Японияга тўфон ёпирилди. Бу ярим асрдаги энг йириги бўлиши мумкин
Япониянинг катта қисмини кучли шамол ва ёмғирлар қамраб олди. «Хагибис» тўфони сўнгги 60 йилдаги энг йириги бўлиши мумкин.
Сўнгги маълумотларга кўра, камида 18 киши табиий офат қурбонига айланган. Яна 16 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Дастлаб қурбонлар сони 5 нафарлиги айтилганди.
Итихара шаҳрида кучли шамол туфайли автомобиль ағдарилиб кетди ва 50 яшар ҳайдовчи олинган жароҳатлар оқибатида оламдан ўтди. Кавасакида 60 ёшли еркак сув остида қолган квартирада жонсиз ҳолда топилди. Тотиги префектурасида бир аёл каналга йиқилиб тушиб, чўкиб кетди. Томи шаҳрида дарёда сув сатҳи кўтарилиши туфайли учта машина кўприкдан пастга қулаган. Уларда жами 6 киши бўлган: уч киши қутқарилган, яна уч кишининг тақдири номаълум. Токио кўрфазида Панама байроғи остида ҳаракатланувчи кема чўкиб кетган. Унинг бортида 12 киши бўлган, улардан 3 нафари қутқарилган. Экипажнинг қолган 9 аъзоси бедарак йўқолган.
7 миллиондан ортиқ киши сув тошқинлари хавфи ва кўчкилар ҳақидаги огоҳлантиришлар туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Аммо ҳозирда вақтинчалик тураржойларга фақат 50 минг киши келган.
Тўфон шанба куни маҳаллий вақт билан соат кечқурунги 7да Токио шаҳрига етиб келди ва шимолга ҳаракатлана бошлади. Тўфон марказида шамол тезлиги соатига 225 километргача етади.
Ҳукумат бу 1958 йилдан буён кузатилган энг кучли тўфон бўлишидан хавотирланмоқда. 61 йил муқаддам «Каногава» тўфони 1200 кишини ҳаётдан олиб кетганди.
Талофат бундан ҳам катта бўлиши мумкин
Метеохизматлар шанба ва якшанба куни ёғадиган ёмғирлар ҳажми пойтахт ҳудудида 500 мм.гача етиши мумкинлиги ва сув тошқинлари ҳамда кўчкилар рўй бериши эҳтимоли «юқори даражада»лиги ҳақида огоҳлантирган. Шаҳардаги дарёлар қирғоқларидан тошиб чиқиши мумкин.
Айни вақтда поездлар ҳаракати тўхтатилган, юзлаб авиарейслар бекор қилинган.
Давлат телевидениесида маълум қилинишича, 270 мингдан ортиқ хонадон электр таъминотисиз қолган.
Шанба кунга белгиланган спорт тадбирлари ҳам қолдирилган: «Формула 1» гран-приси ва регби бўйича жаҳон чемпионати кубоги доирасидаги Англия-Франция ҳамда Янги Зеландия-Италия ўйинлари.
Тўфонга «Хагибис» номи берилиши сабаби, Филиппин аҳолисининг тўртдан бир қисми фойдаланадиган тагалог тилида бу сўз «тезлик» маъносини беради.
Япония ҳукумати аввалдан бу табиий офатга тайёргарлик кўраётганди.
Сентябрь ойида ҳам кўлами нисбатан кичикроқ бўлган «Факсай» тўфони Японияда 30 мингдан ортиқ хонадонга шикаст етказганди.
«Ўтган ойда вақтинчалик бошпанага кўчиб туришимга тўғри келди, чунки уйимнинг томи учиб кетди ва ҳаммаёқни сув босди. Энди мен уйим бутунлай вайрон бўлишидан хавотирдаман», деган Тиба префектурасининг Татэяма шаҳрида яшовчи 93 ёшли киши NHK мухбирига.
Мавзуга оид
00:06
Япониялик олимлар денгиз сувида парчаланувчи пластик материални ихтиро қилди
18:17 / 23.11.2024
Японияда одамларни ювинтирадиган кир машинаси ихтиро қилинди
21:47 / 17.11.2024
Япония қирғоқларида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди
18:48 / 14.11.2024