Ўзбекистон | 11:40 / 14.12.2019
41601
2 дақиқада ўқилади

«Ҳеч кимнинг ички ишлар ходимларини қонунчиликни бузишда асоссиз айблашга ҳақи йўқ». ИИВ вакили сенаторнинг сўзларига муносабат билдирди

Азизбек Икромов ва Фаррух Дадахўжаев/ Фото: KUN.UZ

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг жорий йил 13 декабрда бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида, қўмита раиси, сенатор Фаррух Дадахўжаев йўллардаги патруль постлари фаолияти юзасидан тўхталиб, хусусан, катта йўллар бўйидаги патруль постларининг ҳар бири криминалнинг уяси экани, ноқонуний постлар борлиги ҳамда йўл бўйларида «Stop» белгисини қўйишда ноқонунийликлар кузатилиши ҳақида фикр билдирган эди.

ИИВ ахборот хизмати муносабатида айтилишича: «бундай субъектив ёндашув Фаррух Дадахўжаев томонидан илгари ҳам, профилактика инспекторларининг хизмат машиналарига бензин қуйиш новвойчиларга қолиб кетган, деб билдирган фикрида ҳам кузатилган эди».

Ўз навбатида, ички ишлар вазирининг ўринбосари Азизбек Икромов қуйидагича изоҳ берган:

Ички ишлар органларининг асосий вазифалари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилишдан, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашдан, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборатдир.

Халқ посбони бўла туриб, ҳуқуқбузарлик содир этган ҳар қандай ходим қатъий жавобгарликка тортилади. Бироқ, ҳеч кимнинг ички ишлар органи ходимларини қонунчиликни бузишда асоссиз айблашга ҳақи йўқ.
 
Мутасадди раҳбарлардан оммавий ахборот воситаларига баёнот беришда аниқ фактларга асосланишларини ва ноўрин ҳамда ҳақоратомуз гаплардан қочишларини талаб қиламан. 

Шунингдек, «Тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланган» («Stop») белгисини ўрнатилиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 1-иловасида аниқ белгилаб қўйилганлигини, ички ишлар органлари эса белгиланган тартибни ижрочиси эканлигини эслатиб ўтмоқчиман, дейди Азизбек Икромов.

Мавзуга оид