ЕТТБ вакили: «ЯИМ табиат ифлосланиши ҳисобига ўсиши керак эмас»
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга давлат ташрифи арафасида 16 декабь куни Токиода икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида бизнес форум ўтказилди.
Форумни бевосита кузатган Kun.uz мухбири тадбир доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакили Камола Маҳмудова билан суҳбатда бўлди.
«Бугун Ўзбекистонда фаолият олиб боришга қизиқиш билдираётган япониялик импортёр ва экспортёрлар учун самарали семинар ўтказилди. Семинарда япониялик тадбиркорларга Ўзбекистон ҳақида тўлиқроқ маълумот берилиб, у ерда бизнес бошлашса, нималарга эътибор бериш кераклиги айтилди.
Бугунги тадбирда қатнашган «Асакабанк», «Ўзсаноатқурилишбанк» ва Миллий банк кабилар жуда яхши таассурот қолдиришди. Раҳбарларнинг ёш, кўп тилда гаплашадиган, замонавий инсонлардан иборатлигини кўриш ёқимли. Уларда ишлаш хоҳиши кўриниб турибди. Бундай инсонлар билан ҳар қандай тадбиркор ишлагиси келади. Мамлакатда бизнесни ривожлантириш учун мана шундай очиқ мулоқотлар керак», – дейди Маҳмудова.
ЕТТБ вакилининг таъкидича, ташкилот «яшил» иқтисодиётни ривожлантиришда Ўзбекистонга кўмак беришга тайёр.
«ЕТТБ «яшил» иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликка тайёр. Яъни биз табиатга зарар етказмайдиган техникаларни олиб киришни молиялаштиришимиз мумкин. Биз ўзимиз имзолаган келишувни доимий назорат қиламиз. Бизнинг капитал эвазига сотиб олинган ҳар бир гайкани ҳам текширамиз ва талабларимизга тўғри келишини назоратга оламиз. ЕТТБ, масалан, энергия ва сувни тежовчи технологиялар олиб кириш лойиҳасини мамнуният билан қўллаб-қувватлайди.
Табиатни авлодларимизга бор ҳолича қолдиришимиз керак. Иқтисод, хусусан мамлакатларнинг ЯИМ табиатни ифлослантириш эвазига ўсиши керак эмас. Менимча, маҳаллий банклар ҳам ўзлари молиялаштираётган лойиҳалар табиатга қанчалик зарар етказиш-етказмаслигини текшириб кўрса, фойдадан ҳоли эмас. Масалан, ЕТТБда бу борада бутун бошли дастур бор.
Форумда банкларни хусусийлаштириш ҳақида ҳам сўз борди. Албатта, бунинг учун аввалига улар йирик трансформациядан ўтишлари керак. Бу борада ЕТТБ бой тажрибага эга. Аввалига трансформация жараёнида, сўнг эса хусусийлаштиришда ҳамкорлик қилиш бўйича Ўзбекистондаги айрим банклар билан музокаралар олиб боряпмиз. Қайси банклар эканини очиқлашга ҳали бироз эрта, деб ўйлайман», – дейди Камола Маҳмудова.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 17-20 декабрь кунлари Япония бош вазири Синдзо Абэнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан кунчиқар юртда бўлади.
Ташриф якунлари бўйича умумий қиймати 6,5 миллиард долларни ташкил этувчи 48та ҳужжат имзоланиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
18:58
Германия Ўзбекистонга «яшил» иқтисодиёт учун яна 3 млн евро грант ажратади
20:00 / 13.11.2024
«Ўзтемирйўлконтейнер» АЖнинг 35 фоиз акциялари 200 млрд сўмга сотилди
19:11 / 04.10.2024
Tashkent city ҳудудидаги банклар биноларини сотиб олишга 4 инвестор қизиқиш билдирди – Давактив
19:55 / 12.09.2024