Жаҳон | 21:53 / 16.12.2019
15717
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда полиция 56 ўзбекистонликка ёрдам кўрсатди (видео)  

15 декабрда Россиядан Ўзбекистонга йўналаётган йўловчи автобуси 56 йўловчи билан “Павлодар-Нур-Султон” автомобил йўлида бузилиб қолди. Бу ҳақда “Казинформ” ахборот агентлиги хабар берди.

Таъкидланишича, қўшни давлат патрул полицияси ходимлари капитан Тулеген Сиддиков ва катта лейтенант Асфандияр Турлибаев патруллаш вақтида йўл четида турган автобусни аниқлашган. Автобусда 2 ҳайдовчи билан бирга 56 киши, жумладан бир бола бўлган. Уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, Россиянинг Томск шаҳридан Ўзбекистонга кетаётган бўлишган. 

Автобус орқа ғилдираги гупчак қисми бузилиб қолгани туфайли бир неча соат  совуқда қолиб кетган.

“Полициячилар барча йўловчиларни ўткинчи машиналарда исиниб олишлари учун яқин орадаги кемпингга жўнатишган”, деб маълум қилинган Павлодар полицияси департаментида.    

Улар, шунингдек, ўзбекистонликларни иссиқ чой ва бўғирсоқлар билан меҳмон қилишган ва носозликни бартараф этишда кўмак кўрсатишган.

16 декабрь туш вақтигача полиция ёрдами билан носозлик бартараф этилган ва Ўзбекистон фуқаролари йўлларини давом эттиришган. Улар кетиш олдидан қозоғистонлик полициячиларга ёрдам учун миннатдорлик билдиришган ва ишларида омад тилаб қолишган.

Таъкидланишича, ўзбекистонликлар жонига аро кирган шу полициячилар аввалроқ шунга ўхшаш вазиятда Қирғизистон ва Тожикистон фуқароларига кўмак кўрсатишган.

Мавзуга оид