Жамият | 22:59 / 19.10.2019
8308
3 дақиқада ўқилади

АОКА сайтлар ва блогерларга қонунчиликка зид шарҳларни ўчириш мажбуриятини юкловчи Низом лойиҳасини муҳокамага қўйди

АОКА томонидан муҳокамага ташланган Ҳукумат қарори лойиҳасидаги Низомга кўра, веб-саҳифа, мессенжер эгалари ва блогерлар хабарнома олган пайтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмасдан қонунчиликка зид ахборотни ўчириши ва Агентликни бундан хабардор қилиши керак бўлади.

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Вазирлар Маҳкамасининг «Бутунжаҳон интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Кўзда тутилаётган ўзгартиришларга кўра, ҳукуматнинг 2018 йилдаги 707-сонли қарорига 4-илова сифатида веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шу жумладан блогерга веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифасидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид ахборотни ўчиришни талаб этувчи хабарномани юбориш тартиби тўғрисида Низом муҳокамага қўйилган. Бу ҳақда АОКА матбуот котиби Ҳикматилла Убайдуллаев ўз телеграм каналида хабар қилди.

Ўзбекистон Республикасининг «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуни 12-1-моддасига кўра веб-сайт ёки веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ўз веб-ресурсларидан жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган ҳаракатларни содир этиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўймаслиги, шундай ҳолатлар содир бўлганда қонунга зид ахборотларни дарҳол ўчириб ташлаши шартлиги белгиланган.

Ҳукумат қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ахборот маконида шахс ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш, интернет ОАВ вакиллари ва блогерлар веб-саҳифаларига қонунга зид шарҳлар ёзилганда уларни аниқлаш ва зудлик билан ўчириб юборишни тизимли равишда ташкил қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Эндиликда, веб-сайт ёки мессенжер саҳифалари эгаларига, шу жумладан блогерга, мавжуд конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи ва бошқа ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқарувчи шарҳлар жойлаштирилганда, уларни дарҳол ўчириб юбориш учун веб-сайт ёки мессенжер саҳифалари эгаларига, шу жумладан блогерга Агентлик томонидан хабарнома юборилади.

Таъкидлаш ўринлики, веб-сайт ёки мессенжер саҳифалари эгаси, блогер хабарнома олинган пайтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлган ахборотни зудлик билан ўчириб ташлаши, шунингдек бу тўғрида Агентликни хабардор қилиши лозим бўлади.

Мавзуга оид