Ўзбекистон | 18:40 / 13.11.2019
13847
3 дақиқада ўқилади

Энергетика вазири ўринбосари: «Умуман узилиш бўлмайди десам, энг катта ёлғончи бўламан»

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев Тўрақўрғон ИЭС қурилиши муносабати билан электр таъминоти ўтган йилгига нисбатан яхшилангани ҳақида маълум қилди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

«Шу пайтгача таъминот жиҳатдан энг муаммоли ҳудуд Фарғона водийси ҳисобланарди. Сабаби маълум, аҳоли жуда зич, ишлаб чиқариш юқори, ҳудуддаги қувват кам. Аммо Тўрақўрғон иссиқлик электростанцияси ишга туширилиши билан вазият ўзгарди. Бу нимада намоён бўлади – мана бугун эрталаб кечаги кун мониторингини кузатдик. Бутун республика бўйича 2018 йил 12 ноябрга нисбатан ўсиш 6,2 фоизни ташкил этган. Фарғона водийсида эса бир кунлик кўрсаткич ўтган йилнинг айни шу пайтига нисбатан 15 фоизга ошган.

Агар мен ҳамма жойда «умуман узилиш бўлмайди» десам, энг катта ёлғончи бўламан. Қайсидир ҳудудга нисбатан алоҳида чеклов, табақалаштириш йўқ, лекин техник узилишлар бўлиш эҳтимоли бор», дея унинг сўзларини келтирган Kun.uz мухбири.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси энергетика Вазирлиги томонидан «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги қарор ижросига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида статистик маълумотлар келтирилди.

Берилган маълумотларга кўра, 14та ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва 209та туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналари томонидан 35-110 кВ кучланишли 1623та нимстанция орқали узатиладиган электр энергия кейинчалик 79122та трансформатор пунктларига ва 252,6 минг км узунликдаги электр узатиш линиялари орқали Ўзбекистон Республикасининг маиший ва юридик истеъмолчиларига етказиб берилади.

2019 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида электр энергиядан фойдаланувчиларнинг умумий сони:

‑ юридик истеъмолчилар – 303,9 минг киши,

‑ маиший истеъмолчилар (аҳоли) – 6,601 млн киши.

Жорий йилда 7 157,4 км узунликдаги электр тармоқлари ва 2 590 та трансформатор пунктларини модернизация ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда. «Обод қишлоқ» Дастури доирасида 2019 йилда 481та қишлоқда 2339,2 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари ва 844 дона трансформатор пунктларини мукаммал таъмирлаш ишлари режалаштирилган бўлиб, дастур доирасида электр узатиш тармоқларида 2200,2 км ва трансформатор пунктлари бўйича 709та мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

«Обод маҳалла» дастури доирасида жорий йилда 115та маҳаллада 151,6 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари ва 236 дона трансформатор пунктларини мукаммал таъмирлаш ишлари режалаштирилган бўлиб ҳозиргача электр узатиш тармоқларида 223,6 км ва трансформатор пунктлари бўйича 82та мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 

Мавзуга оид