Фан-техника | 16:20 / 10.11.2019
55476
3 дақиқада ўқилади

120 марта нафас олиш 21 доллар: швейцарияликлар ҳаводан пул қилмоқда

Энди исталган киши Альп ҳавосидан нафас олиши мумкин. Швейцарияда ғаройиб стартап ишга тушди: Swiss Alpine Air компанияси интернет орқали тоғ ҳавоси савдосини бошлади. 

«Ҳар йили туристлар тетиклаштирувчи манзарадан завқ олиш ва тоза тоғ ҳавосидан нафас олиш учун Швейцариядаги Альп тоғларига келишади», – дейилади компания сайтида. – Тоғ манбаларидан олинган Швейцария суви, шоколад ва пишлоқни экспорт қиляпмиз. Шундай экан, нима учун тоза ҳавони экспорт қилмаслигимиз керак? Бу – дунёдаги энг зўр ҳаво».

Сайтда Альп тоғининг 7 литрга яқин ҳавоси юкланган баллончани сотиб олиш мумкин. Бу миқдор тахминан 120 марта нафас олиш ёки 10 дақиқалик ингаляция учун етарли.

Битта баллон 21 доллар туради. Маҳсулотга индивидуал ниқоб ҳам бириктирилган.

Ҳозирда уддабурон швейцарияликлар ўз лойиҳалари учун инвестор излашмоқда. Компания сайтида тоғ ҳавосининг асосий харидорлари ифлосланган атмосфера муаммосига айниқса кўп дуч келувчи хитойликлар бўлиши мумкинлиги айтилган.

BigPicture`нинг қайд этишича, «Альп мусаффолиги» тушунчаси реклама соҳасида фаол қўлланилади. Бу эса Швейцария фирмаси маркетологлари зиммасидаги вазифани анча енгиллаштиради.

Таъкидлаш жоиз, бу – хитойликларга ҳавони таклиф қилиш билан пул ишлашга доир биринчи лойиҳа эмас. 2015 йилда Канаданинг Vitality Air компанияси Канада тоғларидан йиғилган ҳаво билан савдо қилишни бошлаган. Ўшанда 500та баллондан иборат илк партия тўрт кун ичида сотиб бўлинган эди. Vitality Air бизнеси бугунгача муваффақиятли етиб келмоқда.

Тарихдан бунга яна бир мисол: 1929 йилда совет ёзувчиси Александр Беляев «Ҳаво савдогари» номли фантастик романини чиқарган. Роман сюжетига асосан, инглиз бизнесмени Бэйли ўзининг Ёқутистондаги яширин фабрикасида атмосфера ҳавосини сиқишни бошлайди. Дунёда ҳаво танқислиги бошлангач эса кислородни товарга айлантиради.

Мавзуга оид