Иқтисодиёт | 17:10 / 06.12.2019
19075
3 дақиқада ўқилади

Мубин Мирзаев: «Бундан буёғига хоҳлаган корхонани хоҳлаганча текшириш бўлмайди»

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишга тайёрланаётган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси лойиҳасига киритилаётган ўзгаришлар, уларнинг мазмун моҳиятига бағишлаб Қонунчилик палатаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий мажлис Қонунчилик палатасига киритилган ва жорий йилнинг 26 ноябрида биринчи ўқишда депутатлар томонидан концептуал тарзда қабул қилинган, айни пайтда эса сиёсий партиялар фракциялари ҳамда қўмиталар йиғилишларида кечаётган муҳокамаларда маромига етказиляпти.

Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев Солиқ кодекси лойиҳасида айтиб ўтилган таҳлика-таҳлил дастурида 3та сегментга ажратиш қандай асосларда амалга оширилиши тўғрисидаги саволга жавоб берди.

«Бундан буёғига хоҳлаган корхонани хоҳлаганча текшириш бўлмайди. Бизда Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва халқаро молиявий институтлар орқали унинг дастури ишлаб чиқиляпти. Ҳозир 430 мингта корхонанинг тест синови натижасида 47та мезон асосида дастурнинг ўзи қайси корхона яшил йўлакча, сариқ ёки қизил йўлакчага тушишини аниқлаб чиқади. Бирор бир солиқ органи аралашиб, уни йўлакчаларга ўзи жойлаштирмайди. Яъни мезонларни, маълумотларни киритади, дастурнинг ўзи аниқлаб беради», дейди Мубин Мирзаев.

У таҳлика-таҳлил дастури ҳозирда тест режимида экани ва 15 декабргача уни такомиллаштириш жараёнлари амалга оширилиши, 1 январгача тўлиқ ишга туширилиши кўзда тутилганини айтиб ўтди.

Мирзаевнинг сўзларига кўра, дастур иккита принципда бўлади.

«Солиқ қўмитасининг ўзида бу дастур кичик ва ўрта корхоналар асосида ишлайди, Йирик солиқ тўловчилар инспекциясида алоҳида дастур бор, у йирик солиқ тўловчиларга. Уларнинг мезонлари бир-бирига тўғри келмайди. Йирик солиқ тўловчилар учун бошқа мезон, кичик ва ўрта корхоналар учун бошқа мезон», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ солиқ тўловчилар учун енгилликлар тўғрисида маълумот берилган эди.

Мавзуга оид