Жамият | 19:40 / 04.11.2019
17034
6 дақиқада ўқилади

«Изоҳ бор, лекин журъат йўқ». Ўзбек журналистикасининг бугуни ҳақида фикрлар

«Олдин фақат йўлдаги чуқурлар ҳақида ёза олган бўлсак, ҳозир ундан ҳам катта мавзуларни ёза оляпмиз, лекин ундан-да каттасини ёзгимиз келяпти. Коррупцион масалалар, манфаатлар тўқнашуви ҳақида ёзгимиз келяпти».

Муҳрим Аъзамхўжаев

«Alter Ego» дастури муаллифи Кирилл Альтман Ўзбекистондаги онлайн медиа вакиллари билан суҳбатлашди.

Дастурда соҳа ходимлари мамлакатдаги журналистика ва сўз эркинлигининг бугунги ҳолати борасидаги ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.

Жумладан, Daryo.uz муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаевнинг сўзларига кўра, мамлакатда матбуот ва блогерларнинг таъсири билан ўз ечимини топаётган муаммоларнинг аксарияти – маиший масалалардир. Айрим мавзуларда эса расмийлар шунчаки сукут сақлашни афзал билмоқда.

– Давлатнинг қайсидир органлари, қайсидир амалдорлар ОАВда чиқаётган, Telegram`да ёзилаётган нарсаларга эътибор беряпти. Ёки қўрқишяпти. Дейлик, Президент Администрациясидагиларга, Кабминдагиларга етиб бормаслиги учун муаммони ҳал этишга ҳаракат қилишяпти. Лекин ҳал қилинаётган муаммоларнинг ҳам, кўтарилаётган муаммоларнинг ҳам кўпи – маиший нарсалар.

«Снос»лар бўйича ҳокимлар чиқиб узр сўради. Узр сўрашгача олиб борилди-ю, лекин жуда ҳам тўртинчи ҳокимият бўлиб кетдик, деб ўйламайман. Сўз эркинлиги энг юқори даражасига чиқди, деган фикрда эмасман. Чунки шунақа ҳолатлар борки, қайта-қайта ёзасиз, ижтимоий тармоқларда муҳокама бўлади, лекин барибир ҳеч нарса ўзгармайди. У нарсани шунчаки «игнор» қилишади, бўлди. Ундан ўтиб кетилади ва эсдан чиқарилади.

«Ёзаверасиз-ёзаверасиз, фойдаси бўлмаяпти-ку? Ўзгармаяпти-ку?» дейди журналистлар. Ҳеч қанақа сигнал йўқ. Feedback йўқ. Нима қиламан ёзиб, дейди. Кейин бошқа мавзуга ўтиб кетади. Бу ерда журналистиканинг ҳам муаммоси бор, лекин бу муаммони сабаби – ижро ёки суд ҳокимиятининг бепарволигидан. Шунчаки «игнор» қилишидан. Ҳеч қанақа жавоб олиб бўлмаганидан кейин, нима қиламан ёзиб, дейди-да.

Мисолларни кўп келтириш мумкин. Масалан, тўртинчи ҳокимият бўлиб, биз 722 Range Rover`ларнинг рақамини ким ечиб олди, нега ечиб олди, била олганимиз йўқ. На шаҳар, на республика «ГАИ»си ҳеч қанақа изоҳ бергани йўқ. Улар қўрқишмади ҳам-да. Шу ишни қилганлар ҳам қўрқмаган.

Ҳеч қанақа изоҳ олиб бўлмади. Range Rover`ларнинг рақами ечиб олинган куни биз эрталабдан кечгача шаҳар ИИББга ҳам, «ГАИ»га ҳам, республика «ГАИ»га ҳам чиқдик. Республика «ГАИ»: «Биз билмаймиз», деди. Шаҳар ИИББ: «Биз изоҳ берамиз, фақат кейинроқ, кейинроқ, кейинроқ...» Ҳеч қанақа изоҳ беришмади.

Ғалати ҳолат-да. Бир кечада 40-50та Range Rover`ни шундай чақириб, номерини ечволиб, бошқа номер берворса... Агар биз Комил Алламжонов айтганидек тўртинчи ҳокимият бўлганимизда қанақадир изоҳ ола олган бўлардик. Изоҳ бор... Лекин уни ёзишга журъат йўқ.

Ўзбекистонда сўз эркинлиги борми, деган саволга журналист: «Қайсидир маънода бор», деб жавоб берган.

– Қайсидир маънода бор. Таққослашда кўринади. Мисол учун, 2016 йилда биз бунақа интервью ҳам қилолмасдик. Ҳозир айтганим «722»лар тўғрисидаги гапимни ҳам айта олмасдим. 2016 йилда биз муҳокама қилишимиз мумкин бўлгани – йўллардаги чуқурлар, қаердадир дарахт синиб тушгани эди.

Орадан уч йил ўтди, биз бемалол ҳокимларнинг айбини айта оляпмиз. Йўлдаги чуқур одамларни қизиқтирмай қўйди. Одамларнинг муаммолари кўтарилган, улар: «Мана шу ҳокимни деб, шу амалдорни деб менинг ишим битмаяпти», деб айта оляпти. Олдин унақа эмасди. Олдин гапиришдан қўрқишарди.

2016 йилга нисбатан сўз эркинлиги бор, фарқ ер билан осмонча. Биз ўша пайтда қанақа гапириш мумкин, нимани сўраш мумкинлигини билмаганмиз ҳам. Энди билдик. Чегара катталашиб кетди. Ва бизнинг хоҳиш-истакларимиз ҳам кўпайиб кетди. Олдин фақат йўлдаги чуқурлар ҳақида ёза олган бўлсак, ҳозир ундан ҳам катта мавзуларни ёза оляпмиз, лекин ундан-да каттасини ёзгимиз келяпти. Коррупцион масалалар, манфаатлар тўқнашуви ҳақида ёзгимиз келяпти.

Муҳрим Аъзамхўжаевнинг фикрича, кўплаб мавзуларни кўтариб чиқишда ҳамон қўрқув бор.

– Гапириб бўлмайдиган мавзулар кўп. Мавзу кўп деган билан, бизда ҳали ҳам қўрқув бор. Балки 2016 йилда мумкин бўлмаган юзта мавзудан 75таси ҳозир мумкин бўлган бўлиши мумкин. Биз қўрқаётганимиз учун ҳали ҳам бу мавзуларга тегмаяпмиз. Бунинг оқибатини билмаймиз. Агар ёзсак, бизга телефон бўлмайдими, олдимизга кимдир келмайдими...

Тақиқланган мавзулардан ҳам олдин, бу ерда энг асосий муаммо – ўзимиздаги қўрқув. Қўрқув ҳали чиқиб кетгани йўқ. Чиқиб кетмаётганига сабаб ҳам бор: бир хил ҳолатлар бўляптики, бир минора «А» деган бўлса, эртасига иккинчи минора чиқиб, «Йўқ, А эмас, Б», деяпти. Биз эса тушунмаяпмиз, қайси бири бўйича кетишимиз керак.

Мавзуга оид