Ўзбекистон | 12:58 / 16.11.2019
40640
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ишсизлик даражаси маълум қилинди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда 2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида ишсизлик даражаси 8,9 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий ахборотида айтилган.

Қайд этилишича, сентябрь ойида вазирликнинг Республика бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази республиканинг 108 та шаҳар ва туманларида навбатдаги ижтимоий сўровни ўтказди. Унда 485 та фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари, 4,9 мингта уй хўжаликлари ҳамда 26 008 нафар фуқаро қамраб олинди.   

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатганки, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолининг 8,9 фоизини ташкил этган. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг январь-июнь ойлари билан солиштирганда, 0,2 фоизга (9,1 фоиз) пастроқ. 2018 йилнинг мос даврига нисбатан эса ишсизлик даражаси 0,1 фоизга пасайган. 

2019 йилда илк бор расмий секторда банд аҳоли сони ортди. Унинг кўрсаткичи 9 ой давомида 307,9 мингни ташкил этиб, 5 691,2 мингга кишига етди.  

Тадқиқот натижаларига кўра, республикадан ташқарига ишга кетганлар сони 2,6 млн кишини ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда, 100,7 фоизга тенг.

2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига 595 707 фуқаро иш топишга ёрдам сўраб мурожаат қилган (улар орасида 30 ёшгача бўлганлар сони 213 707 нафарни ташкил этган). Мурожаатчиларнинг 267 470 нафари иш билан таъминланди, 216 778 киши жамоат ишларига жалб қилинди. 30 645 нафар фуқаро касбга ўқитишга жалб қилинган бўлса, 47 960 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланди.

Ишсиз фуқароларни иш билан таъминлашга кўмаклашадиган янги хизмат турига эҳтиёж пайдо бўлаётгани сабабли Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фуқароларга моддий ёрдам шаклида Давлат жамғармаси ҳисобидан субсидия ва грантлар тақдим этишни йўлга қўйди. Хусусан 10 666 нафар ишсизга 8,9 млрд. сўм миқдорда субсидиялар, шунингдек ишсизларни касб-ҳунарга ўқитаётгани учун иш берувчиларга ҳам шу турдаги моддий рағбат кўрсатилган.

Яна 8,5 мингдан ортиқ ўзини-ўзи иш билан таъминлаган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилди. Бу уларга иш стажини ҳисобга олиш ва пенсия олишга имкон беради. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меҳнат ресурслари миқдори ва сифатини ҳар томонлама таҳлил қилиш, сифатли ва объектив баҳолаш, шунингдек аҳолини иш билан таъминлаш ва бандлигини ошириш мақсадида меҳнат бозорини ўрганишда давом этади.

Мавзуга оид