Жамият | 12:25 / 10.11.2019
92507
4 дақиқада ўқилади

Юсуф Эстес: «Ўзбекистон устидан учиб ўтаётганимни билгач, парашют тақиб самолётдан сакраш фикри хаёлимга келди»

Фото: Saudi Press Agency

Facebook фойдаланувчиси Жаҳонгир Бобожонов америкалик таниқли ислом тарғиботчиси Юсуф Эстес билан кечган қисқа суҳбати видеосини ўз саҳифасига жойлаштирди.

Суҳбатда Эстес ҳеч қачон Ўзбекистонга бормагани, аммо бир марта самолётда шу ердан учиб ўтгани ҳақида гапириб, мамлакатнинг ислом оламида алоҳида ўрин тутишини таъкидлаб ўтган.

«Учувчи биз Ўзбекистон устидан учиб ўтаётганимизни, пойтахти Тошкент эканини айтди. Шунда ёдимга тушиб қолди, ахир бу – энг қадимий Қуръон қўлёзмаларидан бири сақланувчи музей жойлашган шаҳар-ку! Бу – Бухорийнинг юрти! Бу – мусулмонлар мамлакати, Термизийнинг юрти! Ва бошқа кўп-кўп... Ўйлаб қолдим, ҳозироқ парашют тақиб, самолётдан сакраб қолишимни иложи бўлганидами...

У ерга боришни чиндан ҳам хоҳлайман. Ҳозирча ҳеч бормаганман, лекин устидан учиб ўтганман», – дейди Юсуф Эстес.

Юсуф Эстес ким ўзи?

75 ёшли воиз 44 ёшигача христианлик динига эътиқод қилган, сўнг исломга кириб, Жозеф исмини Юсуфга ўзгартирган ва исломнинг фаол тарғиботчисига айланган. У 90-йилларда АҚШ қамоқхоналарида маҳбусларга исломий мавзуларда маърузалар ўқиган, 2000 йили диний етакчилар учун БМТ ташкил этган Жаҳон тинчлик конференциясида қатнашган.

Ўз автобиографиясида ёзишича, Юсуф болалигидан христианлик таълимини олган. Ёшлигидан мусиқа соҳасида ишлаган, мусиқий тадбирларни ташкиллаштирган, отаси билан дисклар ва мусиқа асбоблари сотувчи дўконлар очган, теле ва радиодастурларга асос солган. Бир нечта штатлардаги тижорий фаолияти ортидан, ўзининг айтишича, миллионлаб доллар маблағ жамғарган.

Эстес ислом ҳақида дастурлар эфирга узатилувчи «Guide Us» («Бизга йўл кўрсат») телеканали асосчиси ва раҳбари саналади. Ҳозирда пенсияда бўлган ислом даъватчисини турли ташкилотлар ва ўқув муассасалаларига амри маъруф учун чақириб туришади.

«Ислом оламининг таниқли олимларини Ўзбекистонга таклиф қилиш керак»

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг таъбирича, Юсуф Эстес – америкалик энг таниқли исломий олим саналади. У Эстесни Ўзбекистонга таклиф қилиш керак, деган фикрда.

«Ўзбекистон туризм соҳаси мутасаддилари ушбу вазиятдан унумли фойдаланиши керак. Уни таклиф қилиш – Ўзбекистонга нафақат туристлар оқимини оширади, балки Америка жамоатчилик фикрида «Ўзбекистон - диний эркинликлар борасида ижобий ўзгаришлар бўлаётган давлат» сифатида ҳам қабул қилинишига ёрдам беради», – деб ёзди Раббимов Facebook саҳифасида.

«Ҳар бир давлатнинг иқтисодиётида кучли томонлари, ишлатилмаётган имкониятлари бўлади, – дейди Камолиддин Раббимов. – Ўзбекистондаги туризм – бу тарихий, гастрономик ва исломий туризм ҳисобланади. Дунёда мусулмонлар сони 1.7 миллиарддан ошмоқда. Биргина Имом Бухорий ва Термизий номларини яхшироқ тушуниш ва уларнинг тарихий меросини кўриш учун Ўзбекистонга ислом дунёсидан миллионлаб сайёҳлар келиши мумкин».

Унинг сўзларига кўра, Малайзия ва Индонезиянинг ўзидан Ўзбекистонга исломий-тарихий туризм орқали йилига миллионлаб сайёҳлар келиши потенциали мавжуд. Бунинг учун йўлларни очиш, бироз реклама қилиш ва келган туристларни ижобий таассурот билан кетишини, бошқаларга тарғибот қилишини таъминлаш керак.

«Ўзбекистоннинг исломий-тарихий туризм секторини реклама қилиш осон. Масалан, Америкадан энг таниқли ислом даъватчиси Юсуф Эстесни, Австралиядан Холид Ёсинни, Саудия, Индонезия, Малайзия, Туркия ва бошқа кўплаб мусулмон давлатларидан энг кўзга кўринган ислом олимларини у-бу тадбирга таклиф қилишса – улар жон-жон деб келишади. Бир хафта, ўн кун уларга Ўзбекистонни кўрсатиб, Имом Бухорий масжидида ёки бошқа салоҳиятли жойда у-бу илмий тадбир ўтказилса ва буни мусулмон дунёсига кўрсатса, яхши реклама бўлади», – дея таклиф берган сиёсатшунос.

Мавзуга оид