Ўзбекистон | 08:20 / 02.11.2019
6869
3 дақиқада ўқилади

Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази ташкил этилди

Президентнинг 30 октябрдаги қарорида Марказнинг асосий вазифалари, фаолият йўналишлари ва мақоми белгиланди. Бу ҳақда Norma ёзмоқда
 
Марказ – ННТ, қайта ташкил этилаётган Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг (ФЖШМҚМИ) ҳуқуқий вориси ҳисобланади. Марказ директори лавозимига кўра Президент ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши раҳбари ўринбосари ҳисобланади. 1 ноябрдан ЯТС бўйича ходимларнинг лавозим маошларини белгилашда тегишли тариф коэффициентлари икки баравар оширилади.
 
Давлат органлари раҳбарлари Марказга ҳар томонлама кўмаклашади, сўралган маълумотларни ўз вақтида тақдим этади, ундан олинган материаллар ва тавсияларни кўриб чиқади. Марказ ўз вазифаларини бажариши учун шартнома асосида етакчи, шу жумладан хорижий муассасалар экспертларини жалб этиш ҳуқуқига эга.
 
Фуқаролик жамияти институтлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган барча НҲҲ лойиҳалари мажбурий тартибда Марказ билан ҳам келишилади. Марказ томонидан ўтказилган ўрганишлар ва таҳлилларнинг натижалари Ҳукумат ва Парламент томонидан мунтазам муҳокама қилинади ҳамда ОАВда ёритилади. Ҳар йили Марказ Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ҳолати ва уни ривожлантириш тенденциялари тўғрисидаги маърузани Президент ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашига кўриб чиқиш учун киритади, у эса давлат раҳбарига ахборот беради.
 
Марказга фуқаролик жамияти ривожланишини, унинг институтларининг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик даражасини, шунингдек, уларнинг мамлакатни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий жиҳатдан ривожлантиришга, шу жумладан 2030 йилгача бўлган даврда БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадларини амалга ошириш доирасида қўшган ҳиссасини баҳолаш индикаторларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия этилган.
 
Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби сақлаб қолинади. Қўшимча манбалар сифатида грантлар, ҳомийлик хайриялари, хўжалик фаолияти ва хизматлардан тушган тушумлар ва тақиқланмаган бошқа манбалар назарда тутилади.

Мавзуга оид