Иқтисодиёт | 17:12 / 14.11.2019
8139
2 дақиқада ўқилади

2020 йилдан маҳаллий бюджет мустақил равишда шакллантирилади

Бугун, 14 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар ва масъул органлар томонидан «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ва 2020-2022 йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари прогнози масалалари кўриб чиқилди.

Молия вазири Жамшид Қўчқоров қонун лойиҳасининг асосий муҳим жиҳатларини санаб ўтди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

«Қонуннинг асосий мақсадларини санаб ўтаман. Биринчидан, бюджетни қабул қилиш ва ижросини таъминлашда парламент назоратини кучайтириш. Иккинчидан, бюджет интизомини янада мустаҳкамлаш, бюджет маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, бюджет жараёни иштирокиларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш. Қонун лойиҳасида кейинги йил учун давлат бюджети даромадлари харажатлари ва 2021-2022 йиллар учун бюджет мўлжаллари аввалги йиллардан фарқли ўлароқ маълумот учун киритилмоқда. Бунинг моҳияти шундаки, республика бюджети харажатлари ва маҳаллий бюджетларга трансфертлар Олий Мажлис томонидан, маҳаллий бюджет харажатлари эса маҳаллий халқ депутатлари кенгашлари томонидан тасдиқланиш тартиби жорий этилмоқда. Шунинг учун Олий Мажлис маҳаллий бюджетларни ҳам ўз ичига олган давлат бюджети харажатларини тасдиқламаслиги лозим бўлади.

2020 йилдан бошлаб маҳаллий бюджет мустақил равишда шакллантирилади. Маҳаллий ҳокимликлар ўзларига бириктирилган солиқлардан тушумларни кўпроқ туширсалар шунга мос равишда харажатларни ҳам ошириш имкониятига эга бўладилар. Агар маҳаллий солиқлар бўйича проноз кўрсаткичлари бажарилмаса, ҳокимликлар шунга яраша ўз харажатларини қисқартиришларига тўғри келади. Ҳудуднинг даромади ўзига боғлиқ бўлмаган омиллар ҳисобига 5 фоиздан пасайиб кетса ва харажатларни қисқартириш ёки бу даромадлар ўрнини қоплаш имконияти бўлмаса республика бюджетидан маҳаллий бюджетга ёрдам бериш тизими ишга тушади», дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Муҳаббат Маъмирова
Тайёрлаган Муҳаббат Маъмирова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид