Ўзбекистон | 21:30 / 30.10.2019
6527
3 дақиқада ўқилади

Давстатқўм: 2017 йилгача халқаро ташкилотларга Ўзбекистон ҳақидаги статистик маълумотлар берилмаган

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Халқаро ташкилотлар томонидан эълон қилинган ҳисоботлар билан Давлат статистика қўмитаси тарқатган маълумотлар ўртасида тафовут кузатилган ҳолатлар мавжуд. Давлат статистика қўмитаси раиси ўринбосари Агзам Икрамов буни 2017 йилгача Ўзбекистон томонидан халқаро ташкилотларга статистик маълумотлар тақдим этилмагани билан изоҳлади.

Унинг айтишича, 2017 йил 31 июлда Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Айнан шу қарорда белгилаб берилган муҳим вазифалардан бири халқаро ташкилотлар билан ишлашни йўлга қўйиш ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб Давстатқўм БМТнинг статистика бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ишлаб келмоқда.

Бундан ташқари, халқаро статистика ва молия институтларининг расмий органлардан статистик кўрсаткичларни олиш учун тузиладиган саволномалар асосида бирор бир мамлакат ҳақидаги маълумотлар йиғилади. Саволномалар орқали аниқланадиган кўрсаткичлар асосида ҳар битта давлатнинг статистикаси юритилади. Шу тартибда Давлат статистика қўмитаси томонидан тўпланадиган Ўзбекистон ҳақидаги иқтисодий ҳамда молиявий маълумотлар халқаро статистика ва молия институтларига тақдим этиб борилади.

«Президент қарори чиққандан кейин 2017 йилнинг ўзида 9та халқаро ташкилотнинг 17та, 2018 йилда эса 23та саволномасига жавоб бердик. 2018 йилдан бошлаб барча саволномалар асосида Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларни халқаро ташкилотларга тўлиқ тақдим этиб келмоқдамиз. 2018 йилгача халқаро ташкилотларга бундай маълумотлар берилмаган. Энди халқаро ташкилотлар томонидан эълон қилинган ҳисоботлар билан Давлат статистика қўмитаси тарқатган маълумотлар ўртасида тафовут кузатилганига тўхталадиган бўлсак, бу 2018 йилгача бўлган даврда бўлгандир балки. Бироқ халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларига асос бўлган маълумотлар қаердан олингани, қандай ҳисоб-китоб қилинганини биз билмаймиз. 2019 йилда 11 халқаро ташкилотнинг 21та саволномасига жавоб берилди. Ҳозирча барча халқаро статистик кўрсаткичларни қамраб ололганимиз йўқ, шунга қарамай йилдан-йилга халқаро ташкилотларга тақдим этаётган маълумотларимиз ўсиб бормоқда», дея Агзам Икрамовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат статистика қўмитаси Макроиқтисодий индикаторлар ва миллий ҳисоблар бошқармаси бошлиғи Азиз Мамировнинг қайд этишича, Ўзбекистон 2018 йили май ойида Халқаро валюта фондининг маълумотларни тарқатиш тизимига уланган. Ушбу тизим орқали стандарт маълумотларни мунтазам тақдим этиб борилмоқда.

«Мамлакатимиз ҳақидаги охирги ҳаққоний маълумотларни ўша ердан олса бўлади. Ўтган йилдан эътиборан ХВФга сўралган маълумотларни тақдим этиб боряпмиз», дейди у.

Мавзуга оид