Жаҳон | 17:52 / 09.06.2021
11696
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Евросиё иқтисодий иттифоқининг сиёсийлаштирилишига қарши чиқди

Қозоғистон Евросиё иқтисодий иттифоқининг сиёсийлаштирилишига қарши чиқмоқда. Мамлакат ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда Қозоғистоннинг бу масала хусусидаги позицияси очиқланган.

Қозоғистон Евросиё иқтисодий иттифоқининг сиёсийлаштирилишига қарши чиқмоқда. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги ўзининг расмий сайтида бу масала юзасидан баёнот бериб, ЕОИИ иқтисодий ҳамкорлик учун тузилган ташкилотлигини ва Қозоғистон бу ташкилотнинг сиёсийлаштирилишига қарши эканини маълум қилган.

«2014 йил 29 майда имзоланган «Евросиё иқтисодий иттифоқи тўғрисида»ги шартномага биноан мазкур ташкилотнинг мақсади товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш ҳамда аъзо давлатлар иқтисодиётининг барқарор ривожланиши орқали унда яшаётган халқларнинг фаровонлигини оширишдир», дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, Қозоғистон ЕОИИ доирасидаги интеграция жараёнлари фақат иқтисодий хусусиятга эга, деган позицияни қўллаб-қувватлайди. Расмий Нур-Султон ташкилотнинг сиёсийлаштиришига қарши ва бу масалада ўз позициясини ўзгартирмоқчи эмас.

Баёнотда Қозоғистон ЕОИИ тўғрисидаги шартномани тартибга солиш мавзусидан ташқарида бўлган ташаббусларни қўлламаслигини маълум қилган. Шунингдек, Ғарб санкциялари биринчи навбатда сиёсий мотивларга асосланган ва алоҳида давлатларга қарши қаратилган, деб ҳисоблашини билдирган.

Қайд этилишича, Қозоғистон бошқа давлатларнинг санкцияларига жавобан ЕОИИга аъзо давлатлар «консолидацияланган чоралари» бўйича ҳеч қандай музокаралар олиб бормаяпти.

«Евросиё интеграциясидаги шериклар билан ишлашда биз фақат бундай санкцияларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишимизга салбий таъсирининг олдини олиш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар тўғрисида гаплашишимиз мумкин», дейилади Қозоғистон ТИВ баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Aлександр Панкин Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми давомида ЕОИИ ташкилоти доирасида Ғарб санкцияларига қарши консолидация қилинган жавоб устида иш олиб борилаётганини айтганди.

Мавзуга оид