Иқтисодиёт | 10:21 / 22.07.2021
13527
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ярим йилда 200 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда металлургия саноатининг улуши 13 фоизга, тўқимачилик 20,9 фоизга ўсди.

2021 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон корхоналари томонидан 200,1 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди ва 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 8,5 фоизга ўсиш кузатилди.

Қайси маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ўсиш кузатилди?

Давлат статистика қўмитасига кўра, жами саноат ишлаб чиқариш физик ҳажми ортишининг асосий омили:

  • тоғ-кон саноати ва очиқ конларда ишлаш 7,5 фоиз;
  • ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноатнинг 8,6 фоизга;
  • электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялашнинг 12,1 фоизга;
  • сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш 3,5 фоизга ўсиши бўлиб хизмат қилди.

Ўтган 6 ой давомида машина ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва ўрнатиш, автотранспорт воситалари, яримприцеплар ва бошқа тайёр буюмларни ишлаб чиқариш улуши жами саноат ишлаб чиқаришининг 17,6 фоизини ташкил этиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 0,7 фоизга ўсди.

Металлургия саноатининг улуши 27,2 фоиз бўлиб, ўтган йил мос даврига қараганда 13 фоизга, тўқимачилик, кийим, тери маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг улуши 18 фоиз бўлиб, 2020 йилга қараганда 20,9 фоизга ўсди.

Шунингдек, озиқ-овқат, ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг улуши 16,3 фоиз бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,9 фоизга юқорилади. Кимё  маҳсулотлари, резина ва пластмасса буюмларини ишлаб чиқаришнинг улуши 9,4 бўлиб, 2020 йилнинг шу даврига кўра 6,4 фоизга ўсди.

Қайси ҳудудларда ишлаб чиқариш ҳажми юқори бўлди?

Республика саноат ишлаб чиқариши ҳажми таркибида энг кўп улуш Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келди. Энг паст улуш эса Сурхондарё ҳамда Жиззах вилоятларида қайд этилди.

Навоий вилоятида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш аҳоли жон бошига 34 млн 493 минг сўмдан тўғри келиб, республикадаги энг баланд кўрсаткич бўлди. Ушбу ҳажм Тошкент вилоятида киши бошига 12 млн 278 минг сўмдан, Тошкент шаҳрида 13 млн 488 минг сўмдан тўғри келди. Манбада мазкур ҳудудларда йирик саноат корхоналари жойлашгани сабабли кўрсаткичлар юқори экани келтирилган.

Йил бошидан буён республика бўйича аҳоли жон бошига истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши 1 млн 852 минг сўм бўлгани ҳолда, Тошкент шаҳрида 5 млн 254 минг 500 сўмни, Андижон вилоятида 3 млн 418 минг 800 сўмни, Тошкент вилоятида 2 млн 449 минг 600 сўмни ва Сирдарё вилоятида 2 млн 27 минг 700 сўмни ташкил этди.

Ўзбекистонда нечта саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда?

Манбага кўра, айни пайтда Ўзбекистонда 89,8 мингта саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Шундан 16,4 мингтаси Тошкент шаҳрида, 9,8 мингтаси Фарғона вилоятида, 9,2 мингтаси Тошкент вилоятида, 9,1 мингтаси Андижон вилоятида, 7,8 мингтаси Самарқанд вилоятида ва 7,1 мингтаси Наманган вилоятида жойлашган.

Маълум қилинишича, йил бошидан буён республикада 11 минг 117та янги саноат корхоналари ташкил этилди. Шулардан 1 минг 233таси Фарғона вилоятида, 1 минг 109 таси (10 фоиз) Самарқанд вилоятида, 959 таси (8,6 фоиз) Қашқадарё вилоятида, 967таси (8,7 фоиз) Наманган вилоятида, 1 минг 186 таси (10,7 фоиз) Тошкент шаҳрида фаолият юритади.

Бугунги кунда шаҳар ва туманлар кесимида фаолият кўрсатаётган энг кўп саноат корхоналари жойлашган ҳудудлар ўнталигида Андижон, Наманган, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади.

2021 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, республикада фаолият кўрсатаётган энг кам саноат корхоналари жойлашган ҳудудлар ўнталигига Сирдарё, Жиззах, Қорақалпоғистон ва Сурхондарё вилоятидаги туманлар кўрсатилган.

Мавзуга оид