Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғона шаҳри ҳокимлигининг тадбиркорга қарши режалари: ҳокимлик кимни алдамоқчи?
7 ноябрь куни Kun.uz сайти орқали «Олий судгача югуртирилган тадбиркорлар. Фарғона шаҳар ҳокимлиги нега мулкни тортиб олмоқчи бўлди?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда 25 йил муқаддам хусусийлаштирилган кўчмас мулк объектлари Фарғона шаҳар ҳокимлиги захирасига тортиб олингани, шаҳар ва вилоят судларида ҳал бўлмаган бу масала Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати қарори билан тадбиркор фойдасига ҳал этилгани баён қилинган эди.
Кўп ўтмай вилоят ҳокимлиги расмий веб-сайтига ушбу мақолага нисбатан Фарғона шаҳар ҳокимлиги баёноти жойлаштирилди.
Иш ҳужжатларини қайта ўрганиш ва уларни ҳокимлик баёноти билан солиштириб кўриш натижасида воқеа-ҳодисаларнинг мутлақо кутилмаган янги тафсилотларига дуч келдик.
«Constant Trading» МЧЖ шаклидаги қўшма корхона тасарруфида бўлган Фарғона шаҳар, Б.Марғилоний кўчаси 139-уй манзилидаги бино-иншоотлар ҳокимлик захирасига олиниши билан боғлиқ ҳужжатлардан айнан шу мулкни қандай йўл билан бўлмасин тадбиркордан олиб қўйишга ахд қилинганини кўриш мумкин. Бу учун ҳокимлик бир эмас бир нечта режа бўйича ҳаракат қилган.
«А» режа – суд орқали «ҳужум»
Фарғона шаҳар ҳокимлиги Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Давлат қўмитаси Фарғона вилоят бошқармасининг низоли давлат мулкини нотўғри баҳолаш билан боғлиқ давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришда ифодаланган ҳаракатини ноқонуний деб топиш, унинг 1997 йил 3 ноябрда чиқарган 0823х(1)-сонли буйруғи ва 1994 йил 23 ноябрдаги 4279-сонли давлат ордерини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида маъмурий судга 2019 йил 2 июлда, яъни давлат мулки давлат тасарруфидан чиқарилиб, корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ва мулкдорлари бир неча марта ўзгариб, орадан 25 йил ўтганидан кейин ариза берган.
Дастлаб ҳамма иш рисоладагидек кетди, Фарғона шаҳар маъмурий суди гап-сўзсиз шаҳар ҳокими Ҳамиджон Ҳабибиддиновнинг талабини қондирди, тармоқ судининг вилоят инстанцияси ўз «вазифасини аъло даражада уддалаб» қуйи судьянинг қарорини тўғри, деб топди. Апелляция инстанцияси 2019 йил 29 августда қарор қабул қилди ва у ўша кундан кучга кирди.
Режа бўйича «Constant Trading» МЧЖ шаклидаги қўшма корхона тасарруфида бўлган Фарғона шаҳар, Б.Марғилоний кўчаси 139-уй манзилидаги бино-иншоотлар суднинг мазкур қарорига асосан ҳокимлик захирасига олиниши лозим эди. Бироқ, ҳокимлик қуйи инстанция судлари томонидан қабул қилинган қарорлар Олий судда «синиб» кетиши эҳтимоли борлигини англаган ҳолда «А» режадан воз кечиб «Б» режага ўтди.
«Б» режа – жонга оро кирган ҳукумат баёни
Суд қарори билан мулкни захирага олсамми, олмасамми деб ўйланиб турган ҳокимликнинг жонига Бош вазирнинг биринчи ўринбосари раислигида ўтказилган йиғилиш баёни оро кирди. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов томонидан 6 сентябрь куни имзоланган Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлар тўғрисидаги 53-сонли баёнга асосланиб Фарғона шаҳар ҳокими 19 сентябрь куни ўзининг 965-сонли қарорини имзолайди.
Қатор камчиликларга йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган мазкур қарор «Constant Trading» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонанинг Фарғона шаҳар, Б.Марғилоний кўчаси 139-уй манзилидаги бино-иншоотлари ҳокимлик захирасига олинишига асос бўлди.
Ҳукумат баёни ва ҳоким қарори ўртасидаги айрим номувофиқликларга тўхталсак.
Ҳокимнинг ушбу қарори 1-иловаси бешинчи бандига кўра, мулкдор «Silver Silk Company» МЧЖ дея эътироф этилган Фарғона шаҳар, «Ибрат» МФЙ, Б.Марғилоний кўчаси 139-уйдаги Ипакни қайта ишлаш корхонаси ҳокимлик захирасига қайтарилиши белгиланган. Бироқ, ҳукумат баёни билан тасдиқланган ҳужжатда (2-илова) эса бу манзил анча бошқача – Фарғона шаҳар, «Сой бўйи» МФЙ, Ал-Фарғоний кўчаси деб кўрсатилган.
Айнан шу объект 2015 йилдан буён фойдаланилмасдан ётган корхона сифатида кўрсатилиб, баёнга киритиш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилганининг ўзи алоҳида ўрганиш талаб этадиган масала. Чунки, мавжуд далиллар шуни кўрсатмоқдаки, «SILVER SILK COMPANY» қўшма корхонаси 2007 йилдан 2017 йил якунига қадар тўхтовсиз ишлаб, экспорт режасини ортиғи билан бажариб келган.
Суд остоналарида зое кетган умр
Мақолани ўқий туриб ўқувчида табиий бир савол туғилади: «Тадбиркорнинг шунча вақт судма-суд югургани ва Олий судда адолат қарор топгани қаёққа кетди?». Бунинг жавоб аниқ – ҲАВОГА!
Чунки ҳокимлик эрта бир кун синиши мумкин бўлган режасидан воз кечиб, мулкни тортиб олишнинг бошқа «усули»дан фойдаланган эди.
Ҳокимликдагилар ҳам бошқалар қатори давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиз эканлигини, хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмаслиги ва бекор қилинмаслигини ва энг муҳими - ўз даъвоси ғайриқонунийлигини билишарди.
Шу ўринда ҳокимнинг 965-сонли қарори қонуниймиди, деган савол туғилади. Бунга ҳуқуқий баҳо бериш фикридан йироқ бўлган ҳолда масаланинг айрим жиҳатларига тўхталмоқчимиз.
«Constant Trading» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонанинг Фарғона шаҳар, Б.Марғилоний кўчаси 139-уй манзилидаги бино-иншоотлар қандай қилиб Вазирлар Макҳкамаси йиғилиш баёнига кириб қолгани ҳозирча бизга қоронғи. Бироқ, шу баёнда акс этиши ҳам амалдаги қонун ҳужжатларига зидлигига шубҳалар етарлича топилади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 июлдаги «Фарғона вилоятида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш ва саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 617-сон қарорига мувофиқ «Constant Trading» МЧЖга 2020 йил 1 мартга қадар жами 83 млрд сўмлик инвеститция жалб этиш мажбурият юклатилган.
Қолаверса, Конституция ва қонунларга кўра, Ўзбекистонда хусусий мулк дахлсиздир ва уни норматив ҳуқуқий ҳужжат кучига эга бўлмаган ҳукумат йиғилиши баёни билан қандайдир инвестиция ёки ишлаб чиқаришга оид мажбуриятларни бажармаганлик учун тортиб олишга йўл қўйилмайди.
Энди ҳокимликнинг баёноти ҳақида икки оғиз
Гувоҳи бўлганингиздек, ҳокимлик тадбиркор мулкини тортиб олиш учун дастлаб маъмурий судларни ишга солди. Қайсидир маънода натижага эришди ҳам. Бироқ якунда суд қароридан «юз ўгириб», Вазирлар Маҳкамаси йиғилиш баёнига асосан тадбиркор мулкини ҳокимлик захирасига олди.
Бироқ, баёнотда хусусий мулкнинг тортиб олинишига асос бўлган ҳукумат баёни ҳақида лом-мим дейилмади. Аксинча, мулкни захирага олиш жараёнларига мутлақо алоқаси бўлмаган, қолаверса Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати қарори билан бекор қилиб ташланган суд қарорларини назарда тутиб, ўз нуқтайи назарида қатъийлигини билдирди. Ким билсин, ҳокимликнинг бу қадар комил ишонч ила баёнот бериши, ҳатто Олий суд қарорини писанд қилмаслиги ортида қандай кучлар яширинган экан? Балки, ҳокимликнинг айни масала бўйича сиз-у бизга маълум бўлмаган «В» режаси ҳам бордир...
Баёнотдаги яна бир мантиқсизликка қаранг: «Constant Trading» қўшма корхонаси ўз фаолиятини йўлга қўйишда яна бир қонунбузарлик ҳолатига йўл қўйган. Фарғона вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг бизга маълум қилишича, корхона давлат экологик экспертизаси хулосасини олмай туриб фаолият олиб борган».
Шундай экан, нега бу ҳақда судга киритилган даъво аризасида ёки мулкни олиб қўйиш тўғрисидаги 965-сонли қарорда бирор нарса айтилмаган? Бу гаплар нега энди эсга тушиб қолди, бу гаплар тирноқ остидан кир қидиришдек ҳолатни эсга солмаяптими?
Суд остонасига қайтган умр
Юқорида тадбиркор ҳокимликнинг бемаъни даъво аризаси ортидан қарийб 6 ой вақтини суд идораларида сарсон ўтказгани ва адолат Олий судда қарор топгандек бўлгани ҳақида айтдик. Бироқ ҳаммаси қайтадан бошланди. «Омади чопган» ҳокимлик худди сезгандек мулкни суд қарори билан эмас, бошқа асосга кўра захирага олган эди. Табиийки, Олий суд тиклаган адолат аслида адолат бўлиб чиқмади.
Тадбиркор ҳаммасини қайтадан бошлади. Айни кунда унинг Фарғона шаҳар ҳокими 2019 йил 19 сентябрда чиқарган 965-сонли қарорни ҳақиқий эмас топиш тўғрисидаги аризаси Қува туман маъмурий судида кўриб чиқилмоқда.
Хотима
Дарвоқе, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо саноат палатаси тадбиркор тарафида. Улар ҳам ҳокимлик хато йўл тутаётганини тасдиқлаган.
Яна бир гап. Куни кеча Президент қабул қилган қарорга кўра эндиликда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулк дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.
Барча масалаларда бўлгани каби якуний, жумладан адолатли сўзни одил суд айтади, деган ақидага собит қолган ҳолда воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Мавзуга оид
17:02 / 15.05.2025
“Барибир шу ерга қурамиз”– Фарғона шаҳрида болалар майдончаси ўрнига “дом” қуриляпти
13:36 / 03.05.2025
Фарғона ва Урумчи ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйиляпти
17:21 / 28.04.2025
“Чуқурларга тўла кўча” – Фарғона шаҳри марказидаги абгор йўл қачон таъмирланади?
12:15 / 28.04.2025