Ўзбекистон | 19:52 / 04.10.2019
6219
3 дақиқада ўқилади

«Сайлов арафаси жонланиб қолишади». Журналист ва блогерлар сайлов кампанияси бўйича ўз таклифларини беришди

Бугун, 4 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси мутасаддилари журналист ва блогерлар билан учрашув ўтказди. Унда вакиллик органларига сайлов кампаниясини ўтказишда қайси жихатларга эътибор қаратиш масаласи муҳокама қилинди.

Тадбирда МСК аъзоси Шерзод Қудратхўжаев журналист ва блогерлар билдирган фикр ва таклифлар сиёсий партияларга етказилишини маълум қилди.

Таклиф этилган масалалар бир неча бўлди. Масалан, сиёсатчилар халқ билан оддий, тушунарли тилда сўзлашиши кераклиги, одамлар улар билан суҳбатда ўзларини эркин ҳис қилиши лозимлиги айтилди.

Элдор Асанов: “Сиёсатчилар халқ билан оддий халқона тилда гаплашиши керак. Бизда сиёсий партиялар бюрократик идорага ўхшайди: ҳамма костюмда, расмий кийинган. Сиёсий партиялар ҳам халқнинг вакиллари. Халқнинг маълим гуруҳининг манфаатини ҳимоя қилувчи куч. Шунга яраша улар ҳам халқнинг ичига кириши керак. Соддароқ тилда гапириши керак, «Ислоҳотларнинг самарасо ўлароқ...» - деган гаплардан қочган ҳолда”

Шунингдек, учрашувда партия вакилларининг сайлов арафасида жонланиб қолиши, сайлов кампаниялари хашаматли биноларда ўтказилиши, қилинаётган дебатлар ишончсиз чиқиши ҳолатлари танқид остига олинди.

Зафар Солижонов: “Одамларга шоулар керак. Партиялар тортишиб, дебат қилиб шу асосида хулосага келиши керак. Бизда партиялар 9 ой жим туриб 3 ой ичида кўриниб қолади. Бир нима десанг, «Дебат қиляпмиз – дейишади. Бироқ улар қилаётган «дебатлар» оддий бўлади ва йиғилиш хулосасиз тугайди”.

Баҳодир Аҳмедов: “Учрашувларни ҳашаматли биноларда эмас, оддий қишлоқ шароитидаги жойларда ташкиллаштириш ҳам мақсадга мувофиқ деб ўйлайман. Шунда депутатларнинг халқнинг ичига кираётгани ҳақиқатдан билинади. Оддий кийимларда бориб, ўзларининг халқнинг бир бўлаги эканини кўрсатиши керак”.

Қамариддин Шайхов: “Сайлов ўтказишдан аввал чет эл тажрибасидан намуна олиш керак. Мисол учун, Туркияда партиялар сайловдан олдин ҳар куни ОАВ ва телевидениега чиқишлар қилиб боради. Бизда ҳам депутатлар шундай чиқишлар қилиши керак. Марказий сайлов камиссияси буни ёритиб боришни ўз зиммасига олиши керак. Сайлов жараёнларида маҳаллий хорижий журналистлар аралашиб кетмаслиги керак. Яъни уларни бир биридан ажратиб турадиган жиҳат бўлиши керак”.

Жаҳонгир Мардонов: “Сайлов жамиятни ҳушёрликка, эртанги кунига масъулият билан қарашга, сиёсий фаоллигини оширишга йўналтирилган бўлиши керак. Сайловдан кейин жамиятнинг тўхтаб қолган институтлари ҳаракатга келиши керак. Депутат асфалт қилиши, свет, газ масалаларини ҳал қилиши, менимча, ишончсизроқ ҳолат. Улар шундай ҳолатларга йўналтирилган қонунларнинг қабул қилинишида етакчилик қилса, яхши бўларди”.

Бундан ташқари, сайлов жараёнининг очиқлиги ҳам муҳокамалар мавзуси бўлди. Йиғилишда сайловчиларнинг давоматида ОАВнинг роли юқорилиги ва биргаликда ҳаракат қилиш кераклигига кўп бора урғу берилди.

Мавзуга оид