Жаҳон | 14:18 / 04.10.2019
14151
2 дақиқада ўқилади

Махатма Гандининг ҳоки унинг юбилейи куни ўғирлаб кетилди

Фото: AP Photo/Channi Anand

2 октябрда номаълум кимсалар томонидан ҳинд сиёсий ва жамоат арбоби, Ҳиндистоннинг Британиядан мустақиллиги ҳаракати етакчиларидан бири Махатма Гандининг Мадхя-Прадеш штатидаги ёдгорлик мажмуасида сақланган ҳоки ўғирлаб кетилди. Маълум қилинишича, воқеа миллий-озодлик ҳаракати етакчиси таваллуд кунининг 150 йиллик юбилейида юз берган

Таъкидланишича, босқинчилар, шунингдек, Гандининг сурати туширилган плакатга “сотқин” деб ёзиб қўйишган. Маҳаллий полиция “Ҳиндистон миллий бирдамлигига зиён етказиш” мақсадида ўғирлик содир этган гумонланувчиларни қидиришни бошлаб юборган.  

Ганди индуизм вакиллари ва мусулмонларнинг биргаликда тинч-тотув яшаши ғоясини қўллаб-қувватлагани учун баъзи ҳинд миллатчилари томонидан ҳанузгача сотқин деб қабул қилинади. 

Махатма Ганди 1948 йилда “Хинду Махасабха” радикал гуруҳи фаолининг ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган. У индуизм анъаналарига кўра кремация қилинган, ҳоки эса бир неча қисмга бўлиниб, видолашиш учун Ҳиндистоннинг турли штатларига етказилган. Кейинроқ ҳокнинг катта қисми жамланиб, Ҳинд океани, Арабистон денгизи ва Бенгал кўрфази сувлари учрашадиган Канякумари бурнида денгиз узра сочиб юборилган.

Бироқ йўлда Ганди ҳокининг бир қисми турли қўлларга ўтиб кетган. 1997 йилда ҳокнинг бир қисми солинган идиш Одиша штатидаги банк омборида аниқланган. 

Ганди ҳоки солинган бошқа идишлар унинг ихлосмандлари ёки коллекционерлар қўлида қолмоқда, деб ҳисобланади. Жумладан, тахминларга кўра, улардан бири АҚШнинг Калифорния штатидаги ҳинд ибодатхонасида, яна бири Ҳиндистоннинг Пуна шаҳридаги Ага Хон саройида сақланади.

Мавзуга оид