Жамият | 17:40 / 06.12.2019
13280
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қайси ҳудудларда ишсизлик даражаси юқорилиги маълум қилинди

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Бугун, 6 декабрь куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги йиллик ҳисоботига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Вазирлик бошқарма бошлиғи Шуҳрат Пўлатов ишсизлик даражаси қайси вилоятларда юқорилиги ҳақида маълумот берди.

«Айни вақтда Ўзбекистонда 57 минг 775 нафар фуқаро ишсизлиги аниқланган. Андижон, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида ишсизлик даражаси нисбатан юқори. Биргина Андижон вилоятида 4 минг 498 нафар ишсиз фуқаро рўйхатдан ўтган.

Ишсизлик даражасини камайтириш мақсадида бу ҳудудлар: Андижонда 30 мингдан ортиқ, Қашқадарёда 24 мингдан зиёд, Самарқанд вилоятида салкам 35 мингта иш ўринлари яратилди. Меҳнат бозоридаги талаб ва таклифлардан келиб чиқиб, шу йилда илк марта давлат буюртмаси мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Унга кўра, 2019 йилда 370 мингта янги иш ўрни ташкил этиш ва 182 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш вазифаси қўйилди. Жорий йилнинг 10 ойи давомида эса республикада 304,5 мингта иш ўринлари жорий этилган», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазирлик бошқарма бошлиғи Темур Маҳмудовнинг қўшимча қилишича, меҳнат органларига мурожаат қилган фуқароларга иш топиб бериш имконияти бўлмаса, улар ишсиз ҳисобланади ва ишсизлик нафақаси тўлаб берилади. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, биринчи марта иш қидираётган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 фоизи, 1 йилдан ортиқ ишсиз юрганларга 100 фоизи берилади. Бу йил ишсизлик нафақалари бериш миқдори 4-5 бараварга ошди.

Мавзуга оид