Ўзбекистон | 20:30 / 04.10.2019
21876
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар учун AliExpress бепул жўнатмалари миқдори чекланиши мумкин

Давлат божхона қўмитаси томонидан хориждан Ўзбекистонга юборилаётган почта ва курьерлик жўнатмаларининг божхона тўловларисиз киритиладиган миқдорини 25 долларгача чеклаш масаласи ўрганиб чиқилмоқда.

Kun.Uz манбаси маълумотига кўра, бу чеклов Ўзбекистонга импорт қилинаётган товарлар ҳажмини қисқартириш, хорижий валютанинг четга чиқиб кетишини камайтириш чора-тадбирлари доирасида жорий қилиниши режалаштирилмоқда.

Агар бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинадиган бўлса, ўзбекистонликлар орасида машҳур бўлган AliExpress, Gearbest, Banggood, Amazon, Ebay ва бошқа халқаро интернет дўконларидан бир календарь чорак мобайнида кўпи билан қиймати 25 долларлик жўнатмани бепул олиш мумкин бўлади. Бундан ортиқ қийматдаги жўнатмаларга бож тўлови жорий қилинади.

Амалдаги қонунларга кўра, айни вақтда халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар учун — бир календарь чорак мобайнида 1000 АҚШ долларини, халқаро почта жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар учун — 100 АҚШ долларини ташкил қилади. 

Қайд қилиш жоизки, почта ва курьерлик жўнатмаларининг божхона тўловларисиз киритиладиган миқдорини 25 долларгача чеклаш масаласи айни пайтда ўрганиб чиқиш жараёнида.

Мавзуга оид