Ўзбекистон | 12:28 / 20.11.2019
11807
8 дақиқада ўқилади

Вазирлар Маҳкамаси Янгиариқ тумани бўйича қарор қабул қилиши кутиляпти

2020-2022 йилларда Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари қабул қилинади. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Хоразм вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари томонидан ишлаб чиқилган 2020-2022 йилларда Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури маъқулланиши мумкин.

Дастурнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

Янгиариқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминланиш даражаси ва фаровонлигини ошириш;

Қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор технологияларни кенг жорий қилган ҳолда, ишлаб чиқариш ҳажми, ҳосилдорлик ва маҳсулот турларини ошириш;

Ҳудуднинг табиий ва иқлим шароитига хос бўлган чорвачилик, шоличилик, балиқчилик ҳамда қизилмия илдизини етиштириш ва чуқур қайта ишлашни ривожлантириш;

йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш, ирригация-мелиоратив объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, телекоммуникация тармоғини ривожлантириш;

ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини ичимлик суви, электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш ҳамда бошқа ижтимоий-маиший хизматлар кўрсатиш даражасини яхшилаш.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Хоразм вилояти ҳокимлиги, Янгиариқ тумани ҳокимлиги билан биргаликда 2020 йилда қайта ташкил қилинаётган Янгиариқ туманининг марказини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектларини назарда тутган ҳолда Бош режасини қайта кўриб чиқиб, тузатиш киритиш ва батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги, туман аҳолисини узлуксиз тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида янгидан “сув тозалаш иншооти” ташкил қилиш ҳамда Янгиариқ шаҳарчасига оқова тизими (канализация) қуриш учун 2020-2022 йилларда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 12,9 млн. доллар маблағларини жалб қилиш чораларини кўради.

Хоразм вилояти ҳокимлиги:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Сув хўжалиги вазирлиги, Янгиариқ тумани ҳокимлиги билан биргаликда туман ҳудудида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, фермер ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарини Вазирлар Маҳкамасининг2013 йил 31 январдаги 22-сонли қарори асосида янгидан ташкил этилишини таъминлайди.

Сув хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда 2020-2021 йилларда ҳудуднинг сув ресурслари билан таъминланганлик даражасидан келиб чиқиб:

“Янгиариқ пахта тозалаш” АЖ томонидан пахтачилик кластерини ташкил этиш чораларини кўради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда туман ҳудудида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларида сув тежовчи технологияларни босқичма-босқич жорий қилинишини таъминлайди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2020-2022 йилларда Янгиариқ туманида қизилмия ва шу каби георгафик жолашувига мос бошқа доривор ўсимликларни плантация усулида етиштириш ва уни чуқур қайта ишлашни янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат мулкини бошқариш агентлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Янгиариқ туманидаги аввал хусусийлаштирилган давлат объектлари, шунингдек бошқа бўш турган ер майдонлари ва бино-иншоотлар ҳолатини тўлиқ хатловдан ўтказади.

Хатлов натижаларига кўра, объектлардан самаралари фойдаланиш ёки фойдаланмай турган объектларни қонунчиликка мувофиқ маҳаллий ҳокимлик балансига ўтказиш ёки қайтариб олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, тасдиқлайди.

Туман ҳокимига, истисно тариқасида 2022 йил 1 январга қадар Хоразм вилояти ҳокимлиги билан келишган ҳолда амалга ошириладиган қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

а) аукцион савдоларисиз, инвестор билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали суғориладиган экин ерлар тоифасига кирмайдиган, лекин қишлоқ ҳўжалиги ва ўрмон хўжалиги ерлари тоифасига кирадиган ер участкаларидан тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиш;

б) хорижий инвестор томонидан қонун ҳужжатларида белгиланганидан қўшимча солиқ ва божхона имтиёзлари ва преференцияларини бериш талаби қўйилмаган тақдирда чет эл инвестицияси улуши бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда чет эл инвесторлари билан инвестиция шартномалари тузиш;

в) республика ва маҳаллий бюджетдан молиялаштириладиган, туманда қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун пудрат ташкилотларини танлашда энг мақбул таклифларни танлаб олиш йўли билан, танлов савдоларини ўтказмасдан пудрат ва лойиҳа ташкилотларини белгилаш.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

а) 2022 йил 1 январга қадар Янгиариқ туманида рўйхатдан ўтган, айнан ушбу туманда фаолият олиб борувчи тадбиркорлик субъектларига саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари кредитлари бўйича фоизли харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш Агентлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан белгиланган тартибда компенсация берилади;

б) 2022 йил 1 январга қадар Янгиариқ туманида янги иш ўринларини ташкил этишни назарда тутувчи кичик лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари, субсидия ва грантлар ажратиш ҳисобидан амалга оширилади;

в) дастурда назарда тутилган объектлар қурилиш-монтаж ишларини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги, “Ўзсаноатқурилишбанк”, Янгиариқ тумани ҳокимлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3651-сонли қарори асосида туманда давлат хусусий шерикчилик асосида 150 ўринлик 5 та мактабгача таълим муассасасини 2020 йил якунига қадар ишга туширилишини таъминлайди.

Хоразм вилояти ҳокимлиги, Янгиариқ тумани ҳокимлиги 2019 йил якунига қадар:

Янгиариқ тумани “Қармиш” маҳалласи ҳудудида янги замонавий автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциясини жойлаштириш юзасидан таклиф ишлаб чиқиб, Энергетика вазирлигига ўрнатилган тартибда таклиф киритилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги 815-сонли қарори билан тасдиқланган 2017-2019 йилларда ҳудудларда автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларини қуриш мақсадли кўрсаткичларига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда, туман марказий шифохонасини таъмирлаш, зарур моддий-техника шу жумладан, жонлантириш (реанимация) ва туғруқ бўлимларини зарур замонавий анжом ва юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш юзасидан таклиф ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Мавзуга оид