Жамият | 12:00 / 10.12.2019
21537
3 дақиқада ўқилади

Вобкентдаги абгор кўприк тузатилиши сўралганда у ерда ҳаракат тақиқлаб қўйилди холос — фото

Таҳририятга Бухоро вилоятининг Вобкент туманидаги «Ўзбакон» маҳалласида жойлашган Аму-Бухоро канали устидаги кўприкнинг абгор ҳолати ҳақида мурожаат келиб тушди.

«Ушбу кўприк икки туман — Бухоро ва Вобкент туманларини боғлайди: ҳар куни минглаб одам ўтади. Мактаб, касалхона, дегандай.

Лекин кўприкнинг аҳволи жуда-жуда хавфли. Қўрқадиганим — ўзим шаҳар марказида ишлайман, икки фарзандим мактабга қатнаш учун кунига камида икки бор шу кўприкдан ўтади. Худо кўрсатмасин, агар... Ўйлашгаям қўрқасан киши.

Кўприк аҳволини яхшилаш на раҳбарлар, на ҳозирги амалдаги депутатлар, на номзодларнинг хаёлида бор. Ваҳоланки, канал йилнинг камида 250 кунида важоҳат билан тўлиб оқади.

Аҳоли томонидан мутасадди раҳбарларнинг ҳаммасига мурожаат қилинган. Ёзишмалар ҳам бор.

Мурожаатлардан сўнг мутасадди раҳбарларлар суратда тасвирланганидек, кўприк олдини тупроқ билан тўлдириб (ҳеч ким ўтмасин, деган маънода), ҳаракатланиш тақиқланиши тўғрисидаги йўл белгисини ўрнатиб кетишди, холос. Лекин барибир халқ ўтади. Чунки айланиб келиш учун 5 километрга яқин йўл босиш керак.

Кўприкни тузатиш учун ҳеч қандай ҳаракат йўқ. Ҳомийлик билан қиламиз, десак рухсат беришмайди.

Чекка қишлоқлар дардлари бировни қизиқтирмайди, шекилли», — деб ёзади мурожаатчи.

Ўзи яшаётган маскан аҳолисини қийнаб келаётган масала ҳақида маълум қилар экан, мурожаатчи депутатлар сайлови масаласига ҳам тўхталган: «Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларини чекка қишлоқлардаги аҳоли турмуш тарзини ўрганиш, халқ орасига кириб бориш учун ҳар ойнинг 10-санасида вилоятлардаги аҳволни ўрганиш учун аниқ топшириқлар берганди. Лекин 5 йил аввал йўқолиб кетган депутатлар энди пайдо бўлишяпти. Шунда ҳам фақат марказлардаги коллеж ва мактаблардаги учрашувларда.

Сизларга жўнатган фотосуратлардаги ҳолат мавжуд қишлоқларга биров қадам қўймайди. Кимга овоз беришниям билмайсан киши».

Kun.uz таҳририяти мавжуд аҳволни Бухородаги мутасадди идоралар эътиборига ҳавола этади ва уларнинг бу борадаги жавобини кутиб қолади.

Мавзуга оид