Ўзбекистон | 09:40 / 30.11.2019
36249
12 дақиқада ўқилади

Афғонистонга электр энергияси етказиб беришдан мақсад ва келажак учун режалар – Исматулла Эргашев билан суҳбат

Фото: KUN.UZ

Бугунги суҳбатдошимиз Ўзбекистон Республикаси президентининг Афғонистон бўйича вакили Исматулла Эргашев бўлди.

Маълумот учун: Эргашев Исматулла Раимович, 1960 йилда Тошкентда туғилган, дипломатик даражаси - элчи, мутахассислиги бўйича шарқшунос-филолог. Ташқи ишлар вазири ўринбосари, Ўзбекистоннинг Хитой, Озарбойжон каби давлатлардаги фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида фаолият юритган.

– Афғонистон нуфузи, ҳудуди жиҳатдан минтақадаги йирик давлат ҳисобланади. Сўнгги йиллардаги очиқлик сиёсати туфайли жуда кўп афғонистонликлар Ўзбекистонга сайёҳ сифатида келишмоқда. Аммо Афғонистоннинг ўзи ҳам бой тарихга эга мамлакат. Бу давлатнинг маданияти, туристик салоҳияти ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Кўпчилик Афғонистонда фақат уруш бўлади, кўрадиган нарсанинг ўзи йўқ деб ўйлайди ва бу фикрларда қисман жон бор. Чунки уруш кетяпти, ҳаёт оғир, таҳликали, ишсизлик даражаси юқори. Лекин муштарак  тарихимизнинг илдизи бир. Марказий Осиё ренессансининг кўзга кўринган вакиллари Абу Райҳон Беруний, Мир Алишер Навоий, Лутфий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Камолиддин Беҳзод каби улуғ инсонлар афғон тупроғида мангу қўним топганлар ва уларнинг ҳар бири икки халқнинг ғурури.

Масалан Ғазни шаҳрида тарихий обидалар жуда кўп. Айнан шу шаҳарда Абу Райҳон Беруний қабри бор. Президентимизнинг шу қабрни обод қилиш бўйича топшириқларига кўра мен шу шаҳарда бўлдим. Лекин минг афсуски ҳозирча бу топшириқни бажаришнинг иложи бўлмаяпти. Вилоят жуда нотинч, ҳудуднинг ярмидан кўпи мухолиф кучлар тасарруфида. Бу шаҳарга бориб зиёрат қилиш ҳатто афғонларнинг ўзлари учун ҳам иложсиз бўлиб турибди.

Яна бир қадимий шаҳар – Ҳиротдаги Инжил ариғининг нариги бетида жуда қадимий қабристон бор ва бу жойда Алишер Навоий қабри, Гавҳаршодбегим ва фарзандлари мақбаралари бор. Камолиддин Беҳзод, Устоз Шамсиддин қабрлари ҳам айнан шу ерда. Ҳирот жоме масжиди Ҳусайн Бойқаро ва Навоий бобомиз даврида қурилган. Масжид қурилишига ташаббускор бўлган Алишер Навоий барча ишлар якунланганидан кейин катта ош берган, ҳар бир қурувчининг елкасига ўз қўллари билан чопон илган экан. Ана шу тадбирда ош дамланган икки дошқозоннинг бири ҳозиргача сақланиб қолган.

Биринчи марта Навоий қабрини зиёрат қилганимда устидаги тошга эътибор қаратдим. Тош усти худди ариқчадек сайқалланиб қолган. Бунинг сабабини сўраганимда шу ердагилар «биз Навоий ҳазратни авлиё одам деб биламиз. Шунинг учун зиёратга келганлар тошни қўллари билан силаганлари туфайли шундай ҳолатга келиб қолган», дейишди. Албатта, тошни тавоф қилиш қораланади. Аммо маҳаллий аҳоли шу тарзда бобомизга ҳурмат бажо келтириб келган. Шунингдек Парвон, Бомиён, Бағлон, Мозори-Шариф вилоятларида диққатга сазовор жойлар бор. Аммо минг афсус, уруш туфайли бу жойларга эмин-эркин боришнинг иложи йўқ.

Лекин умид бор, ишонч қатъий, яқин йилларда халқимиз учун бу жойларни зиёрат қилиш имкони бўлади.

Исматулла Эргашев

Юртимизга келаётган афғонистонлик сайёҳлар сони бир неча баробар ортгани қувонарли. Шу билан бирга, икки томонлама савдо-сотиқ кучаймоқда. «Ўзбекистон темир йўллари» афғон юклари учун 50 фоизли чегирма жорий қилган. Бунинг натижасида Афғонистондан экспорт ҳажми ҳам ошмоқда. Икки томон ўзаро савдо айланмасини 1 млрд. долларга етказишга ҳаракат қилмоқда ва мен ўйлайманки яқин келажакда биз бу марраларни эгаллаймиз.

Жорий йилнинг 1 июлида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг Мозори-Шариф шаҳрига ташриф буюриши тарихий воқеа бўлди. Бу учрашув чоғида «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» деган йирик кўргазма ташкил этилди ва бу жуда кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Шу биргина учрашувнинг ўзида тахминан 100 млн. долларлик шартномаларга имзо чекилди.

– Аксарият муаммоларнинг илдизи, билимсизликка, жаҳолатга бориб тақалади. Афғонистонда шундай иллатли доира бор – урушлар илм олишга йўл қўймайди, ўз навбатида жаҳолат урушларни келтириб чиқаради. Бунинг ечими сифатида Ўзбекистон 100 нафар афғон талабаларини Ўзбекистонда ўқитиш лойиҳаси амалга оширилаётганди. Мазкур дастур фақат бир марталикми ёки келажакда ҳам давом эттириладими?

– Албатта, илмсизлик, саводсизлик жаҳолатга олиб келади. Бундай ёшлар жангарилар таъсирига осон тушади, катта қуролга айланади. Шуларни ҳисобга олиб президент ташаббуси билан айнан афғон ёшлари учун Термиз шаҳрида Ўқув маркази очилди. Таълим харажатларининг 50 фоизини Ўзбекистон ўз зиммасига олди. Шу йил юзга яқин афғон талабалари ўқишни якунлаб, дипломлар билан ўз юртларига қайтишди. Мен уларнинг кўпчилигини бош вазиримиз ташрифи чоғида кўрдим, таржимон, муаллим, менежер, турли соҳалар бўйича мутахассис сифатида ишлаётганларидан фахрландим. Улар тўлиқ иш билан таъминланган, энди нафақат ўз давлатларида илм-зиё тарқатадилар, балки икки давлат ўртасидаги дўстлик рамзи, тинчлик жарчилари бўладилар.

Бундай лойиҳалар келгусида ҳам давом эттирилади, албатта. Яқинда 200 нафарга яқин талаба Термизга етиб келди ва улар темирйўл муҳандислиги, ҳамширалик, ўзбек тили ва адабиёти йўналишида таҳсил ола бошлашади. Фақат Термиз шаҳрининг ўзида бакалавриат билан чекланмай, бу йилдан бошлаб турли таълим даргоҳларимизда афғон талабалари учун магистратура таҳсиллари ҳам бошланади.

Шунингдек, Европа ҳамжамияти ва Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигида, афғонистонлик аёл-қизларни ўқитиш бўйича яна бир алоҳида дастур йўлга қўйилди. Келаётган 200 нафарга яқин афғон талабаларининг 40 нафарини қизлар ташкил этади. Афғон ёшлари орасида Ўзбекистонда ўқиш учун талаб жуда юқори, талабгорлар танлов асосида танлаб олинади. Чунки улар Ўзбекистонни иккинчи ватанлари деб ҳисоблайдилар, ва бизнинг юртимизда ўзларини эркин ҳис қиладилар.

– Афғонистон билан ҳамкорликнинг муҳим йўналиши бу энергетика. Яъни биз бу давлатга электр энергияси етказиб берамиз. Кўпчиликда савол туғилади, биз нега ўзимизда танқис бўлган маҳсулотни четга чиқарамиз?

– Охирги пайт шундай фикрларга жуда кўп дуч келяпман. Бошидан айтмоқчиманки, бу нотўғри фикр. Афғонистонга электр энергияси экспорт қилиш, кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас, бу узоқ йиллик амалиёт. Бу Ўзбекистоннинг афғон халқига бераётган ёрдамнинг энг муҳим йўналишларидан биридир. Ахир уларга биз ёрдам бермасак, ким ёрдам беради?

Лекин бир нарсани унутмаслигимиз керак – энергетика соҳасидаги ҳамкорлигимиз ўзаро манфаатли асосда амалга оширлади. Яъни Ўзбекистон учун зарар келтирмайди.

Сизга маълумки, 2019 йил 20 сентябрида икки мамлакат энергетика ташкилотлари ўртасида «тўловни тезкор равишда амалга ошириш»га асосланган электр қувватини Афғонистонга етказиб бериш бўйича 10 йиллик шартомани имзоланди.

Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, электр қувватининг қўшни Афғонистонга экспорти Ўзбекистон аҳолисига етказиб берилаётган электр қувватини камайтириш эвазига амалга оширилмайди.

Иқтисодиёт вазирлиги ва бошқа тегишли вазирликлар томонидан ички ва ташқи бозорга етказиб бериладиган электр қуввати ҳажми баланс қилиниб, мутаносиб равишда тайинланади. Албатта, ички истеъмолчи ҳамиша устуворликка эга бўлади.

Бу шартномадан келиб тушаётган валюта энергетика тизимини ривожлантиришга сарфланади. Йилдан-йилга юртимизда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ортиб бормоқда ва унинг ички бозорга мўлжалланган қисми ҳам ошяпти.

Президентимиз таъкидлаб ўтганларидек, экспорт ҳажмларини ошириш иқтисодётимизни ривожлантиришнинг асосий шартларидан биридир. 

Бунинг сиёсий жиҳати ҳам бор. Электр қуввати экспорти орқали Афғонистондаги тинчлик жараёнига катта ҳисса қўшган бўламиз. Сизга бир мисол келтираман – бизнинг катта муаммомиз денгиз портларига чиқиш. Чунки Ўзбекистон ҳамма йўналишда икки давлат чегарасини кесиб ўтибгина портларга чиқиши мумкин. Энг яқин йўл эса Афғонистон орқали ўтиб, биз Эроннинг Бандар Аббос ва Чобаҳор ҳамда яна шу давлат орқали Покистоннинг Карачи ва Гвадар портларига чиқишимиз имконияти бор. Ҳар икки йўналиш нафақат Ўзбекистонга, балки бутун Марказий Осиё давлатлари учун жуда муҳим. Биз ана шу йўлларда транспорт коридорлари яратиш устида ишлаяпмиз. Лекин бу коридорлар электр энергиясисиз қандай ишлайди?

Режаларимиз улкан, Мозори-Шарифгача 100 километрга яқин темирйўл қурганмиз, бу Афғонистондаги энг биринчи темирйўл ҳисобланади. Энди шу йўлни Ҳиротгача тортиш режасини тузяпмиз, музокаралар олиб боряпмиз. Шу билан бирга, Мозори-Шарифни Покистоннинг денгиз портлари билан улаш режаси ҳам бор. Бу темирйўллардаги локомотивлар электр энергияси билан юради. Демак, биз электр қуввати экспорти орқали транспорт артерияларини ривожлантириш имкониятини қўлга киритамиз.

Бу лойиҳалар ортидан афғон халқига иш ўринлари яратилади, улар қуролдан узоқлашади. Масалан, ҳозир Ҳайратон—Мозори-Шариф темирйўлида 1,5 минг нафардан ортиқ афғонистонликлар ишлашяпти. Мозори-Шариф—Ҳирот лойиҳаси ишга тушса, у ерда

30 минг нафардан ортиқ маҳаллий халқ иш ўрнига эга бўлади. Агар Мозори-Шариф—Покистон лойиҳасига киришилса, бу орқали юз минглаб иш ўрни яратилади. Буларнинг ҳаммаси тинчлик ўрнатиш бўйича мақсадли ҳаракатлардир. Энг муҳими, шу ишларни биз бугун қилмасак, эртага кеч бўлади ва миллиардлаб доллар сарфлаб ҳам тинчликни таъминлаб бўлмайди.

– Келажакда Афғонистон билан қандай режалар бор?

– Бу давлат келажаги билан боғлиқ режаларимиз катта. Афғонистон билан боғлиқ муносабатларимиз фаол ривожланиб бормоқда, ҳеч бир ой ўтмайдики, биздан бу давлатга вакиллар бормаса ёки улар расмий ташриф билан келишмаса.

Биз иқтисодиёт билан чекланмай маданият, таълим, тиббиёт, ёшлар сиёсати каби масалаларда ҳамкорликни мунтазам ривожлантириб борамиз. Афғонистонда автомобиль йўллари қуриш бўйича йирик лойиҳаларда иштирок этамиз, Кобул ҳалқа йўли ва пойтахтни вилоятлар билан боғловчи жами 300 км йўлларни қуриш мўлжалланган. Афғонистонда мой ишлаб чиқарувчи учта кичик завод, тўқимачилик фабрикаларини қайта тиклашда ёрдам беришни режалаштиряпмиз.

Ўзимизда олиб борилаётган ислоҳотларга катта маблағ керак албатта. Лекин шунга қарамай Афғонистонга қўлимиздан келганича ёрдам берамиз. Хусусан, президентимиз дастурларига биноан бу давлатга 25та автобус, тракторлар, 3 минг тоннадан ортиқ буғдой, ун, гуруч, озиқ-овқат ва кийим-кечак каби гуманитар ёрдамни сел, қурғоқчилик каби табиий офатлардан талафот кўрган ҳудудларга жўнатдик. Шу билан бирга, Афғонистон шимолидаги бир нечта университетга китоблар, махсус адабиётлар, ўқув қўлланмалари етказиб бердик. Ўзбек адибларининг асарлари ҳам тақдим этилди. Яқинда Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи вакиллари томонидан йиғилган гуманитар ёрдам Мозори-Шарифда Афғонистон ёшларига топширилади. Хулоса қилиб айтсак, биз Афғонистонни ҳеч қачон ёлғиз қолдирмаймиз.

Ўтган қисқагина муддат, икки йил ичида Ўзбекистон ва Афғонистон раҳбарияти адашмасам 8 марта ўзаро кўришишди ва бевосита мулоқот қилишди. Бу шуни кўрсатадики, бежиз Афғонистон халқи Ўзбекистонни энг яқин, энг самимий, қондош-жондош давлат деб ҳисобламайди. Афғонистондаги барча сиёсий гуруҳлар, ҳаттоки «Толибон» ҳаракати ҳам Ўзбекистоннинг афғон муаммоси ечимидаги ҳаракатларини юқори баҳолайди.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди,
тасвирчи Дониёр Якубов

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид