Жамият | 15:50 / 30.11.2019
90442
6 дақиқада ўқилади

«Беверли» сотаётган коралл кальцийси ҳар дардга давоми? Вазирлик ва олимлар муносабат билдирди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқда Ўзбекистонга четдан олиб келинаётган коралл кальцийси жуда кўп дардларга шифо бўлиши, одамлар ушбу биологик фаол қўшимчани сотиб олиш учун навбатга туриб, уни қиммат нархларда сотиб олаётгани тўғрисида тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

«Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда мамлакатимизга четдан олиб келинаётган коралл кальций биологик фаол қўшимчаси ҳақида ҳар хил шов-шувли маълумотлар тарқатилмоқда. Жумладан, коралл кальций жуда кўп дардларга шифо бўлиши, ҳатто, онкологик касалликларда ҳам яхши самара бериши ҳақида асоссиз хабарлар кўпайиб боряпти. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур маълумотларни атрофлича ўрганиб, қуйидагиларни маълум қилади:

Дарҳақиқат, кальций моддаси инсон ҳаёти ва саломатлиги учун муҳим микроэлементлардан бири. Зеро, кальций инсон суяк тизимларини мустаҳкамлаш, организмда модда алмашинувини яхшилашда муҳим ўрин тутади. Шу сабабли таркибида кальций бўлган биологик фаол қўшимчалар доим харидоргир бўлиб келган.

Коралл кальцийси ҳақида сўз юритиладиган бўлса, бу модда кальций карбонатининг бир кўриниши бўлиб, кальцийнинг дунёда энг кўп тарқалган тури ҳисобланади. Коралл кальцийси тошланган кораллдан олинади ва унинг минераллар таркиби оддий кальцийга қараганда бироз бойроқ бўлади. 

Ҳозирги кунда пойтахтимиздаги «BEVERLee Businees» масъулияти чекланган жамияти хориждан олиб келинган ана шундай маҳсулотни аҳолига тақдим этмоқда. Ушбу МЧЖ давлат рўйхатидан ўтказилган ва у тақдим этаётган маҳсулотлар тегишли мувофиқлик ва сифат сертификатига эга. Бироқ, четдан келтирилаётган коралл кальций биологик фаол қўшимчаси нархи дорихоналаримизда сотилаётган кальций препаратидан жуда ҳам қиммат, самарадорлик борасида эса амалдаги тиббий препаратлардан у қадар фарқ қилмайди. Буни Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институти лабораториясида ўтказилган тадқиқот ҳам исботлади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазири матбуот котиби Фурқат Санаев телеграмдаги саҳифасида.

Институт илмий ходими Рустам Ашуров «BEVERLee Businees» компанияси орқали сотилаётган кальций таблеткаси ва дорихоналарда анча арзон нархда сотилаётган кальций таблеткасини солиштириб, тадқиқот ўтказган.

«Бу иккала кальцийнинг асосини текшириш учун «Беверли» компаниясининг тармоқли маркетинг орқали сотилаётган кальций таблеткаси ва ундан анча арзон бўлган дорихоналаримизда сотилаётган кальций таблеткасини солиштириш мақсадида махсус тадқиқот ўтказдик. Порошок кўринишида бир хил миқдорда иккита намуна тайёрланди. Тадқиқотда иккала намунанинг асоси бир хил эканлиги аниқланди. Фақатгина «Беверли» компаниясига тегишли кальций намунасида минераллар таркиби бироз кўпроқ экан», дейди олим Рустам Ашуров.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармакалогия қўмитаси раиси ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Шаисломов ушбу модда турли дардларга даволиги ҳақидаги гапларни бутунлай инкор этган.

«Бу биологик фаол қўшимчани ҳар дардга даво деб талқин этиш мутлақо нотўғри. Бундан ташқари, инсон бирор дори-дармон ёки биологик фаол қўшимча истеъмол қилишдан олдин албатта шифокор кўригидан ўтиши лозим. Қолаверса, дори-дармон ёки биологик фаол қўшимчаларни ойлаб, йиллаб узлуксиз истеъмол қилиш асло мумкин эмас.

Жумладан, таркибида кальций сақловчи ҳар қандай дори-дармон ёки биологик фаол қўшимчани ҳам ўз билганича ичиш нафақат фойда келтирмаслиги, балки турли хил салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Хусусан, биз юрак–қон томир тизими касалликларига мойиллиги бўлган шахсларда юрак ритмининг турли бузилишларига ва ҳатто ўлимга ҳам олиб келганлиги ҳақидаги аянчли маълумотларга эгамиз. Шунингдек, сийдик-тош касаллиги бор беморларда дардни зўрайтириб юборганлик ҳолатлари ҳам кўп кузатилган», дейди профессор Бахтиёр Шаисламов.

Вазирлик кальций сақловчи дори воситаларидан шифокор тавсиясига асосан фойдаланиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаган.

«Шундай экан, касалликларни даволашда сифат ва миқдор жиҳатдан текширувлардан ўтказилган, шу билан бирга, хусусиятлари ҳам тўлиқ ўрганилган кальций сақловчи дори воситаларидан шифокор тавсиясига асосан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бугунги кунда мамлакатимизда кальций сақловчи жуда кўп самарали дори воситалари рўйхатдан ўтказилган ва дорихоналарда етарли миқдорда мавжуд, нархи ҳам ҳамёноп («BEVERLee Businees» томонидан сотилаётган кальцийдан 10 баробар арзонроқ)», дейди Фурқат Санаев.

Бундан аввалроқ олим Рустам Ашуров «Коралл кальцийсидан қурилаётган пирамида» сарлавҳали пости орқали жамоатчиликнинг эътиборини ушбу масалага қаратганди. 

«Коралл калцийси тармоқ маркетологлари айтганидек ҳар дардга даво эмас. Бу шунчаки кальций. Агар организмингизга кальций керак бўлса, истеъмол қилишингиз мумкин. Бошқа тур кальцийлардан ягона фарқи организмда нисбатан тезроқ ўзлаштирилади. Бу эса, шифо жиҳатидан ҳеч қандай сезиларли фойда бермайди. Шахсий маслаҳатим, агар кальций керак бўлса, арзонроқ кальций дори воситаларини харид қилаверинг. Коралл кальцийсининг нархи пирамида услубида сунъий равишда бир неча баробар қиммат ва ўз нархига арзимайди», дея хулоса қилганди олим.

Мавзуга оид