Иқтисодиёт | 16:26 / 16.11.2019
4186
2 дақиқада ўқилади

Суннатилла Бекенов: «Давлат иштирокидаги корхоналар самарадорлигини фақат капитал бозори баҳолай олади»

15 ноябрь куни Тошкентда «Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожида капитал бозорининг ўрни» мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференция давомида сўзган чиққан Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Суннатилла Бекенов капитал бозорининг аҳамияти, давлат корхоналарининг хусусийлаштирилиши ҳақида маълумот берди.

«Ҳозирда ўта фаол инвестицион сиёсат олиб бориляпти. Давлат муассасалари давлат раҳбари томонидан юкланаётган топшириқлардан келиб чиқиб,  инвестицион маблағларга эхтиёж сезяпти.  Табиий ҳолда бу компаниялардаги бошқарув орқали капитал бозорида иштирок этиш, акция,  облигациялар чиқариш орқали жалб қилишни капитал бозори воситасида кучайтирамиз.

Озиқ-овқат, текстиль, қурилиш материаллари ва бошқа соҳаларда рақобат етарли даражада ривожланган ва давлат бошқарувида қолиш зарурияти бўлмаган корхоналардан чиқишни кўзда тутяпмиз.

Ҳатто муайян стратегик йирик корхоналар – нефть-газ, тоғ-кон металлургияси соҳаларида яқин йилларда давлат ролининг юқори бўлиши кўзда тутилаётган бўлса ҳам, ташқи инвесторлар,  акциядорларни жалб этиш орқали давлат корхоналаридаги менежерларнинг қанчалик самарали ишлаётганига баҳо берамиз. Давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти самарадорлигини фақат капитал бозори баҳолай олади», – деган Бекеновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид