Ўзбекистон | 17:45 / 08.10.2019
16297
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2020 йилда Евросиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олиши мумкин

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) кузатувчи мақомига эга бўлиши масаласи келаси йил ҳал қилиниши мумкин. Бу ҳақда сенаторларнинг Тошкентга ташрифидан сўнг Россия Федерациялар кенгашининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Фарит Мухаметшин хабар берди, деб ёзмоқда Interfax.

«Суҳбатлардан тушунишимизча, якуний тарзда, катта эҳтимол билан, келаси йили Ўзбекистон Евросиё иттифоқининг биринчи босқичида кузатувчи мақомига эга бўлиши борасидаги масала ҳал этилиши мумкин», - деди Мухаметшин душанба куни қўмита йиғилишида сенаторларнинг 1-3 октябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширилган ташрифи ҳақида гапириб.

Бундан олдин, Россия Федерацияси Федерациялар кенгаши раиси Валентина Матвиенко Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида маълум қилганди.

«Ўзбекистон президенти бир қарорга келган ва Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий кенгашига қўшилиши масаласи кўриб чиқилмоқда», – деди Матвиенко Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов билан учрашув чоғида.

Матвиенконинг қўшимча қилишича, Ўзбекистоннинг ЕОИИ аъзосига айланиши Россия билан алоқалар ривожига янги туртки беради ва бу орқали ҳозирда мавжуд баъзи тўсиқларнинг бартараф этилишига эришилади.

«Президентларимиз ишчи гуруҳ тузиш бўйича келишиб олишган. Россия томонидан бу ишчи гуруҳга Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Силуанов бошчилик қиляпти. Гуруҳ эҳтимолий шартлар, рисклар ва салбий оқибатларнинг олдини олиш таҳлили юзасидан жуда тиғиз ва яхши темпда иш олиб боряпти. Таҳлил ишлари йил охирига қадар якунланиши керак», – дея Матвиенконинг сўзларини келтирган ТАСС.

Унинг сўзларига кўра, ЕОИИнинг барча аъзо давлатлари бу каби таҳлилий баҳолаш ишларини олиб боришяпти, чунки ташкилотга янги аъзони қабул қилиш масаласидаги қарор биргаликда қабул қилинади.

«Ўзбекистон президенти иқтисодий интеграцион бирлашмаларда иштирок этиш – бугунги куннинг реал воқелиги эканини тушунади. У ҳақ, якуний қарор қабул қилишдан олдин аъзо бўлиш шартлари юзасидан жуда жиддий таҳлил ўтказиш, бу иқтисодиётга зиён етказмайдими, иш ўринлари сонига таъсир қилмайдими каби шу ва бошқа саволларга жавоб топиш зарур», – деб қайд этди Валентина Матвиенко.

Ўзбекистон томони ҳозирча ЕОИИга аъзолик масаласи кўриб чиқилаётгани бўйича маълумот берганича йўқ. Аммо, президент Шавкат Мирзиёев шу йил июнь ойида Сенатнинг 20-ялпи мажлисида сенаторларга мурожаат қилиб, Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш ёки бўлмасликдан келиб чиқадиган фойда-зарарлар ҳақида гапирган эди.

Евросиё иқтисодий иттифоқи 2015 йилда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва Беларусь аъзолигида ташкил этилган. Ташкилотга аъзо давлатлар иқтисодий масалаларда ўзаро келишган ҳолда қарорлар қабул қилиш, ўзаро товар ва хизматларни айирбошлаш, меҳнат кучи ва капитал алмашинуви бўйича чекловларни минималлаштиришга келишиб олишган.

Мавзуга оид