Жаҳон | 14:15 / 14.10.2019
25222
10 дақиқада ўқилади

Сурия можароси: Дамашқ ва курдлар келишуви бурилиш нуқтаси бўладими?

Сурия Араб республикаси Туркия қўшинлари курдларга қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб бораётган мамлакат шимолига ҳарбийларини жўнатишни бошлади. ОАВ маълумотига кўра, курдларнинг ҳарбийлашган бўлинмалари расмий Дамашқ билан Сурия армияси қисмларини Туркия билан чегара ҳудуди бўйлаб жойлаштириш бўйича келишувга эришган.

Фото: AFP

Бунгача Сурия армияси тўғридан-тўғри зиддиятга киришмай турганди.

Туркия эса курдларни Сурия шимолидаги ўринларидан суриб ташлашни мақсад қилган ҳолда амалиёт ўтказмоқда. Туркия ҳукумати Сурия шимолидаги курдларни Туркия ҳудудида террорчилик фаолияти билан шуғулланувчи Курдистон ишчи партияси билан алоқадорликда гумон қилади. Шу вақтгача Суриядаги курдлар АҚШнинг ИШИДга қарши курашдаги асосий иттифоқчиси бўлиб келганди, аммо АҚШ президенти Дональд Трамп ўтган ҳафта Сурия шимоли-шарқидан америкалик ҳарбийлар олиб чиқилишини маълум қилди.

Айрим маълумотларга кўра, Трампнинг бу борадаги қарори ҳатто президент маъмурияти билан келишилмаган ҳолда қабул қилинган. Бу қарор ҳам демократлар томонидан, ҳам республикачилар томонидан танқид қилинмоқда, курдлар эса бу қарорни «орқадан пичоқ уриш» деб баҳолашди.

Сурия қўшинлари мамлакат шимолига ташланиши ҳақида давлат агентлиги ҳисобланган САНА хабар қилди. «Сурия армияси бўлинмалари турк агрессиясига қарши туриш учун мамлакат шимолига томон ҳаракатланмоқда», дейилади расмий хабарда.

Курд мухолифати етакчиларининг сўзларига кўра, ҳукумат қўшинлари мамлакат шимолида «Туркия агрессияси»ни қайтаришга ёрдам бериш учун Сурия-Туркия чегараси бўйлаб жойлаштирилади.

Фото: REUTERS/Stringer/File Photo

12 октябрь куни курд генералларидан бири Мазлум Кобани Абди АҚШга мурожаат қилиб, агар ўз ҳарбийларини бу ҳудуддан олиб кетадиган бўлса, курдлар «Россия билан келишув тузиш»га ҳаракат қилиши ҳақида маълум қилганди.

«Сиз халқимизни ҳимоя қила оласизми, бу авиазарбаларни тўхтата оласизми, шуни билиш қизиқ. Агар бунга қодир бўлмасангиз, мен Сурия ҳукумати ва Россия билан келишув тузишим керак бўлади, бу ерга уларнинг самолётларини бизни ҳимоя қилишлари учун таклиф қиламан», деган у.

Якшанба куни Рейтер агентлиги курдларнинг етакчилари ва Асад ҳукумати вакиллари россияликлар авиацияси жойлаштирилган Хмеймим базасида музокара ўтказгани ҳақида хабар тарқатди.

Al Mayadeen телеканали якшанба куни Сурия армияси яқин вақтлар ичида курдлар яшайдиган Манбиж ва Кобани шаҳарларида назорат ўрнатиши кутилаётганини маълум қилди. Сурия армиясининг шимолга жўнатилган ҳарбийлари миқдори аниқ келтирилмади.

Америка ҳукумати якшанба куни Сурия шимолидаги барча америкалик ҳарбийлар олиб кетилиши учун тайёргарлик бошланганини маълум қилди.

«Сўнгги 24 соат давомида биз Туркия жанубга томон ҳужумини давом эттириш ниятида эканини англадик. Улар режадагидан ҳам ичкарироққа киришмоқчи.  Бу ҳолатда биз икки томондан армиялар ҳужумига учраш хавфи остида қолишимиз мумкин», деди Пентагон раҳбари Марк Эспер. У олиб кетиладиган ҳарбийлар сонини аниқ айтмади, аммо гап 1 минг нафар атрофидаги америкалик ҳарбийлар ҳақида кетаётгани билдирилди.

New York Times нашри курдлар ва Дамашқ ўртасидаги келишув Сурия низосидаги бурилиш нуқтаси бўлгани ҳақида ёзди.

Нашрнинг қайд этишича, бир томондан Вашингтон бу можарода ҳал қилувчи ҳаракатларни амалга ошириш имкониятидан деярли маҳрум бўлди, бошқа томондан бу келишув ИШИД устидан қийинчилик билан қозонилган ғалабани таҳдид остига қўймоқда.

Франция президенти Эммануэль Макроннинг сўзларига кўра, француз томони туркларнинг ҳужумини тўхтатиш учун ҳаракат қилмоқда.

 «Биз сўнгги соатларда президент Трамп билан ҳам, президент Эрдўған билан ҳам гаплашдик. Биз иккимиз (Макрон ва Трамп) бу ҳужум тўхтатилишини истаймиз. Биз иккимиз ҳам бу ҳужум минтақада гуманитар ҳолат ёмонлашиши ва ИШИД яна уйғонишига олиб келиши мумкинлигини кўриб турибмиз», деган Франция президенти.

Гуманитар ҳолат
Туркия ҳукумати ҳарбий объектларга зарба бераётгани айтмоқда, аммо курдлар ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётганини маълум қилмоқда. 

БМТ маълумотига кўра, «Тинчлик булоғи» номли амалиёт бошланганидан буён 130 мингга яқин киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган ва халқаро ташкилот агар амалиёт давом эттирилса Яқин Шарқда янги гуманитар инқироз юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Чегара ҳудудида икки томоннинг ҳам қурбонлари кундан кунга ортиб бормоқда:

  • Қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган Суриядаги Инсон ҳуқуқлари вазиятини мониторинг қилувчи ташкилот маълумотига кўра, сўнгги 5 кун ичида камида 50 нафар тинч аҳоли вакили ва 100 нафардан ортиқ курд жангчиси ҳалок бўлган
  • Сурия демократик кучлари маълумотига кўра, 56 нафар курд жангчиси ҳалок бўлган, Туркия томони бу рақам 440 нафарни ташкил қилишини айтмоқда
  • Туркия томони маълумотига кўра, Туркия жанубига йўлланган ракета зарбалари оқибатида тинч аҳоли вакиллари бўлган 18 киши, жумладан бир нафар суриялик бола ҳалок бўлган
  • Турклар томонида жанг қилаётган Сурия мухолифат кучларининг 16 нафар ҳарбийси ва Туркия армиясининг 4 нафар аскари ҳалок бўлган

Айн-Иссадан қочиш

Сурия шимолидаги асирлар лагерларидан бири / REUTERS

Якшанба куни Сурия шимолидаги Айн-Исса лагеридан юзлаб кишилар қочиб кетди, улар ИШИД жангариларининг оила аъзоларидир. Сурия курдлари аввалроқ Туркия ҳужуми муносабати билан бу ҳудуддаги лагерлар ва қамоқхоналарни қўриқлай олмасликлари ҳақида огоҳлантиришганди.

Айн-Иссадан қанча одам қочгани тафсилотлари ҳозирча маълум эмас, мониторинг маълумотига кўра қочиб кетган асирлар сони 100 нафар атрофида. Аммо курдлар хорижлик жангариларнинг оила аъзолари бўлган 800 нафарга яқин киши қочишга муваффақ бўлганини айтмоқда.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған эса асирлар қочиб кетгани ҳақидаги хабарларни ишончсиз хабарлар деб атади. 

Айн-Иссада 12 мингга яқин киши, жумладан ИШИДга алоқадор бўлган 1000 нафарга яқин аёллар ва болалар сақланарди.

Курдлар маъмурияти ҳозирда лагерни ҳеч ким қўриқламаётганини маълум қилган.

Би-би-си муҳаррири Себастьян Ашернинг сўзларига кўра, агар асирлар чиндан ҳам қочиб кетган бўлса, минтақада юзага келган ҳолат туфайли бу қочқинлар қаерда пайдо бўлиши мумкинлигини олдиндан айтиб бўлмайди.

Курдларнинг Сурия демократик кучлари айни вақтда ИШИД билан алоқадор бўлган бир неча минг жангариларни асирликда тутиб турибди. Минтақадаги 7та турмада жами 12 мингдан ортиқ собиқ жангарилар сақланмоқда. Улардан 4 мингга яқини хорижликлардир. Улар сақланаётган қамоқхоналарнинг жойлашуви ҳақида аниқ маълумотлар йўқ, лекин ОАВ маълумотига кўра, улар Туркия билан чегара яқинида жойлашган.

Курдлар бир неча марта Туркия ҳужумни давом эттирса, ИШИД қайта уйғонишидан огоҳлантирганди.

«Асирлар қамоқда қолиши кимлар учун керак бўлса, улар келиши ва ечим топиши керак», деган курдлар етакчиларидан бири Редур Кселил.

Ўтган ҳафтанинг жума куни курдлар яшайдиган Қамишли ва Хасака шаҳарларида портловчи қурилмалар ўрнатилган автомобиллар портлатилди. Бу терактлар учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди. Шанба куни эса ИШИД Сурияда курд қамоқхоналарида сақланаётган сафдошлари учун қасос олиш мақсадида Сурияда янги кампания бошлаганини эълон қилди.

Турклар ҳужумни қай йўналишда олиб бормоқда?

Рас-ал-Айн тинимсиз равишда зарбага учрамоқда./ GETTY IMAGES

Рас-ал-Айн ва Телл-Абяд шаҳарларини эгаллаш - Туркия армиясининг асосий мақсади. 

Шанба куни чегарадаги муҳим шаҳар Рас-ал-Айн учун жанг ҳал қилувчи босқичига кирди. 

Аввалига Туркия ўз иттифоқчилари - суриялик мухолифатчилар бу шаҳар устидан назорат ўрнатгани ҳақида маълумот тарқатди, аммо курдлар бу маълумотни рад этиб чиқди.

Бир неча кундан буён шаҳар устидан Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари учмоқда ва курдларнинг позицияларига авиазарбалар берилмоқда.

Туркиянинг Суриядаги иттифоқчилари ҳам чегарадан бошлаб 30 км ҳудуддаги йўллар ва ўнлаб қишлоқлар устидан назорат ўрнатилганини маълум қилди.

Якшанба куни туркиялик ҳарбийлар Сурия шимолидаги стратегик аҳамиятга эга М-4 шоссеси устидан назорат ўрнатгани, турклар Сурия ичкарисига 35 километргача кириб боргани ҳақида хабарлар тарқалди.

Турк ҳарбийлари чегара бўйлаб 120 км масофада исталган нуқтадан артиллерия ва авиация орқали Сурия демократик кучлари позицияларига ҳужум қилмоқда.

Сурияда инсон ҳуқуқлари вазияти мониторинги маълумотига кўра, шанба куни Сурия шимолида авиазарба оқибатида ҳалок бўлган 9 киши орасида курд ҳуқуқ фаоли ва сиёсатчиси, Сурия келажаги партияси бош котиби Хервил Халаф ҳам бор эди. У кетаётган автомашина Телл-ал-Абьяд шаҳридан жанубда пистирмага тушиб қолган. Курдлар бу ҳужумда Сурия миллий армияси ҳарбийларини айблаган.

Операцияга қандай муносабат билдирилмоқда?
Туркияга ҳужумни тўхтатиш талаб қилиниб, халқаро ҳамжамият томонидан босим ўтказилмоқда. Аммо президент Ражаб Эрдўған ҳужум давом эттирилишини таъкидламоқда.

Шанба куни Франция Туркияга қурол-яроғ экспорти тўхтатилишини маълум қилди. Германия ҳукумати эса НАТО бўйича иттифоқчиси бўлган бу давлатга қурол етказиб бериш ҳажмини қисқартирди.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ҳам Эрдўған билан телефон орқали мулоқот чоғида турклар бошлаган ҳарбий амалиёт Сурияда «ИШИДга қарши олиб борилган ишлар натижасини йўққа чиқариши мумкинлиги»дан огоҳлантирди.

Курдлар эса Трамп америкалик ҳарбийларни олиб чиқишга кўрсатма бергани учун ўзларини алданган ҳис қилишмоқда. АҚШ президенти Туркия ва курдлар келишувга эришишини исташини, ўзи бу музокараларда воситачи бўлишга тайёрлигини маълум қилди.

Президент Трамп ҳужум тўхтатилмаса, Туркияга қарши кучли санкциялар қўлланишидан огоҳлантирмоқда.

Берлинда турклар амалиётига қарши акция / REUTERS

Шанба куни Париж, Берлин ва бошқа шаҳарларда минглаб европаликлар Туркиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётига қарши норозилик акцияларини ўтказишди.

Мавзуга оид