Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Маҳаллий бюджет бўйича прогнозлар бажарилмаса нима бўлади? Молия вазирлиги расмийси билан суҳбат
Жорий йилнинг 9 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти 2020 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу Ўзбекистон тарихида илк марта: яъни, давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ахборотлар батафсил баён этилган ҳолда илғор стандартларга мувофиқ тайёрланган қонун билан тасдиқланди.
Шу қонун ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлиш ва қатор саволларга жавоб олиш мақсадида Молия вазирлиги бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Шерзод Муҳамедов билан суҳбатлашдик.
— 2020 йилда маҳаллий бюджетлар, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадлари қандай шакллантирилади?
— Ушбу қонун билан бюджет тизимига киритилаётган асосий ўзгартиришлардан бири бу маҳаллий бюджетлар ваколатлари ўзгаришидир. 2020 йилдан бошлаб маҳаллий бюджетларга ўзларининг бюджетларини тузишда, шакллантиришда ва тасдиқлашда тўлиқ мустақиллик берилмоқда. Эндиликда улар ўз бюджетларини мустақил равишда шакллантиради ва тасдиқлайди. Мисол учун, ушбу қонунга мувофиқ, маҳаллий бюджетларнинг даромад ва харажатлари фақат маълумот учунгина кўрсатиб ўтилган. Уларга қолдириладиган солиқ турлари эса қонун билан алоҳида тасдиқланган. Яъни қайси солиқ тури, қанча миқдорда қайси ҳудудда қолдирилади? Маҳаллий бюджетлар, маҳаллий ҳокимликлар томонидан эндиликда ушбу қолдирилган солиқлардан келиб чиққан ҳолда ўзларининг бюджетлари мустақил шакллантирилади ва республика бюджетидан ажратилган трансфертларни қўшган ҳолда бюджетлари баланслашган ҳолда тасдиқланади. Мисол учун, 2019 йилда ҳам маҳаллий бюджетлар фақатгина республика бюджетидан, яъни Ўзбекистон Республикаси президенти қарори билан тасдиқланган маблағларни шунчаки расмиятчилик учун қайта тасдиқлаган, холос. Эндиликда эса ушбу механизм йўқолиб, улар ўзлари қанча даромад шакллантирса, шунга мос равишда харажатларни ҳам режалаштиришлари мумкин бўлади.
— Тасдиқланган бюджет маблағлари етмаган ҳолларда қандай йўл тутилади? Маҳаллий бюджетларга.

— Тўғри, бўлиши мумкин. Масалан, бугунги кунда бирламчи харажатлари ва инвестиция харажатлари Молия вазирлиги томонидан прогноз қилинган ва уларга етарли даражада солиқ турлари қолдириб берилган. Маҳаллий бюджетларга шундай ваколатлар берилмоқдаки, ушбу солиқларни агар эндиликда бизнинг прогнозлардан бошқачароқ тарзда прогноз қилсалар, улар ўзларининг даромадларини оширишлари мумкин бўлади. Шунга мос равишда харажатларни ҳам оширишлари мумкин бўлади. Лекин бу ерда бир нарсани унутмаслик лозимки, ушбу прогноз қилинган даромадлар келгусида тушмаслиги мумкин. Агар ушбу даромадлар маҳаллий бюджетларга келиб тушмаса, яъни Молия вазирлиги томонидан қилинган прогнозлардан ортиқча миқдорда режалаштирилган маблағлар маҳаллий бюджетларга келиб тушмаса, улар шунга мос равишда ўз харажатларини ҳам қисқартиришлари керак бўлади. Аксинча Молия вазирлиги томонидан прогноз қилинган кўрсаткичлар ҳам тушмаса-чи? Унда нима бўлади? Агар маҳаллий бюджетларга бизнинг прогнозларимиз бажарилмаса, яъни уларга етарли даражада даромадлар келиб тушмаса, улар харажатларни қисқартиришга ҳаракат қилади.
Агар харажатларни қисқартириш имкониятлари бўлмаса, Молия вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамасига қўшимча трансфертлар ажратилишини сўраб мурожаат қилади. Шунга мос равишда келгусида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қўшимча трансфертлар миқдори ажратилиши кўриб чиқилади.
— Қонун лойиҳаси муҳокамалари давомида кўп кўтарилган масалалардан бири давлат дастурлари, яъни «Обод қишлоқ», «Ёшлар – келажагимиз» каби давлат дастурларига бюджетдан маблағ етмаётгани масаласи ҳам кўтарилганди. Бу ҳам келаси йил бюджет маблағларида ўз аксини топганми, яъни келаси йил бюджет маблағларида режага киритилганми?
— Албатта. Етишмаётган маблағларнинг аксарият сабабини кўрадиган бўлсак, ушбу маблағлар жорий йил давомида қўшимча амалга оширилган ишлар ҳисобига келиб чиқмоқда. Яъни инвестиция дастури. Масалан, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» турли дастурлар бўйича қурилиши керак бўлган, қилинадиган ишлар ҳар йили инвестиция дастурига мувофиқ алоҳида тасдиқланади. Ушбу тасдиқланган маблағлар доирасида Молия вазирлиги томонидан жорий йилда ҳам зарур маблағлар ажратилган ва бунга қўшимча равишда даромадларнинг режадан орттириб бажарилган қисми ҳисобидан ҳам қўшимча 5 трлн сўм миқдорида маблағ ажратилди. Бироқ қўшимча қурилиш ишлари ва капитал қўйилмаларга харажатлар миқдорини манбаси мавжуд бўлмаган ҳолда оширилиши натижасида ушбу кредитор қарздорликлар вужудга келмоқда. Ушбу юзага келаётган кредитор қарздорликлар биринчи навбатда маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланиши зарур бўлади. Яъни ушбу маблағлар маҳаллий ҳокимликларнинг қўшимча амалга оширилган ишлари, қўшимча равишда инвестиция дастурига киритилган объектлар, лойиҳалар бўлиб ҳисобланиб, бугунги кунда эндиликда ушбу маблағларни қоплаш маҳаллий бюджетларнинг даромадлар режасидан орттириб бажарилган маблағлари ҳисобига биринчи навбатда амалга оширилиши таклиф этилади.
— 2020 йилда умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларининг биринчи ва иккинчи гуруҳ харажатлари республика бюджетидан молиялаштирилиши кўзда тутилган. Авваллари маҳаллий бюджетлардан молиялаштирилган ушбу харажатлар нима учун республика бюджетига ўтказилди?
— Мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари биринчи ва иккинчи гуруҳ харажатларига келадиган бўлсак, маҳаллий бюджетларнинг аксарият харажатлари умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларига тўғри келади. Бугунги кунда бизга кўплаб мурожаатлар келиб тушдики, туман шаҳарларда умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида иш ҳақларини ўз вақтида олмасликлари ва иш ҳақларини олиш муддатларининг кечикиши тўғрисида кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатлардан ташқари, эндиликда Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги томонидан ўзларининг ташкилотлари сиёсатини мустақил юритишлари ва ходимлар иш ҳақларини ўз вақтида олишларини таъминлаш мақсадида ушбу харажатлар туман, шаҳар бюджетларидан республика бюджетига ўтказилмоқда.
— Бюджетни амалга оширишда бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш чоралари кўрилганми ва у қандай амалга оширилади?

— Ушбу қонунга мувофиқ, бюджет жараёни шаффофлигини, очиқлигини таъминлаш, очиқлигини янада ривожлантириш мақсадида бир қатор меъёрлар киритилган. Бугунги кунда Молия вазирлиги ҳузурида openbudget.uz портали ишламоқда. Ушбу ахборот портали орқали сиз давлат бюджетига тааллуқли маълумотларни олишингиз мумкин бўлади. Бундан ташқари, 2018 йилдан бошлаб «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашрини чоп этиб келмоқдамиз. Хусусан, жорий йилнинг ноябрь ойида 2020 йил давлат бюджети лойиҳаси юзасидан фуқаролар учун ахборот нашри ҳам чоп этилган. Эндиликда маҳаллий бюджетларнинг ҳисобдорликларини ошириш бўйича ҳам улар ўзларининг амалга оширган харажатлари ва ҳар бир ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчиларига ажратилган маблағлар, улар томонидан келгусида амалга ошириладиган харажатлар ва унинг натижаларини маҳаллий ҳокимликлар ва ўзларининг расмий веб-сайтларида доимий равишда эълон қилиб боришлари лозим бўлади.
Бундан ташқари, республика бюджетидан маблағ олувчи вазирлик ва идоралар эндиликда Олий Мажлис палаталари олдида республика бюджетидан ажратилган маблағларнинг ишлатилиши тўғрисида ҳисобот беришлари лозим бўлади. Яъни ушбу маблағлар қайси мақсадларга ишлатилди, бунинг натижасида нималарга эришилди, қайси дастурлар молиялаштирилди. Бу каби ўзларининг соҳаларига тегишли бўлган маълумотлари Олий Мажлис палаталарига тақдим этишлари ва ҳисобот беришлари зарур бўлади. Барча вазирлик ва идораларнинг бирданига ҳисоботларини эшитиш имконияти мавжуд эмас. Бу кўп вақтни ўз ичига олади. Бу чорак якуни бўйича маълум бир график тузилиб, ушбу графикка мувофиқ ҳар чоракда маълум бир вазирлик ва идораларнинг ҳисоботлари эшитиб борилади.
— Давлат божи тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамаси вақтида айрим божларнинг 90 фоизи турли вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига келиб тушаётгани айтилди. Келаси йилдан уларни ҳам тўлиқ бюджетга йўналтириш мўлжалланмоқда. Бу ўша вазирликлардаги ходимларнинг ойлик иш ҳақига қандай таъсир кўрсатади?
— Давлат бюджетига келиб тушиши керак бўлган божларнинг 90 фоизи деган фикрга бироз қўшилолмайман, лекин бу каби ҳолатлар бор. Ушбу ҳолатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида бўлиб ўтган йиғилишларда сенаторлар ва депутатлар томонидан ҳам кўтарилди. Келгуси йилда ушбу маблағларни тўлиқ давлат бюджетига тушириш режалаштирилган. Нега? Халқаро экспертларнинг таъкидлашича, бу каби ҳолат ҳеч қайси давлатда мавжуд эмас. Барча давлатларда вазирлик ва идоралар фақат бюджетдан маблағ олиб, ўз функция ва вазифаларини бажаради. Бизда эса бу каби ҳолатлар бугунги кунда мавжуд. Бюджет маълумотлари, бюджетимизни халқаро тажрибага мослаштириш мақсадида ушбу маблағларни давлат бюджети билан қамраб олиш ва давлат бюджетидан кейингина уларга зарур маблағларни ажратиб бериш механизми жорий этилиши кутилмоқда. Бу уларнинг иш ҳақлари ва бошқа харажатлари камайишига олиб келади деб ўйламайман. Бугунги кунда улар амалга ошираётган харажатларини сақлаб қолиш ва фақатгина давлат бюджети орқали амалга оширилиши механизми жорий этилиши кўзда тутилмоқда.
— Бюджет ваколатлари тақсимланиши бюджетни амалга оширишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига ҳам катта масъулият юклайди. Жойлардаги раҳбарларда иқтисод, молия, бюджетни бошқариш кўникмаларини ривожлантириш борасида Молия вазирлиги қандай ишларни амалга ошириши режалаштирилган?
— Маҳаллий ҳокимликлар ўз бюджетларини мустақил равишда шакллантирса, келгусида улар бюджет ташкилотларининг иш ҳақлари ва коммунал тўловларнинг тўланишига ҳам бевосита жавобгар ҳисобланади. Мисол учун, бирор бюджет ташкилотига иш ҳақи кам режалаштирилган бўлса, йилнинг охирига бориб иш ҳақи етмай қолиши мумкин. Бунинг натижасида маълум бир ходимлар иш ҳақини ўз вақтида ололмайди. Бундай ҳолатларда эса келгусида маҳаллий бюджетлар томонидан Молия вазирлигига қўшимча маблағ сўраб, мурожаат этиш механизми эндиликда бекор бўлмоқда. Яъни маҳаллий ҳокимликлар ўз бюджетларини мустақил шакллантирганларида биринчи навбатда иш ҳақи, унга тенглаштирилган тўловлар, коммунал тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа биринчи даражали харажатлар учун маблағларни режалаштиришлари зарур бўлади. Ундан сўнг эса дастурлар ва бошқа харажатларни режалаштиришлари лозим бўлади.
— Сиз юқорида айтган ҳолатлар, яъни иш ҳақлари ўз вақтида тўланмаслиги ҳолатлари юзага келмаслиги учун маҳаллий бюджетни бошқарувчи раҳбарларга, яъни маҳаллий ҳокимликларга муайян кўникмалар керак бўлади. Бу борада ҳам улар билан ишлар олиб бориладими?
— Бу борада ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 28 ноябрь куни Бош вазир ўринбосари ва Молия вазири ўринбосари Жамшид Анварович раҳбарлигида барча туман, вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, солиқ органлари раҳбарлари иштирокида видеоселектор бўлиб ўтди. Уларга ушбу қонун билан амалга оширилаётган ўзгаришлар тўлиқ тушунтириб берилди. Бундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармалари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда ушбу харажатларни тақсимлаш билан шуғулланадиган масъул ходимлар Молия вазирлиги ҳузуридаги ўқув марказига чақиртирилиб, бир кун давомида тўлиқ тушунтириш ишлари ва семинарлар ўтказилди. Ушбу семинарлардан сўнг, Молия вазири ўринбосарлари бошчилигида ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, жорий йилнинг 5-7 декабрь кунлари барча ҳудудларда ўқув семинарлари ташкил этилди. Барча ҳудудлардаги депутатларимиз ва халқ депутатлари, молия, солиқ, ҳокимлик вакиллари ҳамда бевосита бюджет ташкилотларининг ўзлари иштирок этган ҳолда ушбу янгиликлар, ўзгаришларни барчага тўлиқ тушунтиришга ҳаракат қилинди ва тушунтириш ишлари амалга оширилди. Келгусида ҳам бу ишларни давом эттириш режалаштирилган.
Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчи эдимки, эндиликда давлат бюджетининг харажатларига ўзгартириш киритиш тартиби ҳам бирмунча ўзгаради.
Маҳаллий бюджетлар мисолида кўрадиган бўлсак. Эндиликда маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари фақатгина халқ депутатлари кенгашларининг рухсати билан, уларнинг қарорларига мувофиқ йўналтирилади. Яъни халқ депутатлари бирор тадбирни амалга оширишни лозим деб топсалар, қўшимча маблағлар ушбу мақсадларга йўналтирилиши ва маҳаллий туман, шаҳар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизи фуқаролар томонидан билдирилган тадбирларга йўналтирилиши белгилаб қўйилган. Жорий йил давомида туман, шаҳар бюджетларининг камида 10 фоизи фуқаролар томонидан билдирилган тадбирларга йўналтириш механизми ишлади. Кўришимиз мумкинки, биринчи чорак натижаларига кўра кўрсаткичлар унчалик яхши бўлмаган бўлсада, бугунги кунда, яъни иккинчи ва учинчи чоракларга кўра мамлакатимиз фуқаролари ушбу тадбирларда фаол иштирок этишмоқда ва ўзларини тадбирларини билдиришмоқда.
Тадбирлар тугаганидан сўнг бизга қўнғироқлар ҳам бўлмоқда. Маълум бир тадбирга овоз берган эдим, лекин бу тадбир бўлмасдан, бошқа бир тадбирга маблағлар ажратилди деган мурожаатлар бўлмоқда. Бунинг сабабини ўрганиб кўрадиган бўлсак, бу фуқаромиздан ташқари кўпчилик фуқаролар бошқа тадбирни танлаганликлари. Бунинг натижасида туман ва шаҳарларда ташкил этилган ишчи гуруҳлар, шунинг учун бошқа бир тадбирга маблағни йўналтирилганлик ҳолатлари аниқланди. Фуқароларга тушунтириш берилдики, келгусида ҳам бу каби тадбирларда фаол иштирок этинг. Келгусида улар томонидан билдирилган овозлари кўпчиликни ташкил қилса, уларнинг тадбирлари ҳам амалга оширилиши тўғрисида тушунчалар берилди.
Яна бир нарсани таъкидламоқчи эдимки, бу каби республика бюджетидан маблағ ажратиладиган ташкилотларнинг ҳам қўшимча маблағлар ажратиш ёки уларнинг тасдиқланган харажатларига ўзгартириш киритиш тартиби ҳам эндиликда жорий йилга нисбатан бирмунча фарқ қилади. Мисол учун, маълум бир вазирликдан иккинчи бир вазирликка маблағини олиб бериш тартиби аниқ белгиланди ва жами республика бюджети харажатларига ўзгартириш тартиби аниқ белгиланди. Яъни бир вазирликдан иккинчи вазирликка харажатларни ўтказиш жами тасдиқланган харажатларнинг 10 фоизигача Вазирлар Маҳкамаси томонидан, 10 фоиздан юқориси эса Олий Мажлис палаталари томонидан ушбу ўзгартиришлар киритилади. Республика бюджетининг тасдиқланган харажатларига ўзгартириш киритиш эса 3 фоизгача, яъни 5-иловага мувофиқ республика бюджети 100 трлн 800 млрд сўм миқдорида белгиланган. Ушбу маблағнинг 3 фоизигача, яъни 3 трлн сўмгача президент қарорлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ, қўшимча маблағлар мавжуд бўлганда ошириш имконияти мавжуд. Ундан ошган қисмини эса Олий Мажлис палаталарига киритган ҳолда ушбу қонунга ўзгартириш киритиш орқали амалга оширилади.
Мавзуга оид
20:08 / 22.05.2025
Иссиқлик таъминоти объектларини қуришга 500 млрд сўм ажратилди
10:18 / 15.05.2025
Россия федерал бюджетнинг деярли учдан бир қисмини махфийлаштирди
15:03 / 03.05.2025
Трамп АҚШ ҳарбий бюджетини 1 трлн долларгача оширмоқчи
08:10 / 21.03.2025