Ўзбекистон | 18:29 / 01.11.2019
115908
2 дақиқада ўқилади

Дубай шаҳзодаси бир ой ичида иккинчи марта Ўзбекистонга келди

Дубай амирлигининг тахти вориси Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад Ол Мактум октябрь ойида икки марта Ўзбекистонда бўлди.

Фото: Instagram.com/faz3

Telegram'даги AviaSpotter каналининг маълумот беришича, Дубай ҳукуматига хизмат кўрсатувчи «Dubai Royal Air Wing» самолёти 31 октябрь, куннинг биринчи ярмида Тошкентга қўнган.

Шайх Ҳамданнинг Instagram'га юклаган суратларига кўра, у «Tashkent City» ҳудудидаги «Hilton» меҳмонхонасига жойлашиб, пайшанба куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашган. Шаҳзода, шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев оиласи вакилларининг ҳам меҳмони бўлган.

Фото: Instagram.com/faz3
Фото: Instagram.com/faz3

Дубай тахти вориси октябрь ойи ўрталарида ҳам Ўзбекистонда бўлиб, Навоий шаҳридан қарийб 50 километр узоқликдаги чўл ҳудудида лочинлар билан ов қилган эди.

Бу ҳудудда 300 гектар майдонни эгаллаган «Амирликларнинг йўрға тувалоқни асраш маркази» (АЙТАМ) жойлашган.

Ушбу марказ БАА вице-президенти – Дубай амирлигининг ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ташаббуси билан 2008 йилда ташкил этилган.

Ўзбекистонда лочинлар билан ов қилиш мавсуми сентябрь-октябрь ойларида бўлади, шу вақт давомида тувалоқлар ёввойи табиатга учирилади. 2012 йилдан буён Навоийдаги марказ томонидан табиатга 10 мингга яқин йўрға тувалоқ ёввойи табиатга учирилган.

Маълумот учун, Ҳамдан ибн Муҳаммад Ол Мактум – Дубай амири Муҳаммад ибн Рошид Ол Мактумнинг ўғли, Дубай амирлигининг меросхўр шаҳзодаси, 1982 йилда туғилган. У жуда фаол ҳаёт кечириши билан машҳур. Унинг қизиқишлари доираси кенглиги ҳаммани ҳайратга солади. Шаҳзода парашютдан сакраш, сув остига шўнғиш, балиқ ови, лочин ови, сноубординг, велоспорт ва спортнинг кўплаб бошқа турларига қизиқади. «Фазза» тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзади.

Мавзуга оид