Жаҳон | 20:50 / 01.12.2019
51556
8 дақиқада ўқилади

Лондон кўпригидаги теракт: хавфли жиноятчи қандай қилиб озодликда пайдо бўлиб қолди?

Лондон кўпригидаги ҳужумдан сўнг Британия Адлия вазирлиги зудлик билан террорчилик моддалари бўйича қамалганларни қамоқхоналардан муддатидан аввал шартли озод қилиш қоидаларини қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидламоқда.

Терроризм моддаси бўйича айбланиб, сўнг муддатидан аввал озодликка чиқарилган 28 ёшли Усмон Хоннинг қурбонлари икки киши бўлди, яна уч киши оғир жароҳатлар олган.

BBC бўлиб ўтган воқеани хронологик тарзда таҳлил қилиб чиқди.Жиноятчиларни шартли равишдан муддатидан аввал озод қилишнинг ҳозирги тизими жиддий тарзда қайта кўриб чиқилишга муҳтожлиги ҳақида қотиллик юз берган жойга борган Британия бош вазири Борис Жонсон баёнот берган.

Британия бош вазири Борис Жонсонга кўра муддатидан аввал озод қилишнинг ҳозирги тизими жиддий тарзда қайта кўриб чиқилишга муҳтож.
Фото: PA Media

Бу вақтда хавфли жиноятчи Лондоннинг марказида қурол билан озодликда юрганига ким айбдорлигини тушунишга ҳаракат қилишмоқда.

Лейбористлардан депутат Иветт Купер консерваторларга айбни ағдармоқда: 2012 йилда коалицион ҳукумат терроризм учун судланганлар панжара ортида умрбод қолиши мумкинлиги ҳақидаги қонунни ўзгартиришган.

Англия ва Уэльснинг 2003 йилдаги жиноий одил суд ҳақидаги қонуни хавфли жиноятчиларни ноаниқ муддатга (айрим ҳужжатларга кўра мажбурий/муддатсиз умрбод қамоқ жазосига) ҳукм этиш имконини берган.

Бу ҳуқуқий меъёр «Жамиятни муҳофаза қилиш учун қамоқ жазоси», деб аталган.

Қонунга кўра, судья айблов ҳукми чиқаришда судланувчи ўташи керак бўлган минимал муддатни белгилаган. Бу муддат охирида шартли равишдан муддатидан аввал озод қилиш комиссияси судланувчи жамият учун ҳамон хавфли ёки йўқлиги, озодликка чиқиши мумкин-мумкинмаслигини ҳал қилиши керак бўлган.

Муддатидан аввал озод қилиш комиссияси эса Усмон Хоннинг жазодан озод бўлишга алоқаси йўқлигини айтган: «Афтидан, у қонун талабига кўра шартли равишда муддатидан аввал озод қилинган», — дейишди улар.

Жиноятчи ҳақида нималар маълум

28 ёшли Усмон Хон 2012 йилда терактга тайёргарлик кўргани учун қамалган. У аъзо бўлган гуруҳ портлашлар уюштириш ва Покистонда террорчилар етиштирувчи лагерлар барпо этишга тайёрланган.

Усмон Хон 2012 йилда терактга тайёргарлик кўргани учун қамоққа олинган
Фото: West Midlands police

Хон 16 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган, бироқ 2018 йилнинг декабрида муддатининг ярмисини ўтагач, озод қилинган.

У ўзининг ҳаракатланишини полиция кузатиб туриши учун электрон ҳалқа тақиб юриши керак бўлган. Кўприкдаги ҳужум чоғида унинг ҳалқаси ўзида бўлган.

Ўлдирилганлардан бири 

Лондон кўпригидаги ҳужум қурбонларидан бири Кэмбрижни яқинда тугатган Жек Меррит бўлди.

Жек Меррит ўз қотили иштирок этган реабилитация дастурининг мувофиқлаштирувчиси бўлган

Меррит Кэмбриж университети томонидан маҳкумлар учун ташкил этилган «Биргаликда ўқиймиз» реабилитация дастурининг мувофиқлаштирувчиларидан бири бўлган. Бу тадбирда талабалар ва собиқ маҳкумлар, жумладан Усмон Хон ҳам иштирок этган.

Полиция сўзларига кўра, Хон залдаги инсонларга пичоқ билан ташланган, шундан сўнг Лондон кўпригига чопиб чиққан, у ерда йўловчилар уни тўхтатиб қўлларини қайиришган, сўнгра полиция уни отиб ташлаган.

Натижада Жек Меррит ва номи ошкор этилмаётган бир аёл ҳалок бўлган. Яна уч киши — бир эркак ва икки аёл пичоқдан жароҳатланган. Икки кишининг аҳволи барқарор, учинчи одам енгил жароҳатлар олган.

Лондон полицияси ҳужум қилган шахснинг шериклари бўлмаган, деган хулосага келган.

Полицияга кўра, ҳужум беш дақиқа давом этган, Усмон Хоннинг бир ўзи ҳаракат қилган.

Ҳаммаси Лондон кўпригидан сал наридаги «Фишмонгерс Ҳолл» балиқфурушлар гильдиясида бошланган. У ерда маҳкумларни реабилитация қилиш бўйича конференция ўтаётган эди.

Конференция Кэмбриж университети томонидан ташкил этилган «Биргаликда ўқиймиз» дастурига бағишланган эди. Унга кўра талабалар ва Британия қамоқхоналарида муддат ўтаётган маҳкумлар биргаликда дарс қилишлари керак.

Бундай дастурдан кўзланган мақсад маҳкумларнинг ижтимоий мослашуви ва унда қатнашаётган талабалар учун қимматли тажриба бўлган.

Хабар қилинишича, қотил эрталабки ўқув сессиясида қатнашган ва бир неча семинарда иштирок этган. Уларда у ўз муддатини қандай ўтаганини гапириб берган.

Хон соат 14:00да одамларга ташланган. Унинг нишони конференцияда иштирок этаётган ўқитувчилар ва талабалар бўлган, деб ёзади Daily Telegraph.

Усмон Хонда портлатиб юбораман дея таҳдид қилган портловчи қурилманинг муляжи бўлса ҳам, конференцияда иштирок этаётган шахслардан бири— собиқ маҳкум уни тинчлантиришга ҳаракат қилган.

Times’га кўра, у 2004 йилда бир аёлни ўлдиргани учун 15 йилга қамалган 42 ёшли Жеймс Форд эди. Унинг озод бўлиш муддати яқинлашиб қолган ва шу конференцияда қатнашиш учун унга жавоб берилган экан.

Шундан сўнг Хон Лондон кўпригига чопиб чиққан, уни у ерда бир неча киши қуролсизлантириб, ерга ётқизишган.

Британия полициясининг аксилтеррорчилик бўлинмаси раҳбари Нил Басу ҳужум қилган шахснинг мотивлари ҳалигача аён эмаслиги, бироқ полиция содир бўлган воқеани теракт ўлароқ баҳолашини айтиб ўтган.

Ваҳима ва ўткинчиларнинг қаҳрамонлиги

Лондон-бриж Британия пойтахтининг гавжум молиявий ва туристик марказида жойлашган. Икки йил муқаддам бу ерда йирик теракт содир бўлган, саккиз киши ҳалок бўлиб, элликка яқин инсон жароҳатланганди.Жума куни воқеа юз бергач, ижтимоий тармоқларда полициячилар бир одамни бошқаларидан ажратиб олиб, отиб ташлагани тасвирланган видеолар тарқала бошлади.

Жиноятчини тўхтатган йўловчиларни Британия матбуоти оддий қаҳрамонлар деб атаган
Фото: Reuters

Бошқа видеода шу одам кўприкдаги йўлкада қимирламасдан ётгани, полициячилар уни йигирма метрлардан туриб нишонга олаётгани тасвирланган.

Бундан ташқари, бу шахс билан курашга киришганлардан бири ҳужум қилган шахсдан тортиб олинган пичоқ билан чеккага югуриб кетаётгани кадрларга муҳрланган.

BBC’нинг ўша пайт кўприкда тасодифан бўлган мухбири Жон Макманусга кўра, у аввал бир гуруҳ эркаклар муштлашгани — бир шахсни тинчлантиришга ҳаракат қилишганини кўрган.

Шундан сўнг дарҳол полиция етиб келган, одамлар кўприкдан қоча бошлашган, аввал иккита ўқ овози янграган, сўнгра яна бир неча марта ўқ узишган.

«Рус рулеткаси»

Британиянинг терроризмга қарши курашиш миллий департаменти собиқ раҳбари Крис Филлипсга кўра, бу воқеадан сўнг ҳуқуқ тизими қайта кўриб чиқилиши керак.

«Биз одамларни қамоқхоналардан чиқарамиз. Биз одамларга оғир жинояти учун жазо тайинлаймиз, кейин эса улар радикаллашувдан халос бўлмасдан туриб озодликка чиқарамиз, — деган Филлипс. — Шундан кейин қандай қилиб полиция ва махсус хизматлардан хавфсизлигимизни таъминлашни талаб қилишимиз мумкин?»

«Биз ўзимизга маълум радикал жинотчиларнинг кўчалар эркин сайр қилиб юришига шароит яратиб, инсонлар ҳаёти билан рус рулеткаси ўйнаяпмиз», — деган аксилтеррорчилик хизматининг собиқ раҳбари.

Шанба куни воқеа жойига Британия бош вазири Борис Жонсон борган. У воқеа жойига тўрт дақиқада етиб келган полициячиларни мақтаган.

Фото: Getty Images

Жонсон оғир жиноятлар содир этгани учун судланганларни муддатидан аввал озод қилиш тизими керакли натижаларни бермаётганини айтиб ўтган. Бош вазир оғир жиноятлар учун жазони қатъийлаштиришини ваъда қилган ва бундай жиноятчилар учун автоматик мудаттидан аввал озод қилиш амалиётини бекор қилиш кераклигини айтиб ўтган.

Қиролича Елизавета II ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзия изҳор қилиб, ҳуқуқ-тартибот органларига жонбозлиги учун ташаккур билдирган.

Лондон мэри Содиқ Хон яқин кунлар ичида Англия пойтахтида патрул қўриқлаш хизмати кучайтирилиши, кўчаларда қуролланган полициячилар пайдо бўлишига ваъда берган.

Мавзуга оид