Ўзбекистон | 10:53 / 18.10.2019
35793
2 дақиқада ўқилади

«Яллама» пости орқали жисмоний шахслар ва айрим турдаги транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланади

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

1 ноябрдан бошлаб “Б.Конисбаев” чегара ўтказиш пунктида пиёда жисмоний шахслар, енгил автотранспорт ва 3,5 тоннагача юк кўтариш қобилиятига эга бўлган юк автотранспорт воситалари ҳаракати 2020 йил 1 ярмига қадар тўхтатилади.

Давлат божхона қўмитаси хабарига кўра, Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси билан чегарада жойлашган “Б.Конисбаев” чегара ўтказиш пунктида қайта қуриш ва кенгайтириш ишлари олиб борилади.

Шу муносабат билан қўмита товар ҳамда транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтувчи ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, ташувчилар, енгил автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ва пиёда равишда ҳаракатланувчи жисмоний шахсларга вақтларини тежаш, сарф-харажатларнинг олдини олиш мақсадида ўзбек-қозоқ чегарасида жойлашган бошқа муқобил ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланишлари мумкинлигини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг “Б.Конисбаев” чегара ўтказиш пункти Тошкент вилояти Чиноз туманидаги “Яллама” чегара ўтказиш пунктига туташ ҳисобланади.

Мавзуга оид