Жаҳонгир Отажонов, Абдулла Қурбонов ва яна икки санъаткорнинг лицензияси қайтариб берилди
Жамоатчиликнинг кескин норозилиги ортидан «Ўзбекконцерт» Жаҳонгир Отажоновнинг икки кун олдин бекор қилинган лицензиясини тиклашга мажбур бўлди.
Айрим сабабларга кўра «Ўзбекконцерт» томонидан лицензияси муддатидан олдин тўхтатилган санъаткорлар Жаҳонгир Отажонов, Абдулла Қурбонов, Шаҳло Аҳмедова ва Ҳалима Ибрагимовага ижодий фаолиятини давом эттириш учун рухсат берилди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, чоршанба куни «Ўзбекконцерт»да бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишда шундай қарорга келинган.
«Улар бундан буён ўз ижодларини ривожлантириш ва халқимизга астойдил хизмат қилишларини маълум қилганликлари сабаб уларнинг вақтинча олиб қўйилган ва тугатилган лицензияларини қайтарганлигимизни маълум қиламиз», – деди муассаса директори Одилжон Абдуқаҳҳоров.
«Ўзбекистон Республикаси президентининг санъат аҳлига бўлган ғамхўрликлари, кечиримлилиги ҳамда эътибори соҳа ходимларига бемисл куч-ғайрат бахш этади. Бундай эътиборга асл санъат намуналарини яратиш, халқимизга астойдил хизмат қилиш билангина жавоб қайтаришимиз лозим», – деб қўшимча қилди у.
Абдуқаҳҳоров ўз сўзида «Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролар мурожаатларини жойида ўрганиб, муаммоларига ечими топиш ва халқни рози қилиш учун кенг кўламли ишлар» қилинаётганини, ўзи раҳбарлик қилаётган муассаса ҳам «бу ислоҳотлардан тўлиқ хулоса чиқарган ҳолда, ўз фаолиятини ана шундай принциплар асосида олиб бораётгани»ни ҳам таъкидлаб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг лицензияси икки кун олдин, 14 октябрда тугатилган эди. «Ўзбекконцерт»нинг бу ҳақдаги баёнотида Отажонов «ўзининг маънавий қадриятларимизга мутлақо ёт бўлган номуносиб ҳаракатлари орқали муассаса билан тузилган лицензия битими талаб-шартларини мунтазам равишда бузиб келгани» айтилганди. Давлат муассасасининг бу қарор ва баёноти ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди.
Хонанда Абдулла Қурбонов эса шу йил май ойида, қизиқчи Ҳалима Ибрагимова февралда лицензиясидан маҳрум бўлганди.
Мавзуга оид
11:00 / 04.10.2024
195 км/соат тезликда автомобиль бошқарган Жаҳонгир Отажонов жаримага тортилди
14:04 / 03.10.2024
Жаҳонгир Отажонов ўз автомобилида 195 км/соат тезликда ҳаракатланди
20:46 / 19.07.2024
«Ўзбекконцерт» лицензиясиз фаолият юритган 65 нафар санъаткорга чора кўрди
12:39 / 09.10.2023