Ўзбекистон | 17:20 / 31.10.2019
17029
4 дақиқада ўқилади

Ижтимоий соҳаларга ажратиладиган маблағ ҳажми оширилади — 2020 йилги бюджет харажатлари таҳлил қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ-бюджет сиёсати, давлат бюджетининг жорий йилда кутилаётган ижроси ва 2020 йилга мўлжалланган параметрлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

«Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилган солиқ ислоҳотлари тушумлар кўпайишида ижобий натижалар бермоқда. Буни халқаро молиявий институтлар ҳам тасдиқламоқда.

Масалан, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони 12 баробар, фойда солиғи тўловчилари сони 6,5 баробарга ошган. Иш ҳақига нисбатан солиқ юки кескин пасайтирилгани натижасида даромад солиғи тўловчилари сони 700 мингга, ушбу солиқ тушуми эса 2 баробарга ортди.   

Мазкур ислоҳотларнинг давоми сифатида жорий йил 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилиб, қатор имтиёзлар бекор қилинди. 2020  йил 1 январдан эса давлат улуши бор корхоналарга ҳам ягона ижтимоий тўлов 25 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилади. Бу чоралар натижасида келгуси йилда солиқ тўловчилар ихтиёрида 12,8 триллион сўм миқдорида маблағлар қолади.

Президентимиз Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасига 2020 йил учун прогноз қилинган бюджет тушумини таъминлаш юзасидан топшириқлар берди. Бунда электрон ҳисоб-фактура, замонавий маркировка, онлайн касса машинаси каби илғор технологияларни кенг жорий этиш орқали солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Божхона органларида самарали ишлайдиган янги вертикал тизимни шакллантириш, бунда импорт қилинаётган товарлар нархини ҳаққоний баҳолаш, риск-анализ ва бошқа замонавий усулларни кенг қўллаш, шунингдек, ички назоратни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида. 

Давлат раҳбари солиқ юкини пасайтириш иқтисодиётга ва аҳоли фаровонлигига ижобий таъсир этишини инобатга олиб, бу масалага алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. 

Йиғилишда 2020 йил бюджетининг харажатлар қисми ҳам чуқур таҳлил қилинди. 

Жумладан, келгуси йили ижтимоий соҳалар учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳажми ортиши кўзда тутилган. Масалан, соғлиқни сақлаш тизимига йўналтириладиган харажатлар жорий йилдагига нисбатан 18 фоизга, таълим соҳасига – 10 фоизга ва илм-фан ривожига – 47 фоизга кўпаяди. Қолаверса, таълим, тиббиёт, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, инфратузилмаларни яхшилаш каби йўналишларда 100га яқин мақсадли дастурлар режалаштирилган.

Аҳолини дори воситалари билан таъминлаш учун 1,3 баробар, болалар спорти дастури учун 3 баробар, геология-қидирув ишлари дастурига 4 баробар кўп маблағ ажратиш мўлжалланган.

Шунингдек, пахтачилик ва боғдорчиликда сув тежовчи технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилиш харажатларига ҳам алоҳида ўрин берилган. 

Президент харажатлар борасидаги энг устувор вазифа молия-бюджет интизоми, йўналтирилаётган ҳар бир сўм иқтисодиёт учун қандай натижа бераётгани асосий мезон бўлиши лозимлигини таъкидлади. Молия вазирлиги ва Ҳисоб палатасига бюджетдан молиялаштириладиган дастурларнинг мақсадли индикаторларини белгилаш ва ижросини баҳолаш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. 

Ҳокимликларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш мақсадида ҳудудий молия органларини тўлиқ маҳаллий давлат органлари тузилмасига ўтказиш зарурлиги таъкидланди. 

Автомобиль йўллари, ирригация, мелиорация каби соҳаларга инвестиция харажатлари бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.

Муҳокама қилинган барча жиҳатларни ҳисобга олиб, «2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига тақдим этиш кераклиги қайд этилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид