Жамият | 14:40 / 18.12.2019
46323
6 дақиқада ўқилади

«Бу саунами ё спорт залими?» - Урганч туманидаги болалар боғчасининг бир қисмида ноқонуний бино қурилди

Хоразм вилояти, Урганч тумани марказидаги 4-сон мактабгача таълим ташкилоти (МТТ ёки халқ тилида «болалар боғчаси») ҳудудининг бир қисмида ноқонуний қурилиш қилинган. Одамлар бу сауна бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

Фото: KUN.UZ

Урганч тумани марказида истиқомат қилувчи аҳоли вакилларининг шикоятига кўра, 4-сон МТТ ҳудудининг бир қисмида тадбиркор томонидан бино қурилган. Ота-оналар қурилманинг мақсади ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилишганида «боғча мудири учун офис», «спорт зали», «гимнастика зали» деган жавобларни олишган. Аммо, сауна қурилмоқда деган миш-мишлар тарқалгач, уларнинг хавотири ошган.

4-сон МТТ 140 ўринга мўлжалланган бўлиб, турар-жойлар, мактаб ва бошқа муассасалар орасидаги аҳоли зич яшайдиган ҳудудда жойлашган. Унинг бир қисмида 1 қаватли, тахминан 50 кв.м. ҳудудда бино қурилгани, ичида пардозлаш ишлари ўтказилаётганини кўрдик. Усталар бино қандай мақсадда қурилаётганини билмасликларини айтишди. Қайд этиш жоизки, бинога кириш-чиқиш эшиги МТТ ҳудудидан эмас, балки ташқаридан очилган.

МТТ мудири Зумрад Кушчановадан қурилма ҳақида изоҳ ололмадик. У «Адолат» социал-демократик партиясидан Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши депутатлигига номзод қилиб кўрсатилган ва сайловга бағишланган йиғилишда экан. МТТ ходимлари эса бу қурилма ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтишди.

Ҳолатга аниқлик киритиш учун Урганч тумани мактабгача таълим бўлими раҳбари Дилфуза Бекиевага мурожаат қилдик. У қурилмадан хабари борлигини, МТТ ҳудуди бир қисмининг шартнома асосида тадбиркорга берилиши Ўзбекистон Республикаси президентининг 3651-қарорида кўзда тутилгани, хусусий шерикчилик асосида, тадбиркор билан шартнома қилингани, бинони қураётган шахс МТТ махсус ҳисоб рақамига ҳомийлик пулини ўтказишини айтди. Бироқ, у ҳам бино қандай мақсадда қурилаётгани ҳақида маълумот бера олмади. Шунингдек, тадбиркор билан тузилган шартнома ҳужжатларини ҳам тақдим қила олмади. Бундан ташқари, шу пайтгача ҳали «ҳомий» томонидан махсус ҳисоб рақамига 1 сўм ҳам ўтказилмагани маълум бўлди.

Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон Республикаси президентининг «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3651-сонли қарори ва «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги» низомда мавжуд давлат мактабгача таълим муассасаларини қайта қуриш ва жиҳозлаш ҳамда кейинчалик оталиққа олиш шарти билан нодавлат мактабгача таълим муассасалари объектларини қуриш учун ер участкаларини бепул тақдим этиш тартиби белгиланган.

Аммо ер участкасини олган хусусий шерик фақат мактабгача ёшдаги болалар учун тўгараклар ва бошқа таълим хизматлари ташкил этиши лозим. Яъни, «болалар боғчаси» ҳудудининг бир қисмини дўкон, устахона, кўнгилочар тадбирлар маскани очиш ва бошқа шунга ўхшаш мақсадларда бериб юборилиши мумкин эмас. Аммо 4-сон МТТ ҳудудидаги бино эшигининг ташқаридан очилгани шунга ишора қилмоқда. Бундан ташқари, ер участкасини олишда хусусий шерик Мактабгача таълим бошқармаси билан битим тузиши, шунингдек, ҳокимликдан ер участкасига бўлган ҳуқуқ бўйича қарор чиқартириб олиши шарт. Аниқлашимизча, 4-сон МТТ ҳудудидаги бино бўйича бундай ҳужжатлар йўқ.

Хоразм вилояти мактабгача таълим бошқармаси раҳбарияти Урганч туманидаги 4-сон МТТ ҳудудидаги қурилишдан бехабарлигини маълум қилиб, ҳолатни ўрганиб чиқиш учун муҳлат сўради. Сўнгра, бу иш бўйича қонун бузилиши ҳолатлари аниқланганини тасдиқлаб, тўпланган ҳужжатлар прокуратурага тақдим қилингани ҳақида ахборот берди.

Сўнгсўз ўрнида. Ўзбекистон Республикаси президентининг «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори аввало мактабгача таълим ташкилотлари моддий техника базасини яхшилашни, болаларнинг таълим ва тарбия олиши учун янги имкониятларни очишни, бунда хусусий шерикчилик асосида, том маънода болаларга меҳр қўйган, келажак авлодни қайғурадиган бақувват тадбиркорлар, ҳомийларни жалб қилишни кўзда тутади. Чунки, бу соҳада катта даромад олиш, қандайдир фойда кўриш ҳам осонмас. Менимча, деярли имконсиз. Шундай экан, қарордаги имкониятлардан фойдаланиб, барча ҳужжатларни тайёрлаб, мактабгача таълим ташкилотларига, болаларга ёрдам қўлини чўзишни истаган, бунга бел боғлаган тадбиркорларни фақат олқишлаш мумкин, уларнинг қонуний фаолиятига ҳеч ким қарши эмас.

Аммо қонунда белгиланган имкониятлар бўйича спекуляция ишлатиб, ўз ваколатини суиистеъмол қилиб, давлат мулкининг ноқонуний равишда бошқа шахсларга бериб юборилишини, юқори турувчи ташкилот эса буни қаттиқ назоратда ушлаш ва олдини олиш ўрнига, бехабар ўтирганини, фақат одамлар шикоят қилиб, матбуотда ошкор бўлганидан сўнг хабар топаётганини қандай тушуниш мумкин?

Агар Мактабгача таълим бошқармаси, унинг бўлимлари ўзига ишониб топширилган давлат мулки қандай тасарруф этилаётганини билмаса, у ҳолда яна қанчадан-қанча МТТ ҳудудидаги ерлар, мулклар кимларгадир ҳеч қандай ҳужжатсиз берилиб, давлат мулки тарқатиб юборилмаётганига ким кафолат беради? Ўйлаймизки, тегишли ташкилотлар, идоралар мана шу саволларга жавоб топиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо ва ўз хулосаларини беришади. 

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид