Ўзбекистон | 17:53 / 20.11.2019
49028
12 дақиқада ўқилади

Ўқитувчилар фаолиятини лицензиялаш: ислоҳотми ёки қоғозбозлик?

Санъаткорларнинг «Ўзбекконцерт» билан зиддиятлари одамларда «лицензия» сўзига нисбатан бирмунча салбий қараш шаклланишига олиб келди. Шу боисдан бўлса керак, Жаҳонгир Отажонов ва бошқа бир неча ижодкорга лицензияси қайтариб берилганидан 10 кунча ўтиб, ўқитувчилар фаолиятини мажбурий лицензиялаш ҳақида чиққан хабар ижтимоий тармоқларда турли қарама-қарши фикрларга сабаб бўлди.

Кимдир лицензия ўқитувчилар елкасига юкланган оғир юк, коррупцияга йўл очади, дея фикр билдирса, бошқалар унга кафолат, ҳимоя сифатида қарамоқда.

Сиёсий партиялар қанақа фикрда?

6 ноябрь куни халқаро матбуот марказида шу мавзу кўтарилган эди. ЎзАнинг ёзишича, унда сиёсий партиялар вакиллари масалага ўз муносабатларини билдирган.

«Миллий тикланиш» демократик партияси вакили Мунира Қаҳҳорова: «Ўқитувчиларни лицензиялаш таълим соҳасида коррупцияни вужудга келтиради. Ўқитувчилар фанга меҳр бериш ўрнига фақат лицензия олишни ўйлаб қолади. Ўқитувчининг ўз фанига бўлган меҳри йўқолади. Шу боис бизнинг партия Халқ таълими вазирлиги томонидан илгари сурилган ўқитувчиларни лицензиялашга қарши».

«Адолат» социал-демократик партияси лидерининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Баҳром Бурхониддинов: «Ўқитувчиларни лицензиялаш, сертификатлаш қоғозбозликни кўпайтиришдан бошқа нарса эмас. Таълимдаги муаммоларни бу йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Мактаблараро ва ўқитувчилар ўртасида рақобатни кучайтириш лозим».

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакилининг айтишича, Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларни лицензиялаш ҳақида эълон қилишдан олдин Қонунчилик палатаси билан келишмаган. Шунингдек, ўқитувчиларни лицензиялаш монополияни келтириб чиқариши мумкин.

Жамоатчилик муносабати қандай?

Президент қарори лойиҳаси 25 октябрда муҳокамага қўйилган эди. Порталда лойиҳа юзасидан турли фикр ва саволлар қолдирилган.

Комил Жалилов: Лицензияни ким, қандай асосда беради? Олий таълим берган диплом-чи, у бир парча қоғозга айланадими? Лицензия бериш-бермаслик ким томонидан, қандай мезонлар асосида қабул қилинади? Лицензияси бўлмаган ўқитувчи қаерга боради?

Мамиржон Отажонов: Қарор замонавий таълим талаблари асосида пухта ишлаб чиқилган. Қарорнинг ҳозирги шакли кейинчалик янгиликлар асосида унга такомиллаштириб бориш имкониятини истисно қилмайди. Олий таълим томонидан бериладиган ҳужжат (диплом таҳр.)ни лицензиялаш тартибига зид, деб ҳисоблаш нотўғри. Олий маълумот дипломи билан педагогик лаёқатни бир-бирига алмаштириб бўлмайди. Шунинг учун ўқитувчиларни лицензиялаш тизими педагог ходимларнинг касбий лаёқат ва имкониятларини баҳолашнинг ягона мақсадга мувофиқ усули сифатида қарорда ўз аксини топган.

Бахтиёр Усмонов: 7-бандда лицензияси йўқ ҳодимлар ёки лицензия муддати тугаган ҳодимлар масаласи очиқланмаган. 9-бандда малака тоифаси бўлмаган ўқитувчи касбий лицензия олганидан сўнг унинг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчиларга тенглаштирилади, дейилган. Шундай ҳолатда иккинчи малака тоифасидаги ўқитувчи лицензия олгач, биринчи малака тоифасига, биринчи малака олий тоифага тенглаштириладими? Бу ерда шу саволларга ҳам жавоб бўлиши керак.

Ойбек Усмонов: Касбий лицензия фақат ўрта-махсус маълумотли ва бошқа номутахассис сифатида 6 ойлик қайта тайёрлов курсида ўқиган педагоглар учун жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Лицензияга эга мактаб ўқитувчиси коллеж ёки лицейда ҳам дарс бера оладими?

Исроил Тиллабоев: Масаласи жуда баҳсли. Аввало, шу сабабли ҳам ўқитувчилар ўз устида мажбурий ишлашлари ўйланмоқда, шекилли. Бу яхши. Тоифа олаётганда ҳам, йил ўқитувчиси танлови учун ҳам имтиҳон олинади. Унга қўшимча равишда лицензия имтиҳони нимага керак? Энг ажабланарлиси, ўқитувчилар қўлида ДИПЛОМ бор ва у дарс беришга рухсатнома вазифасини бажаради. Бу ҳам етарли бўлмаса, дипломнинг нима кераги бор унда? Лицензия худди тоифа каби пуллик бўлиш эҳтимоли жуда катта.

Акбар Мирзо: Олий педагогик маълумотга эга ҳар қандай шахс ўқитувчилик қила олмайди. Оддий автомобилни бошқариш учун ҳам лицензия (ҳайдовчилик гувоҳномаси – таҳр.) талаб қилинади. Нима учун ўқувчининг тақдирига жавобгар устозлар лицензияга эга бўлмаслиги керак?

Гуласал Бердиалиева: Касбий лицензиялаш тўғрисидаги бандда профессор, фан доктори (PhD, DSc) каби илмий даража ва унвонларга эга бўлган педагогларга тўғридан-тўғри лицензия берилишини белгилаш мақсадга мувофиқ бўларди. Бу қарор лойиҳасининг 1-бандидаги «илмий-тадқиқот ишларига иқтидорли ёш педагогларни жалб қилиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш» талаби ривожланишига асос бўлади.

Халқ таълими вазири: «Лицензия ўқитувчи мақомини оширади, фаолиятини ҳимоя қилади»

Шерзод Шерматов 7 ноябрь куни вазирликда ўтказилган матбуот анжуманида бу масала юзасидан фикр билдириб ўтган эди.

«Халқаро экспертлар бизга айтишган: автомобилда ҳаракатланиш учун лицензия (ҳайдовчилик гувоҳномаси) жорий қилгансизлар. Лекин 30 нафар боланинг тақдирини ҳал қиладиган одамни текширмасдан синфда дарс беришига йўл қўйяпсизлар. Қанийди диплом ҳаммасини ҳал қилса? Таълим тизимида олий маълумотга эга бўлмаган, ўрта-махсус таълим муассасаларини битирганлар ҳам бор.

Сирдарё вилояти миқёсида мактаб ўқитувчилари билимини ДТМ тест саволлари асосида ўрганиб чиқдик. Аҳвол биз ўйлаганимиздан ҳам ёмон: ўртача олганда 68 фоиз ўқитувчи ўз фанини билмайди. Бунда, албатта, ўқитувчиларни тўлиқ айблаб бўлмайди, чунки улар 25 йил давомида пахта терган, қурилишга жалб этилган, кўча супурган. Вилоятда инглиз, рус тили ўқитувчиларининг тил бўйича билими қониқарлимас. Шу ҳолат бизга таълим тизими қанақа аҳволдалигини кўрсатиб турибди. Биз ҳозир шу босқичда турибмиз. Энди биз вазиятни ўзгартиришимиз керак.

Юқорида айтганимдек, ҳаммага бир хил ойлик тайинлаш керакмас. Билими кучлиларгина юқори маошга лойиқ. Хўш, малакали педагогларни қандай аниқлаб оламиз? Ҳар ўқув йили бошида мактаб директорлари ўқитувчиларга дарс соати белгилашда қийналишади. Малакали ўқитувчиларга кўпроқ, даражаси пастроқларига шунга мос дарс соатлари белгиланса, ойликни кам олаётган ўқитувчи норозилик билдиряпти, порталга ёзяпти. Кейин мактаб директори буни кўргач, ҳаммага бир хил дарс соати беради. Бу тизим яхши ўқитувчи рағбатсиз қолиб кетишига сабаб бўляпти.

Бунга йўл қўймаслик учун тўғри механизм ишлаб чиқишимиз керак. Лицензия фақат касбий маҳорат эмас, балки ўқитувчининг психологик ҳолатини ҳам баҳолаб бериши керак. Бу тизимни ҳаракатга келтиришда харажатлар бўлиши табиий. Уларнинг бир қисми бюджетдан, қолгани давлат божи ҳисобидан олиниши масаласи ўрганиб чиқилади. Лекин бу ерда мақсад пул ишлаш, ўқитувчини қийнаш эмас, малакали ва касбига мос бўлмаган ўқитувчини ажратиб беришдир.

2021 йилдан 5 фоиз ўқитувчи ва мактаб директорлари ихтиёрий равишда лицензия имтиҳонидан ўтказилади. Шундан кейин вазият ўзгаради. Мактаб директори лицензияси бор педагогларга кўпроқ дарс соатлари белгилай олади, чунки ҳужжат асос бўла олади. Бунда ҳам ўқитувчи, ҳам директорнинг ҳимояси таъминланади. Уларга, табиийки, юқори ойлик маош берилади. Ўз-ўзидан бошқалар ҳам ҳаракат қила бошлайди. Бу тизим ўқитувчининг жамиятдаги мақомини ҳам ошишига хизмат қилади, деган фикрдамиз», – деганди Халқ таълими вазири.

Лицензиялаш қай тартибда жорий этилади?

Kun.uz мухбири мавзу юзасидан изоҳ олиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Анвар Умаров билан боғланди.

«Ушбу тартиб 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилиши таклиф этилмоқда. Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясининг мақсадли кўрсаткичлари жадвалида лицензиялаш жараёни бир неча босқичда ўтказилиши қайд этилган. Унга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб ўқитувчи ва мактаб директорларнинг (қарийб 500 минг нафар) 5 фоизи (25 минг нафар) мажбурий лицензиядан ўтказилади.

2025 йилга келиб эса бу рақам 10 фоизга етказилади. 2030 йилгача эса 20 фоиз ўқитувчилар ва мактаб директорлари лицензияга эга бўлишади. Бунда ўқитувчилар учун касбий лицензия 5 йил муддатга, мактаб директорлари учун 3 йил муддатга менежерлик лицензияси берилади. Босқичма босқич юз фоиз ўқитувчилар лицензияга эга бўладилар.

Лицензиялаш ваколатини Халқ таълими вазирлигига топшириш таклифи берилган. Лицензиялаш жараёнини ташкил этиш учун ва жараённинг очиқлик ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида вазирлик қошида таълим сифатини баҳолаш ва ходимларни лицензиялаш бўйича мустақил миллий баҳолаш марказини тузиш режалаштирилган. Марказ фаолиятини ташкил этиш учун лицензиялаш ва бу билан боғлиқ жараёнлар бўйича катта тажрибага эга хориж ташкилотларини жалб этиш кўзда тутилган. Бу соҳада маълум тажриба орттирилгандан кейин мустақил фаолият олиб борилади.

Лицензиялашдан мақсад нима?

1. Мотивация. Касбий лицензия олган ўқитувчининг ойлик маоши лицензияга эга бўлмаган ўқитувчиларга нисбатан юқорироқ бўлади. Бу эса педагогларнинг ўз устида ишлашига, билим, малака ва кўникмаларини ошириб боришларига туртки бўлади. Рағбат ўз ортидан таълим сифати ошишига ҳам ҳисса қўша олади.

2. Ҳимоя. Август ва сентябрь ойларида ўқитувчиларга дарс тақсимотида ўқитувчилар орасида норозиликлар пайдо бўлади. Бир фандан икки ўқитувчи ҳар хил соат олади. Лицензия тартиби киритилганидан кейин, лицензияга эга ўқитувчиларга дарс тақсимотида кўпроқ дарс соати олиш имконияти берилади. Лиценцезиясиз ўқитувчилар эса минимал талабларга жавоб бермаганликлари учун камроқ соат оладилар. Бу эса мактаб раҳбарларини ҳимоя қилади.

3. Баҳолаш. Лицензия имтиҳони нафақат ўқитувчининг билимини баҳолайди, балки унинг психологик ҳолатини ҳам синовдан ўтказади. Нима учун иккинчи мезон киритилди? ОАВ ва ижтимоий тармоқ орқали педагогнинг ўқувчига қўпол муомалада бўлгани, ҳаттоки ургани ҳақида хабарлар тарқалди. Шу билан бирга, ўқитувчиларнинг дарс ташкил этиш маҳорати йўқлиги ҳам таъкидланади. Лицензиядан ўтган ўқувчилар мактабларда таълим сифатини таъминлаб бера олади ва унга ишониб топширилган ёшларнинг баркамол ва билимли бўлиб етишиб чиқишига эришилади.

Лицензия кимларга бепул берилади?

Қарор лойиҳасига кўра, касбий лицензия олий, биринчи ва иккинчи тоифали педагоглар учун биринчи мартада имтиҳон асосида бепул берилади. Имтиҳондан ўта олмаган ёки қайта имтиҳон топширишни истаганлар маълум миқдорда пул тўлашлари керак бўлади. Бу борадаги режаларда ўзгаришлар бўлиши мумкин.

Маълумот учун, ўқитувчиларнинг 3,1 фоизи – олий, 14,6 фоизи – биринчи, 29,4 фоизи – иккинчи малака тоифасига эга педагоглар ҳисобланади. Қолган 52,9 фоизни эса мутахассислар (олий ва ўрта маълумотли, аммо тоифага эга бўлмаганлар) ташкил этади.

Мактаб директорларига лицензия нега керак?

«Мактаб директорларига менежерлик лицензияси ҳар 3 йилда берилади. Директорлар, асосан, педагогик маҳорати юқори бўлган, ҳурматга сазовор мутахассислар орасидан танлаб олинади. Лекин бунинг ўзи етарли эмас.

Президент видеоселекторларнинг бирида мактаб директорлари малакали бошқарувчи бўлишлари лозимлигини таъкидлаганди. Ҳақиқатан ҳам директор бошқарув кўникмаларига эга бўлиши лозим, чунки мактабни, ўқитувчиларни фақатгина педагогик билим орқали бошқариб бўлмайди. Халқ таълими вазирлиги бу йўналишда бошқарувчи кадрларни етиштириш бўйича ҳам иш олиб боряпти. Режага мувофиқ, мактаб директорлари менежерлик курсларида ўқитилади ва илғор мактаблар тажрибаси ўрганилади», – дея тушунтирди Анвар Умаров.

Муҳаббат Маъмирова тайёрлади.

Мавзуга оид