Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қамашида селдан зарар кўрган кўприкни тиклаш учун миллиард сўмдан кўп маблағ сарфланади
Бу йил баҳор фасли серёғин келиши аҳоли учун қатор ноқулайликлар туғдирди. Республиканинг барча вилоятларида кучли ёмғирлар ёғиши натижасида сув тошқинлари ва сел келиши кузатилди.
Ушбу ҳолатлар айрим ҳудудларда талафотларга ҳам олиб келди. Кўприклар бузилди, аҳоли хонадонлари яроқсиз аҳволга келди.
Жумладан, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида ҳам бир нечта кўприклар бузилиб, аҳолига қатор ноқулайликлар туғилган эди.
Kun.uz сайтида бу ҳақида жорий йил 6 май куни журналистик суриштирув асосида «Сув тошқинлари вақтида Қамашидаги кўприк бузилди. Табиий офат оқибатларига қарши қандай чоралар кўрилди?» сарлавҳали мақола ҳам эълон қилинганди.
Ўрганишимиз давомида Қамаши тумани ҳокимлиги бузилган кўприкларни тиклаш юзасидан амалий ишлар олиб борилаётганлигини маълум қилган эди.

Яқинда интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда бу мавзу яна кўтарилди ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Хусусан, Қўшкапа қишлоғида аҳолига хизмат қилаётган кўприк анчадан буён яроқсиз ҳолатда эканлиги, кўприк қишлоққа олиб кирадиган ягона йўл устига қурилгани учун қишлоқ аҳли деярли бир ойдан бери қамалга тушгандай ҳаёт кечираётганлиги маълум қилинди. Шунингдек, туман ҳокимлигидан бу борада берилаётган ваъдалар бажарилмаётганлиги билдирилган.

Ушбу муаммо юзасидан Қамаши туман ҳокимлиги таҳририятга маълумотнома тақдим этди.

«Жорий йилнинг апрель-май ойлари кучли ёмғир натижасида туманнинг «Қишлиқ», «Бобуртепа» «Чангак», «Довуд», «Қизилқишлоқ», «Ўртадара», «Чуқурқишлоқ», «Кўкбулоқ», «Қўшкапа» ва «Олмазор» маҳаллалари ҳудудида сув тошиб, сел келиши ҳолатлари кузатилди.
Юзага келган вазиятни бартараф этиш тадбирларига туман ҳокимлиги, ободонлаштириш бошқармаси, туман фавқулодда вазиятлар, ички ишлар шахсий таркиби ва махсус техника воситалари жалб этилди. Мазкур ҳолатларда 6та қулаб тушган кўприклар қайта тиклаб берилди.
«Қўшкапа» маҳалласидаги Гов қишлоғига борувчи ички йўлидаги «Қорабоғсой» зовуридан кесиб ўтувчи кўприк жиддий зарар кўриб, авария ҳолатига келиб қолган.
Ҳозирги кунда мазкур кўприкдан 1200 нафар аҳоли ва 81-умумтаълим мактабида таҳсил олаётган 330 нафар ўқувчи, 7та фермер хўжалиги фойдаланади. Тез ёрдам машинасига зарурат бўлганда 4 километр масофани ташкил этадиган айланма йўл ва эски кўприк мавжуд.
Кўприкнинг бўйи 30 метр, эни 10 метрни ташкил этади. Бугунги кунда кўприкдан юк ва оғир техникалар қатнови тўхтатилган, кўприк фақат енгил автомашиналар ва пиёдаларга хизмат кўрсатяпти.
Яроқсиз ҳолга келган кўприкни қайта тиклаш бўйича «Равшан-Зар» ШХЖ билан туман ободонлаштириш бошқармаси ўртасида 2019 йил 17 сентябрда 400 млн сўмлик шартнома тузилган. Қурилиш-лойиҳа қиймати 1 млрд 103 млн сўмни ташкил этади. Қашқадарё комплекс лойиҳа қидирув экспедицияси томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда.
Айни вақтда «Равшан-Зар» ШХЖ томонидан бирламчи қурилиш-монтаж ишлари бошланди. Маблағ масаласи ҳал этилгандан сўнг кўприкни қуриш ва монтаж қилиш ишлари тўлиқ амалга оширилади», – дейилади туман ҳокимлиги маълумотномасида.

Шунингдек, туман ҳокимлиги «Қўшкапа» маҳалласидаги кўприкда қатнов тўхтамагани, қишлоқ гўёки «қамалда қолгани» ҳақидаги хабарлар асоссиз эканлигини маълум қилди.
Албатта, бу табиий офат. Кимнингдир айби билан вужудга келмаган. Туман ҳокимлиги бу борада зарур чоралар кўрилганлигини, аҳоли учун хавф туғдираётган ҳолатлар ва кўприкларни тиклаш бўйича амалий ишлар босқичма-босқич олиб борилаётганлигини маълум қилди.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
15:27 / 15.04.2025
Қашқадарёда ЙПХ ходимига фаол қаршилик кўрсатган ҳайдовчи қамоққа олинди
17:18 / 08.02.2025
“Сен қулсан” – Косонда келинини мунтазам хўрлаб келган қайнота ва қайнона ҳамда уларнинг ўғли озодликдан маҳрум қилинди
11:02 / 15.12.2024
Тахтиқорача довони автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилди
18:04 / 06.11.2024