ўтадиган «Ўқитувчилар байрами»га Данғара туман кўргазмасини олиб бориб, ўрнатиш кераклигини айтишди. Биз йўлга чиқиб, йўлда аварияга учрадик», дейди ТЛ.

 Реанимация бўлимида беморнинг ота-онаси Муроджон Йўлчибоев ва онаси Умидахон Йўличибоева туришарди. «Бизни ўғлимнинг ёнига киргизишмаяпти. Ўша куни кечқурун ишга чақиришди. «Иш вақти бўлмаса ҳам чақиришгани учун «Борманг» дедик. Қайта-қайта чақиришгач чиқиб кетди. Кимдир буйруқ берди, ўғлим азоб тортяпти», дейди онаси.

 Халқ таълими бўлимида

Данғара туман халқ таълими бўлимига бориб, мутасаддиларга учрадик. Бўлим бошлиғи Алимардон Содиқов директор ўринбосарлари ва ХТБ қоровули 29 сентябрь куни кечқурун 30 сентябрь куни Фарғона шаҳрида бўлиб ўтадиган тадбирга кўргазмали қуролларни олиб кетаётиб аварияга учрагани ҳақиқат эканлигини айтди.

 «Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда мактаб раҳбарлари тунги селекторга кетаётгани ҳақида айтилибди. Мактаб директор ўринбосарлари, хўжалик бўйича масъул ва қоровул селекторларга чақирилмайди. Улар байрамга тайёргарлик учун кетишаётган эди», дея изоҳ берди мутасадди.

Авариядаги ўлим ҳолати қандай квалификация қилинади

Авария содир бўлган ўша 29 сентябрь куни – якшанба, яъни дам олиш куни эди. Бундан ташқари, мактаб раҳбарлари кечки соат 20:00дан кейин ишга чақирилган. Бу жойда меҳнат қонунчилиги, иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларга риоя қилинмагани аниқ.

 Данғара туман халқ таълими бўлими бошлиғи бу борада берган саволимизга жавобан Бандлик ва меҳнат муносабатлари ташкилотига мурожаат қилинганини айтди.

 27 сентябрь куни Бош вазир А. Арипов бошчилигида ўтказилган сим орқали селекторда «Ўқитувчилар куни» байрамига алоҳида тайёргарлик кўриш ва соҳа ходимларига бор шароитларни яратиб бериш ҳақида айтилган эди.

 Ўша кунги мажлисга Андижон вилояти ҳудудидан қатнашганимизда, вилоят мутасаддилари Бош вазир сўзларидан келиб чиқиб вилоят ва туман бўлимлари бошлиқларига ўқитувчиларни ҳеч қандай тайёргарликка жалб қилмаслик топшириғи берилганди.

 Жойларда бўлиб ўтадиган тадбирларда ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари кўргазмалар билан қатнашиши одат бўлиб қолган. Уларнинг ўз байрамларида хизмат қилаётганига кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Мана шундай ҳолатларни ҳам тартибга солиш вақти етиб келди, чоғи...

 Дам олиш куни, тунги соатларда ходимларга қонунга хилоф равишда буйруқ берган мутасаддилар ҳозир ҳуқуқ-тартибот идораларида кўрсатма беришмоқда.

 Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов,
Сарварбек Назаров

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид