Жаҳон | 20:25 / 11.12.2019
32608
7 дақиқада ўқилади

Глобал гегемон бўлиб қолиш ёки дунё иқтисодиётини парчалаб ташлаш – Хитой қайси йўлдан боради?

Хитойнинг иқтисодий ўсиши ва унинг иш олиб бориш усуллари дипломатик, савдо ва технологик алоқаларни хавф остида қолдиряпти, деб ёзади Financial Times.

Октябрь ойида Хитой Халқ Республикасининг 70 йиллик байрами тантаналарига бошчилик қилган Си Цзиньпин анча кўтаринки кайфиятда эди.

«Беш минг йилдан ортиқроқ шавкатли тараққиёт йўлини босиб ўтган мамлакатимиз келгуси икки асрлик мақсадларига эришиш ва буюк Хитой миллий янгиланиш орзусини амалга ошириш йўлида ҳам ўз тарихи солномасига яна бир ёрқин зарварақни битиб қўяжак», – деди республика етакчиси.

ХХР ташкил топганининг 70 йиллиги тантаналари. Пекиндаги Тиананмен майдони, 2019 йил 1 октябрь
Фото: AFP

ХХР раисида бундай баланд нотада гапириш учун сабаблар етарлича. Хитойнинг 14 триллион долларлик иқтисодиёти фақат АҚШдан ортда қоляпти. Standard Chartered`га кўра, Хитой харид қобилияти паритети бўйича келаси йилнинг ўзидаёқ биринчи ўринга чиқиб олади. Ўртача ҳисоб-китобларга қараганда, Хитой иқтисодиёти 2030 йилда АҚШдан ўзиб кетиши кутиляпти.

McKinsey консалтинг фирмасига кўра, Хитой – дунёда энг кўп товар айирбошловчи мамлакат. Бу йилги Global Fortune 500`га киритилган субъектларнинг 20 фоизидан кўпроғи – Хитой ва Тайван компанияларидир.

Қолаверса, Хитой – тўғридан тўғри инвестиция киритиш ва жалб этиш бўйича энг юқори кўрсаткичга эга икки давлатдан бири; тадқиқот ва ишланмалар учун маблағ ажратиш бўйича эса дунёда иккинчи ўринда туради – ўтган йили бу йўналишда қарийб 300 млрд доллар сарфланган.

Халқаро ташкилотлар бошқарувида ҳам ушбу мамлакат вакиллари етарлича. Масалан, Халқаро телекоммуникациялар иттифоқини хитойлик мулозим бошқармоқда; ўтган йилга қадар Интерпол раҳбари ҳам хитойлик эди.

Бир пайтлар гаджетларнинг арзон кўчирма вариантларини ишлаб чиқариб юрган Хитой ҳозир технологиялар борасида АҚШ билан рақобатлашмоқда. Бу эса сунъий идрок, бешинчи авлод телекоммуникация тармоқлари каби соҳаларда қуролланиш пойгасини юзага келтирди.

«Хитой ва дунё ўртасидаги ўзгараётган муносабатлар марказида, катта эҳтимолки, технологиялар турибди», дея қайд этилган Хитойнинг халқаро алоқалари тўғрисидаги McKinsey ҳисоботида.

Ҳисоботга кўра, бошқа мамлакатлар Хитойнинг глобал савдога қаратаётган эътиборини сусайтириб, ўз ички бозорини ўстиришга кўпроқ аҳамият бера бошлайдими-йўқми, деган саволга жавоб қидиришмоқда.

Тадқиқотда келтирилишича, Хитойнинг ўсиши ва ишлаш усуллари халқаро миқёсда ўзига хос тўлқин ҳосил қилган бўлиб, бу тўлқин халқаро муносабатларга таҳдид солиб, савдо алоқалари, технология ва капитал оқимига хавф туғдирмоқда.

Мамлакат бу тенденцияни тўхтатиб, глобал иқтисодиёт билан интеграциялашувга қайтадими ёки ҳозиргидек дунёдан узила бориши охир-оқибат буткул ажралиб кетишига олиб келадими – айни шу савол сўроқ остида қолмоқда.

Агар воқеалар ривожи иккинчи вариантдагидек тус олса, бунинг натижасида икки қутбли жаҳон иқтисодиёти вужудга келади: Хитой бир томонда, дунёнинг қолган қисми иккинчи томонда. Интернетдаги бўлиниш («splinternet») ҳам шу тарзда рўй берган эди.

Буэнос Айресдаги G20 саммити, 2018 йил

Хитой-Америка савдо уруши ва тарифларнинг ошиши глобал логистика занжирлари узилиши хавфини келтириб чиқармоқда, чунки ишлаб чиқарувчилар Жануби-шарқий Осиё ва бошқа жойлардаги арзонроқ қирғоқларни афзал кўряптилар. Технологик курашнинг кенгайиши ва миллий хавфсизлик борасидаги хавотирлар электрон чиплар ва бошқа соҳа ишлаб чиқарувчиларини қора рўйхатга киритилган Хитой компаниялари билан ҳамкорлик қилишда эҳтиёткор бўлишга ундамоқда. Масалан, АҚШ ташувчиларига Huawei`дан таъминотчи сифатида фойдаланиш тақиқланган.

Бироқ Американинг ўз технологик гигантлари (уларнинг кўпчилиги узоқ вақтдан буён Хитой компанияларини интеллектуал мулк ўғрилиги ва нотенг ўйин қоидаларида айблаб келади) тақиқларга салбий реакция билдиргани улар Хитой бозорига киришни қанчалик хоҳлашини кўрсатади. Тақиққа қарамай, ноябрь ойида Huawei`га АҚШ компаниялари билан ишлаш ҳуқуқини берувчи лицензия муддати учинчи марта узайтирилди.

Фото: Lluis Gene/AFP/Getty Images

Huawei`нинг қора рўйхатга туширилиши атрофидаги воқеалар қандай ривож топиши технологик соҳадаги алоқаларнинг келажагини белгилаб беради. Таҳлилчиларнинг фикрича, тўғридан тўғри тақиқ жорий этилган тақдирда Хитой ўзини ўзи таъминлаш бўйича ҳаракатларини фаоллаштириб, америкалик ўйинчиларни 1,4 миллиардлик бозордан чиқариб юборишга мажбур бўлади, натижада Америка ўз дарвозасига ўзи гол урган бўлиб чиқади.

Албатта, ён бериш эшиклар очиқ қолишини кафолатламайди. Хитой авиаташувлар, меҳмонхона хизматлари ва киносаноат кабиларда ҳам ўз қудратини намойиш этиб улгурган – ўз пайтида бу соҳалар ҳам индамай рози бўлиш ёки исён қилишдан бирини танлашига тўғри келган эди.

Масалан, Американинг Marriott International меҳмонхоналар тармоғи ва Хитой ҳукумати ўртасида рўй берган воқеани олайлик. Меҳмонхона онлайн мурожаат формаларидан бирида ўзини ўзи идора этувчи орол – Тайванни алоҳида мамлакат деб кўрсатган, бунинг ортидан «миллий қонунларни қўпол равишда бузиш ва Хитой халқининг дилига озор етказиш»да айбланган эди. Шундан сўнг меҳмонхоналар тармоғи узр сўраб, онлайн формага ўзгартириш киритган.

Фото: Mark Schiefelbein/AP

Бошқалар эса осонликча узр сўраб қўя қолишгани йўқ – Американинг South Park мульткомедияси шулар жумласидан. «Хитойдаги гуруҳ» номли эпизодда мамлакатдаги цензура сатира қилинган, шундан сўнг шоу продюсерлари Twitter`да ёлғондакам кечирим сўраб чиқишди. «NBA каби биз ҳам Хитой цензориларини қучоқ очиб кутиб оламиз. Биз ҳам эркинлик ва демократиядан кўра кўпроқ пулни яхши кўрамиз. Энди ҳаммаси жойидами?»

Шунга қарамай, Хитойга қарши туриш учун карикатурачиларнинг довюраклиги кифоя эмас. Бутун дунёга хизмат қилишни истайдиган трансмиллий корпорациялар Хитойга оид масалаларда эҳтиёткорлик билан қадам ташлаши лозим.

Яна бир масала – Хитойнинг иродасига бўйсунган компанияларнинг бошқа жойлардаги фаолияти ижобий давом этмаслиги эҳтимоли. Айтайлик, миллениаллар авлоди уларнинг наздида номақбул қарор қабул қилган компанияларнинг кроссовкалари ёки фильмларидан юз ўгириши эҳтимолдан холи эмас.

Агар дунёнинг қолган қисмидаги истеъмолчиларнинг бутун бошли бир авлоди бу маҳсулотларни бойкот қилса, Хитой бозорига кириш ҳам у қадар жозибадор бўлмай қолиши мумкин.

Россия ва Хитой ажралмас шерикка айланяптими? Шарқ гигантлари муносабатидаги тўртта муҳим нуқта

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид